Буюк Британиянинг янги қироли Чарльз III. Бутун умри давомида тожни кутган шаҳзода ҳақида нималар маълум?

07:41 16 Сентябр 2022 Дунё
2605 0

Буюк Британия ва Шимолий Ирландия қироли Чарльз III. Фото: Getty Images

Қиролича Елизавета II вафотидан сўнг унинг ўғли Чарльз Британия тахтига ўтирди. У ҳар доим онасининг соясида эди. Чарльз онаси сингари рекорд ўрнатишга муваффақ бўлди. Гап шундаки, агар Елизавета II қиролликлар ичида энг узоқ ҳукмронлик қилган монархга айланган бўлса, унинг ўғли тож тарихидаги энг кекса меросхўр бўлиши кутилмоқда. Чунки ҳозир Чарльз 73 ёшда. Уэльс шаҳзодаси шахсий драмаларга тўла оғир тақдирга эга ва барча британияликлар унинг тахтда бўлишини қўллаб-қувватламайдилар.

Чапдан ўнгга: қирол Жорж VI, малика Елизавета, Эдинбург герцоги Филипп ва янги туғилган шаҳзода Чарльз.
Фото: PA Images via Getty Images

Меросхўрнинг туғилиши шарафига Вестминстер аббатлигининг қўнғироқлари беш минг марта чалинди, ўқчилар 41 та байрам салвосини отишди.

Унинг бобоси қирол Жорж VI вафот этганида Чарльз ҳали тўрт ёшга ҳам тўлмаган эди. Унинг онаси малика, ўзи эса тахт вориси бўлди. Кейин у бир вақтнинг ўзида бир нечта олий унвонларни олди, шу жумладан герцог ва граф.

Қиролича Елизавета II унинг оиласи, 1951 йил. Фото: Bettmann / Getty Images

Чарльз қиролича Елизавета II ва шаҳзода Филиппнинг тўнғич фарзанди. Синглиси малика Анна ундан икки йил ўтиб туғилган. Ўн йил ўтгач, шаҳзода Эндрю, ўн тўрт йилдан кейин эса шаҳзода Эдуард дунёга келган.

Чарльз дастлаб уйда таълим олади, саккиз ёшида эса ғарбий Лондондаги нуфузли мактаблардан бирида ўқишни бошлаган. Директор ўйин майдонида тенгдошлари томонидан алоҳида муносабатга дуч келмаслигини таъкидлаб, маликага уни футбол дарсларига беришни тавсия қилади.

Чарльз намунали ўқувчи эмасди. «Мен мактабдан тўла завқланмадим, чунки уйдан бошқа ҳеч қандай жойда ўзимни бахтли ҳис қилмаганман», деган у.

Мактабни тугатгандан сўнг, Чарльз қироллик анъаналарини бузди: у армияга хизмат қилиш учун бормади, лекин Кембриж университетида тамомлаб, диплом олди. 1970 йилда у санъат бўйича бакалавр даражасига эришди, бу ҳам қироллик оиласи учун мисли кўрилмаган қадам эди. Беш йил ўтгач, Чарльз магистрлик даражасига эга бўлди.

Чарльз болалигида пианино чалишни ўрганган. Кембрижда ўтган талабалик йилларида виолончель ҳам чалган. Шунингдек, у хор қўшиқларини ҳам яхши кўрган. Таниқли ва эски ҳаваскорлар гуруҳи бўлган Бах хорининг бир нечта спектаклларида қатнашган ва уни маълум муддат бошқарган ҳам.

Кейинчалик Британия тожининг вориси 20 та турли санъат ташкилотларига ҳомийлик қилди. Улар орасида Қироллик операси, Қироллик мусиқа коллежи, мусиқа таълими билан шуғулланувчи қатор оркестрлар ва жамғармалар бор эди.

Уэльс шаҳзодаси унвони ўрта асрлардан бошлаб инглиз тахти меросхўрлари томонидан тақиб юрилган. Ушбу унвоннинг 21-соҳиби Чарльз унга 10 ёшида эга чиққан.

Қиролича Чарльзга Уэльс шаҳзода тожини кийдирмоқда, 1969 йил. Фото: Anvar Husayn / Getty Images

Шаҳзода сифатида у бутун дунё бўйлаб расмий тадбирларда Қиролича ва Ҳамдўстлик мамлакатлари вакили бўлиб қатнашиши керак эди. Чарльз «Қироллик олийлари Уэльс шаҳзодаси, Корнуолл герцоги, Честер графи» расмий унвонига, қўшимча равишда Шотландия герцоги, Ротези ва Керрик графи унвонларига ва кўплаб мукофотларга эга.

Чарльз барибир ҳарбий хизматдан қочиб қутула олмаган. У 1971 — 1973 йилларда Қироллик денгиз флотининг фрегатлари ва эсминецларида хизмат қилган, кейин эса ҳарбий учувчи сифатида ўқиган.

Чарльз дала маршали, флот адмирали ва қироллик ҳаво кучлари маршали унвонларига эга. У тез-тез ҳарбий вертолётлар, транспорт самолётлари ва ҳатто қироллик оиласининг самолётини ҳам бошқарган. 1976 йилда ҳалокатли қўнишни амалга оширганидан сўнг у бу иш билан шуғулланишни тўхтатган. Ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган. Воқеага самолёт капитани айбдор бўлган бўлса-да, шундан кейин шаҳзода оиласи учун учувчи ролини ўз зиммасига олмаган.

Шаҳзода поло ўйинидан кейин. Виндзор, 1970 йиллар. Фото: Anvar Husayn / Getty Images

Ёшлигида Чарльз от полосини яхши кўрарди. У итлар билан тулки овининг катта мухлиси сифатида ҳам танилган. У 1999 йилда ҳайвонлар ҳуқуқлари учун кампания авжига чиққанида ҳам севимли машғулотидан воз кечмаган. У ўғиллари Уильям ва Гаррини овга олиб кетганидан сўнг, уни танқид қилишди ҳамда баъзилар Чарльзнинг ҳаракатини ўзига хос сиёсий баёнот деб ҳисоблашди.

Ёш Чарльз кўплаб романтик муносабатлари билан машҳур эди.

«Сизнинг ҳолатингизда ёшлик севимли машғулотларга эркинлик беришга арзийди ва оила қуришдан олдин иложи борича кўпроқ ўйин-кулгида вақт ўтказинг. Аммо уйланиш учун бошқасини севмаган жозибали қизни танлаш керак. Аёллар никоҳдан олдин тажрибага эга бўлсалар, никоҳда қадр-қимматни сақлаб қолишлари қийинроқ бўлади, дея шаҳзодага ҳаёт ҳақида ўргатган эди отасининг амакиси лорд Моунтбаттен.

Чарльз ва Жейн Уорд. Фото: Serge Lemoine / Getty Images

1970 йилларнинг бошларида тахт вориси зодагонлар оиласидан чиққан Камилла Паркер-Боулз билан турмуш қурмоқчи эди. Бироқ, кейин қирол оиласи қизни меросхўр учун муносиб жуфтлик деб ҳисобламади. Барибир йиллар ўтиб, Чарльз Камилла билан турмуш қуради. Бу ҳақда кейинроқ яна тўхталамиз.

1979 йилда бутун дунёда модель Жейн Приест Чарльзни ўпиб турган сурати кенг тарқалиб кетди. Бу воқеа Австралиядаги пляжлардан бирида содир бўлган. Жейннинг бу ҳаракати унга муваффақият келтиради. Унга бутун дунёдаги модель агентликларидан таклифлар туша бошлайди.

Шаҳзоданинг Сабрина Гиннес билан муносабатлари ҳам никоҳ билан тугамаган.

Чарльз ва Сабрина Гинннес, 1979 йил. Фото: Tim Graham Photo Library via Getty Images

Айтганча, 1979 йилда Чарльз амакиваччаси, афсонавий қўмондон, Ҳиндистоннинг сўнгги вице-қироли Луи Маунтбаттеннинг набираси Аманда Натчбуллга турмуш қуришни таклиф қилади. Бироқ, Аманда унга турмушга чиқишга розилик бермаган.

Шу тариқа Британия тожи меросхўрининг биринчи рафиқаси граф Спенсернинг қизи Диана Спенсер бўлади. Чарльз Диана билан танишишдан олдин у катта опаси Сара билан ҳам учрашган.

Аста-секин оммавий ахборот воситалари Чарльз ва Диананинг муносабатлари ҳақида кўпроқ гапира бошладилар. Меросхўрнинг отаси шаҳзода Филипп тўйнинг кечикиши қизнинг обрўсига путур етказади, деб ҳисоблайди ва 1981 йилда Чарльз ва Диана турмуш қуради. Эътиборлиси, Диананинг илтимосига кўра, у турмуш ўртоғига бўйсуниши шарт, деган сўзлар тўй қасамидан олиб ташланди.

Чарльз ва Диананинг никоҳ тўйи. 1981 йил. Фото: Princess Diana Archive / Getty Images

Хайрия ишларига катта эътибор қаратган маликани журналистлар ва оддий британияликлар яхши кўришарди. Диананинг машҳурлиги қиролича Елизаветага ёқмади.

Оммавий ахборот воситалари ҳомиладор маликанинг суратларини эълон қилган кунни Қиролича «Британия журналистикасининг энг қора куни» деб атаган эди.

Йиллар ўтиб, бу никоҳга дарз кета бошлайди.

Ҳатто унинг кенжа ўғли шаҳзода Гарри Чарльздан эмаслиги, унинг отаси маликанинг чавандозлик бўйича инструктори Жеймс Хьюитт экани ҳақида миш-мишлар ҳам тарқалади. Шу билан бирга, 1980 йилларда Чарльз Камилла Паркер-Боулз билан муносабатларини янгилади. 1992 йилдан бери шаҳзода ва малика алоҳида яшай бошлайди, 1996 йилда улар ажрашишади. Диана унвонини сақлаб қолади ва бир марталик тўлов 17 миллион фунт товон олади, шунингдек, йилига 400 000 фунт нафақага эга бўлади. Бўлажак меросхўрнинг онаси сифатида у қироллик оиласининг аъзоси ҳисобланишда давом этади. Аммо унинг қиролича ва эри билан муносабатлари кескинлигича қолди.

Уэльс шаҳзодаси ва маликаси шаҳзода Уильям билан Янги Зеландияда, 1983 йил.
Фото: Tim Graham Photo Library via Getty Images

1997 йилда Диана автоҳалокатда вафот этди. Расмий тергов маълумотларига кўра, ҳайдовчи Генри Пол автомашина бошқарувини йўқотиши фожиага сабаб бўлган. Шунингдек, у қабул қилган дори ҳам бахтсиз ҳодисага олиб келган.

Диананинг ўлими бир қатор фитна назарияларини келтириб ҳам чиқарган: Елизавета II, шаҳзода Филипп ва Британия разведка хизмати MI6 унинг ўлимини уюштирганликда айбланган. Бу тахминларнинг аниқ далиллари ва тасдиқлари топилмаган.

2005 йилда Чарльз ва Камилланинг узоқ муддатли романтикаси тўй билан якунланди. Маросим диний эмас, балки фуқаролик эди. Эрининг барча унвонларини олган Камилла марҳум Диана билан боғламаслик учун ўзини Уэльс маликаси, деб атамади. У ҳозиргача Корнуолл герцогиняси унвонидан мамнун бўлади.

Шаҳзода Чарльз ва Камилла Паркер Боулзнинг никоҳ тўйи. Фото:  Getty Images

Потенциал монарх сифатида Чарльз инглизлар томонидан унчалик қўллаб-қувватланмади. Ижтимоий сўровлар шуни кўрсатдики, британияликларнинг ярмидан камроғи Чарльзнинг тахтга ўтириши тарафдори. Улар Елизавета II вафот этган тақдирда унвонни тўнғич ўғли Уильямга топширади, деб ишонишган.

Шаҳзоданинг кенг кўламли хайрия фаолиятига қарамай, баъзилар унинг ҳукмронлиги истиқболига ишончсизлик билан қарашади. У «муқобил тиббиёт»ни қўллаб-қувватлаганликда ва сиёсатга аралашишга уринишда айбланган. Хусусан, қиролликнинг собиқ ички ишлар вазири Девид Блункетт Чарльзни босим ўтказишда айблаганди. Шаҳзода таълим, атроф-муҳит ва соғлиқни сақлаш сиёсатига таъсир қилмоқчи бўлган ҳамда вазирга ёзма тавсиялар юборган.

Бироқ, беш йиллик суд жараёни натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан кейин аксарият ўқувчилар Чарльзни ўз мамлакати муаммоларидан чуқур қайғурадиган ва уни бошқаришда ёрдам беришни истаган шахс, деган фикрга келади.

Аноним манбаларга кўра, 2019 йилдан бошлаб Уэльс шаҳзодаси онасининг ваколатларини ўз зиммасига олган ва расмий тадбирларда уни тобора кўпроқ алмаштирган.

Кейин қиролича 95 ёшга тўлганда нафақага чиқишни режалаштираётгани хабар қилинганди. Аммо маълум сабабларга кўра бу амалга ошмади.

Қиролича Елизавета II ва Уэльс шаҳзодаси Чарльз, 2019 йил 14 октябрь. Фото: Victoria Jones / AP

Чарльзнинг бўлажак ҳукмдор сифатида характерини баҳолаб, ОАВ Елезаветанинг ўғли тож манфаатлари йўлида вазиятга таъсир ўтказишга қодир эканлигига эътибор қаратди. Хусусан, у ўзининг укаси шаҳзода Эндрюга қамоқда вафот этган педофил миллионер Жеффри Эпштейн билан яқин алоқалари туфайли қироллик вазифаларидан воз кечишига босим ўтказган. Шундай қилиб, журналистларнинг тахминича, Чарльз давлатни бошқаришга тайёрлигини кўрсатди.

Шу тариқа Чарльз III Елизавета IIнинг ўлимидан кейин онасининг кўп миллиард долларлик мулкини мерос қилиб олди.

Ушбу мерос тарихий мулклар ва минглаб денгиз жониворларини ҳам ўз ичига олган. Бу ҳақда CBS News хабар бермоқда.

Елизавета IIнинг шахсий бойлиги камида 370 миллион фунт стерлингга баҳоланмоқда. Хусусан, у санъат асарлари, заргарлик буюмлари, кўчмас мулк ва қимматли қоғозларга эга эди. Чарльз III уларнинг кўпчилигини мерос қилиб олди.

Янги қирол, шунингдек, 34,3 миллиард долларлик активлар ва кўчмас мулкни, жумладан Букингем саройи, Кенсингтон саройини, шунингдек, Лондон ва Буюк Британиянинг турли минтақаларидаги ер ва мулкни ўз ичига олган қироллик холдингларини ҳам назорат қилади. Улар келтирган даромаднинг камида 15 фоизи қироллик оиласига тушади.

Ланкастер ва Корнуол герцогликлари қиролнинг мулки ҳисобланади. Расмий равишда у бутун дунё бўйлаб сайёҳлар кўриш учун келган тижорат кўчмас мулки ва қадимий қалъалар харобалари билан бирга бутун аҳоли пунктларига эгалик қилади. 2019 йилда Ланкастер қироличага 20 миллион фунт стерлинг даромад олиб келди, шаҳзода Чарльзга эса Корнуолл худди шунча пул келтирган.

«Business Insider»нинг ёзишича, Чарльз III Ланкастер герцоглиги учун солиқ тўлашдан қочади, бу 750 миллион доллардан ошиши мумкин. У 1993 йилда Буюк Британия ҳукумати томонидан киритилган, активларни бир суверендан иккинчисига ўтказишга рухсат берувчи қоида туфайли пулни ўзида сақлаб қолиши мумкин бўлади.

Нашр маълумотларига кўра, янги қирол, шунингдек, Британияда яшовчи 32 000 га яқин оққушлар ва номаълум сондаги дельфинлар, китлар ва балиқларни ҳам мерос қилиб олган.

Британия оққушлари XII асрдан бери монархнинг мулки ҳисобланган. Шу тарзда уларни браконьерлардан ҳимоя қилишга ҳаракат қилинган. 1324 йилда китлар ва дельфинлар ҳам қироллик мулкига айланди. Бугунги кунда ҳам амалда бўлган қонунга кўра, Чарльз III Британия оролларидан беш километр узоқликда қолиб кетган ёки тутилган ҳар қандай кит ёки дельфинни ўзлаштириш ҳуқуқига эга.

2017 йилда Британия қироллик оиласи бренди тахминан 67 миллиард фунтга баҳоланган эди.

Фазлиддин АБИЛОВ тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер