Буюк бобокалонимиз номига муносиб даргоҳ

20:30 28 Май 2022 Маданият
1139 0

Фото: Халқ сўзи

Бундан олти йил муқаддам Ўзбекистонда янги университет, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда «маънавият университети» ташкил этилди. Гап Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳақида кетмоқда. Замонавий таълимни ривожлантириш, ўзбек тилининг қадри ва қаддини янада ошириш, янги технологияларни олиб кирган ҳолда она тилимизни бойитиш учун очилган университет бугун ўзининг олти йиллик сарҳисобли туғилган кунини нишонлади.

— Биз орзу қилардик, бизни филологларимиз фақат ўзбек тилинимас, шу қаторда бошқа тилларни ҳам мукаммал ўрганишини, биз орзу қилардик, тасвирий санъат, спорт, бошқа соҳаларнинг ҳам мутахассиси бўлишини — деди ТошДЎТАУ ректори Шуҳрат Сирожиддинов. — Бизни болаларимиз чет элларга бориб ўқиса, чет эл университетларида дарс ўтса, борган давлатида ўша ернинг тилини ўз тилидай ўрганиб, ўзбек миллатининг шон-шавкатини, обрўсини янада кўтарса, деган ниятдаман.

Ҳозирги кунда ўзбек тили ва адабиёти университетида 4 та факультет: Таржима назарияси ва амалиёти факультети, Амалий филология факультети, Ўзбек филологияси факультети ҳамда Ўзбек тили ва адабиёти факультети фаолият юритмоқда. Университетнинг ҳали очилганига унча кўп бўлмаган бўлсада, миллий рейтингда 2021 йил кўрсаткичларига кўра ТОП-6 ўринда, илмий салоҳият бўйича ТОП-4, ижтимоий-гуманитар соҳадаги университетлар рўйхатида ТОП-4 ўринни банд қилмоқда. Ҳозирда 12 та бакалавр таълим йўналишлари мавжуд бўлиб, кучли билимга эга бўлган мутахассислар ва профессорлар томонидан дарс берилади. ТошДЎТАУнинг ахборот-ресурс марказида жами 35302 та китоб ҳамда 402742 та электрон китоб мавжуд. Университетда ҳозирги кунда 5128 та талаба таҳсил олмоқда. Шунингдек, 108 дан ортиқ халқаро университетлар билан икки томонлама ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, талабалар алмашинуви ҳам йўлга қўйилган.

— Бугун жонажон университетимизнинг очилганига 6 йил тўлгани шарофати билан катта байрам бўлиб ўтяпти. Университет жамоаси шу йиллар ичида катта ютуқларга эришди. Албатта, бунинг замирида ректоримиз Ш. Сирожиддинов бошчилигида катта жамоанинг саъй-ҳаракатлари беқиёс. Университетимиз ёш бўлсада, бугунги кунда дунё тан олган университетлар билан ўз соҳасида бемалол беллаша оладиган даражага етиб келди. Бундай шарт-шароитларни яратиб бераётган, таг замирида Давлат тилини халқаро миқёсга олиб чиқишни кўзлаган юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг университетимиз олдида хизматлари катта. Очилишидан бошлаб, то шу кунгача университетимизга 10 дан ортиқ ташриф буюрди, ҳар бир жиҳозни ўзлари синчиклаб текширди, жаҳонга ўзбек тилининг ўз юртидаги мавқейини яна бир бор исботлаб берди. Биз олимлар эса бундай хайрли ишлардан фақат ва фақат хурсанд бўламиз. Университетимизнинг 30, 50, 100 йилликларини нишонлаш насиб қилсин, — деди ТошДЎТАУ хотин-қизлар масалалари бўйича кенгаш раиси, филология фанлари доктори, доцент Гулноза Жўраева.

Эслатиб ўтамиз, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўзбек тили ва адабиёти бўйича филолог мутахассислар, илмий-педагог кадрлар, юқори малакали таржимонлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айни шу йўналишларда илмий ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.

— Биз ёшлар университетимизнинг таянчимиз. Олийгоҳимиз шу ёшга киргунча бизга ҳам устозларимизга ҳам осон бўлгани йўқ. Чунки янги даргоҳда барибир турли камчилик ва қийинчиликлар учраб туради. Лекин биз уддалаяпмиз, ёшлар ҳамда катталар жипс бўлиб ҳаракат қиляпмиз. Ўзбек тилимиз бор экан, бу университет асрлар давомида фаолият юритиб бораверади. Биз эса бу йўлда озгина бўлса ҳам ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз, — деди ТошДЎТАУ Ёшлар Иттифоқи БТ етакчиси Орифжон Олимжонов.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер