Буюк Британияда саратонга қарши янги «қурол» яратилди

16:23 21 Май 2025 Илм-фан
238 0

Фото: Иллустратив

Буюк Британиялик олимлар саратон касаллигига қарши курашда иммунотерапия самарадорлигини сезиларли даражада ошириши мумкин бўлган янги турдаги кучли антитаналарни яратишга муваффақ бўлишди. Ушбу тадқиқот «Cancer Research UK» (Буюк Британия Саратон Тадқиқот Жамғармаси) томонидан молиялаштирилди ва «Nature Communications» журналида чоп этилди.

Маълум қилинишича, Саутгемптон университети тадқиқотчилари антитаналарнинг шакли ва қаттиқлигини ўзгартириш орқали уларни саратон ҳужайраларига қарши иммун тизимни кучлироқ сафарбар этишга қодир бўлишини аниқлади. Янги яратилган антитана табиий антитаналарга қараганда мустаҳкамроқ бўлиб, дастлабки синовларда иммунитетга жуда кучли таъсир қилди.

Университетнинг Саратон иммунологияси маркази профессори Марк Краг шундай дейди: «Иммун тизимини рағбатлантириш орқали саратонни даволаш ғояси ниҳоятда қизиқарли. Ушбу ёндашув турли иммун рецепторларига қаратилган кўплаб антитаналар учун ишлайди. Бу каби қаттиқ антитаналарни яратиш имконияти, иммун тизимни саратон ёки бошқа касалликларга қарши фаоллаштирувчи кучлироқ дориларни ишлаб чиқишда ёрдам бериши мумкин».

«Y» ҳарфига ўхшаш шаклга эга антитаналар бактерия, вирус ёки саратон ҳужайралари юзасидаги молекулаларга бирикиш орқали инфекцияларга қарши курашади. Шунингдек, улар иммун ҳужайралардаги рецепторларга бирикиш орқали организмнинг ҳимоя тизимини фаоллаштиришга мослаштирилиши ҳам мумкин.

Антитананинг «Y» шаклини ҳосил қилувчи икки «қўли» дисулфид боғлар деб номланувчи «кўприклар» орқали боғланган. Саутгемптон олимлари антитаналарнинг ушбу микроскопик «қўллари» орасига қўшимча кўприклар қўшиб, уларни оддий намуналар билан солиштиришди.

Мазкур илмий ёндашув келажакда нафақат саратон, балки бошқа иммун тизим билан боғлиқ касалликларни даволашда ҳам муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Олимлар ҳозирча синов босқичида бўлган ушбу антитаналарни доривор шаклда қўллаш имкониятларини ҳам ўрганишни давом эттиришмоқда.

Анора Алимқулова,
ЎзЖОКУ талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?