“Челси” Озарбайжонда дуранг ўйнади, “Манчестер Сити”дан эса ишончли ғалаба

10:43 06 Ноябрь 2025 Спорт
253 0

Кеча, 5 ноябрь куни УЕФА Чемпионлар Лигаси мусобақасининг 4-тур ўйинлари якунланди. Кун доирасида бир қатор қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтди. Ушбу баҳсларга тўхталиб ўтамиз.

Голлар серияси

Турда энг кўп гол киритилган ўйинлардан бири Бельгияда бўлиб ўтди. Унда “Барселона” клуби сафарда “Брюгге” меҳмони бўлди. Очиқ футбол муҳитида ўтган ўйинда жами 6 та гол киритилди.

Мезбонлар УЕФА Чемпионлар Лигасини “Монако” клубини 4:1 ҳисобида мағлуб этиш билан бошлаган, бироқ кейинги 2 турда “Аталанта” ва “Бавария”дан мағлубият қабул қилиб олгандилар. Бу гал ҳам жамоа халқаро мусобақада очко ишлаб олишни уддалади.

“Барселона” эса мавсумни ғалаба билан бошлаган ва 2-турда ўз майдонида ПСЖга мағлуб бўлганди. 3-турда эса “каталонияликлар” “Олимпиакос” устидан йирик ғалабага эришди.

Учрашувда ҳисоб 6-дақиқада меҳмонлар футболчиси Никола Тресолди томонидан очилди. Орадан 2 дақиқа ўтиб, Ферран Торрес ҳисобни тенглаштирди.

17-дақиқада Карлос Форбс яна мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Биринчи бўлим 2:1 ҳисоби билан якунланди.

Иккинчи бўлимда ҳам жами 3 та гол киритилди. 61-дақиқада Ламин Ямаль ҳисобни 2:2 кўринишига келтирди. Орадан 5 дақиқа ўтиб, Карлос Форбс дубльга эришиб, ҳисобни 3:2 га етказди.

77-дақиқада Христос Цолис ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди. Шу тариқа ўйин 3:3 ҳисоби билан якунланди.

“Брюгге” – “Барселона” 3:3

Голлар: Тресолди (6), Форбс (17, 64) — Торрес (8), Ямал (61), Цолис (77, автогол).

“Брюгге”: Якерс, Саббе, Ордонез, Мехеле, Сейс, Станкович, Онидика (Аудор, 84), Ветлесен (87), Форбс (Диахон, 78), Ванакен, Цолис, Тресолди (Верман, 78).

“Барселона”: Шесни, Кунде, Араухо, Гарсия (Кубарси, 90+3), Балде (Мартин, 90+3), Касадо (Олмо, 58), Де Йонг, Ямал, Фермин, Рэшфорд (Баржи, 83), Торрес (Левандовски, 58).

Огоҳлантиришлар: Онидика (32), Кунде (47), Ямал (81), Диахон (81), Фермин (85).

“Манчестер Сити”дан йирик ғалаба

УЕФА Чемпионлар Лигасини мағлубиятсиз ўтказаётган “Манчестер Сити” жамоаси бу гал ўз майдонида Германиянинг “Боруссия Дортмунд” жамоасини қабул қилди.

Мазкур баҳсда биз ўзбекистонлик футболчилар дербисига гувоҳ бўлишимиз мумкин эди. Аммо Абдуқодир Ҳусанов майдонга туширилмади. Иккинчи ўзбекистонлик футболчи эса гол киритишни уддалади.

Учрашувда ҳисоб 22-дақиқада Фоден томонидан очилди. Орадан 7 дақиқа ўтиб, Эрлинг Ҳоланд жамоасининг иккинчи голини киритди. Биринчи бўлим “шаҳарликлар”нинг 2:0 ҳисоби билан якунланди.

Иккинчи бўлимнинг 57-дақиқасида Фоден дубльга эришди ва ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди. 72-дақиқада “Боруссия Дортмунд” ушбу ўйиндаги ягона голини киритди. Ушбу голга 1996 йилнинг 20 июль куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида туғилган футболчи Антон Валдемар муаллифлик қилди.

90+1 дақиқада ўйиндаги сўнгги гол киритилди. Ушбу голга Шерки муаллифлик қилди. Шу тариқа ўйин Пеп Гвардиола шогирдларининг 4:1 ҳисоби билан якунланди.

“Манчестер Сити” – “Боруссия Дортмунд” 4:1

Голлар: Фоден (22, 57), Ҳоланд (59), Шерки (90+1) — Антон (72).

“Манчестер Сити”: Доннарумма, Нунеш, Стоунз, Гвардиол, ОʼРайли (Аит-Нури, 86), Нико, Савинио (Диаш, 79), Рейндерс (Силва, 79), Фоден, Доку (Шерки, 79), Ҳоланд (Мармуш, 86).

“Боруссия Дортмунд”: Кобел, Антон, Шлоттербек, Бенсебайни (Жан, 66), Рюерсон, Нмеча, Забитцер (Гросс, 66), Свенссон, Адейеми (Силва, 81), Байер (Беллингҳем, 66), Гирасси (Чуквуэмека, 66).

Огоҳлантиришлар: Свенссон (15), Савинио (78), ОʼРайли (85).

“Челси” Озарбайжонда дуранг ўйнади

Янги мавсумни клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати бош совринини ютқазиш билан бошлаган Лондоннинг “Челси” клуби учун мавсум бир маромда кетмаяпти. Жамоа баъзан гранд клублар устидан ғалаба қозонаётган бўлса, баъзан унча кучли деб қаралмаган жамоаларга мағлуб бўлмоқда.

Бу гал “аристократлар” таркиб эътибори билан ўзидан 45 марта арзонроқ бўлган Озарбайжоннинг “Қарабоғ” жамоасини мағлуб этишни уддалай олишмади.

Учрашувда ҳисоб 16-дақиқада “Челси” томонидан очилди. Голга Эстевао муаллифлик қилди. Орадан 13 дақиқа ўтиб, Леандро Андраде ҳисобни тенглаштирди. Тайм сўнггида “Қарабоғ” ҳисобда олдинга чиқишни ҳам уддалади — 40-дақиқада “Челси” дарвозасига белгиланган пеналтини Марко Янкович аниқ амалга ошириб, ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди. Биринчи бўлим шу ҳисоб билан якунланди.

Иккинчи бўлимнинг 52-дақиқасида Алехандро Гарначо ҳисобни тенглаштирди. “Лондонликлар” қанча ҳаракат қилишмасин, учрашувда бошқа ҳисоб ўзгармади.

“Қарабоғ” – “Челси” 2:2

Голлар: Андраде (29), Янкович (39, пеналти) — Эстевао (16), Гарначо (53).

“Қарабоғ”: Кохалски, Силва, Янкович, Мустафозода, Андраде (Байрамов, 61), Дуран (Охунзода, 61), Кади (Аддаи, 31), Бикалю, Жафаргулиев (Болт, 75), Медина, Зубир (Кашук, 75).

“Челси”: Санчес, Жеймс, Адарабиойо, Ҳато, Кукурелья, Сантос (Фернандес, 46), Лавиа (Кайседо, 8), Эстевао, Педро (Буонанотте, 71), Гиттенс (Гарначо, 46), Жорж (Делап, 46).

Огоҳлантиришлар: Сантос (44), Жеймс (47), Силва (47), Медина (87), Кайседо (90+1).

“Интер” ўз майдонида ғалаба қозонди

Мавсум бошида чиройли ўйинлар кўрсатиб, УЕФА Чемпионлар Лигасига йўлланмани қўлга киритган Қозоғистоннинг “Қайрат” жамоаси кутилганидек, ушбу турнирда яхши натижалар қайд эта олмаяпти. Бироқ бу турда “олмаоталиклар” Италияда мусобақанинг амалдаги финалчисига ҳақиқий жанг таклиф қила олишди.

УЕФА Чемпионлар Лигасида қатор триумфлар билан келаётган “Интер” бу гал ҳам ғалабани ўз қўлида сақлаб қолди, бироқ катта қийинчилик билан.

Учрашувнинг биринчи бўлимида Қозоғистон клуби ҳимояда деярли бехато ўйнади ва рақибнинг бир неча хавфли ҳужумларини йўққа чиқара олди. Фақатгина тайм сўнггида Лаутаро Мартинес ҳисобни очди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисоби билан якунланди.

Иккинчи бўлимнинг 55-дақиқасида “Қайрат” ҳисобни тенглаштиришга эришди. Голга жамоанинг исроиллик легионери Офри Арад муаллифлик қилди. Орадан 10 дақиқа ўтиб, “Интер“ ғалаба голини урди — бу сафар Карлос Аугусто ўз номини таблога ёздирди. Шу тариқа ўйин 2:1 ҳисоби билан “миланликлар”нинг ғалабаси билан якунланди.

“Интер” – “Қайрат” 2:1

Голлар: Мартинес (45), Аугусто (67) — Арад (55).

“Интер”: Зоммер, Биссек (Аканжи, 80), Де Врей, Аугусто, Думфрис, Фраттези (Сучич, 63), Барелла (Чалхонўғли, 71), Зелински, Димарко, Мартинес (Бонни, 46), Эспозито (Тюрам, 71).

“Қайрат”: Анарбеков, Миринский, Широбоков, Сорокин, Мата, Касабулат (Садибегов, 76), Арад (Байбек, 71), Громко (Тапалов, 46), Жоржинио (Зария, 76), Сатпаев, Эдмилсон (Рикардинио, 71).

Огоҳлантиришлар: Жоржинио (6), Барелла (58).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?