Чегирмадаги маҳсулотлар истеъмолга яроқлими?
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Ҳар йили ёзда минглаб одамлар яроқсиз озиқ-овқатлар билан заҳарланади. Бозорларда сотувчиларнинг ўзи кўпинча савдонинг асосий қоидаларини бузади. Улар озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашнинг ҳарорат режимига амал қилмайди. Маҳсулотларнинг сифати ва келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатга эга эмас. Аксарияти санитария кийимлари ва тиббий маълумотномаларсиз ишлайди. Айниқса, савдо ҳудудларни боғлаб турган автомобиль йўллари яқинида бўлса, озиқ-овқатларга автомобиллардан чиққан чанглар ва чиқинди газлар ўрнашиб қолади. Булар газли ичимликлар ёки ўсимлик мойи ишлатилган бир марталик пластик бутилкаларда сақланади. Сабзавотлар сават ўрнида селофан қопларда сақланади, муддати ўтган мевалар атрофида ҳар хил ҳашаротлар учиб юради. Бу маҳсулотларнинг сифати учун ҳеч ким жавобгар эмас. Аммо харидорлар пулни тежаш учун сотиб олган бир зумлик егулик ёки қўлбола салқин ичимликлар соғлиғи ва ҳамёнига қанчалик зарар келтириши ҳақида ўйламайди. Ачинарлиси, овқатдан заҳарланган одам касалхонага ётқизилса, у йўл яқинида унга овқат ёки ичимлик сотган сотувчининг айбини исботлай олмайди. Чунки сотиб олаётганда яроқлилик муддатига эътибор бермайди, сотувчилар ҳамма нарса янгилигига ишонтиради, аммо бунинг жавобгарлигини бўйнига оладиган савдо чекини бермайди.

— Бузилган озиқ-овқатлар токсинлар ва заҳарларни чиқаради, бактериялар кўпаяди, — дейди Фарғона вилояти санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси овқатланиш гигиенаси бўлими мутахассиси Комилжон Тешабоев. — Жорий йилда мутахассисларимиз томонидан деҳқон бозорларида 130 кг озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолга яроқсизлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда савдодан олиниб ташланди. Юртимизда яроқсиз маҳсулотларни сотиш таъқиқланган. Бунинг учун ҳатто қонунимизда жавобгарлик белгиланган. Лекин инсофсиз сотувчилар юзлаб килограмм бузилган озиқ-овқатларни дўконлар, омборларда сақлаб ўтираверади. Даромадни йўқотмаслик учун ёрлиқларни янги сана билан белгилайди ёки шунчаки қадоқ этикеткасининг орқасида чегирма деб қўяди. Истеъмолга яроқсиз маҳсулотларнинг 90 фоизи шундай сотилади. Баъзан мутахассисларимиз бу ҳолатни аниқлаганда, уни олиб ташлашдан бош тортишади. Олтиариқ, Ўзбекистон ва Бешариқ деҳқон бозорларида қатъий назорат тадбирлари ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Хусусан, Бешариқдаги деҳқон бозорида олиб борилган ўрганишлар жараёнида сотувчиларга тозалик, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиниши бўйича тушунчалар берилди. Олтиариқ туман деҳқон бозорида санитария тартиблари бузилиши ҳолатига барҳам бериш мақсадида савдо расталарида тозалаш ишлари амалга оширилди. Сотувчилар ўртасида тушунтириш-тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, бу борадаги меъёр ва талаблар тушунтирилди.

Муддати ўтган, иссиқ ҳавода тез бузилувчи маҳсулотлар савдосининг олдини олиш бўйича тадбиркорлик субъектларига маълум талаблар қўйилиши тушунтириб ўтиляпти. Гигиена қоидаларига риоя қилиш, махсус кийимларда фаолият олиб бориш, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиш ва хавфсиз савдо қоидалари ҳақида тавсиялар берилмоқда. Аммо уй шароитида консерва маҳсулотлари тайёрлашда зарур технологик жараёнлар, санитария меъёрларига тўлиқ риоя қилинмаяпти. Яқинда Фарғона шаҳар санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлигини асраш бўлими мутахассислари томонидан аҳоли хонадонларида олиб борилган назорат тадбирларида номаълум шароитда тайёрланган 60 литр консерва маҳсулотлари тўкиш йўли билан йўқ қилинди. Марказий деҳқон бозори, савдо мажмуалари ҳамда аҳоли гавжум ҳудудларда сотувга чиқарилган қўлбола салқин ичимликлар савдосига ҳам барҳам берилди.
— Мутахассисларимиз томонидан Қўқондаги «Қўқон Роҳат» болалар соғломлаштириш ҳамда Қувасойдаги «Водий гавҳари» оромгоҳида белгиланган тартибда ўрганиш ишлари олиб борилди, — дейди К. Тешабоев. — Шу тариқа болалар учун яратилган шароитларни ўрганиш асносида озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш, ошхона ва ювиниш хоналарини санитария талабларига мувофиқ тарзда фаолият юритиши юзасидан аниқ вазифалар белгиланди. Таътил даврида болажонларимизни турли касалликлардан асраш масаласи соҳа ходимларининг доимий устувор вазифалари сирасига киритилган.

Ўз ҳақ-ҳуқуқини билган истеъмолчилар албатта, кўчами, дўконми ёки бозорми, харид қилаётган маҳсулотларининг яроқлилик муддатига эътибор беради. Болаларчи?.. Кўча ёки бозорларда сотилмайдиган яроқсиз маҳсулотларни болаларга интернет орқали сотилаётган ҳолатлари ҳам учрамоқда. Яъни бозорда сотилиши чекланган маҳсулотлар ҳуқуқбузар савдогарлар томонидан одамларга қайта сотилмоқда. Қайта-қайта сотилган маҳсулотни харид қилган истеъмолчини заҳарланмаслигига ким кафолат беради? Муддати ўтган ҳар бир маҳсулотни истеъмол қилиш катта хавф ҳисобланади. Манзилсиз савдо нуқталарининг омборхоналаридан тортиб, супермаркетларнинг юкхонасигача маҳсулотлар хавфсиз жойда сақланиши керак. Биз мавзуга яна қайтамиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг