Бувайдадаги оилалар инновацион иссиқхоналарда йил бўйи қулупнай етиштиришни йўлга қўйди
Бувайда туманидаги «Тепалик» маҳалла фуқаролар йиғинида томорқа миришкорлари гидропоника усулида қулупнай етиштириш орқали йилнинг тўрт фасли давомида барқарор даромад олмоқда.
Айни пайтда Орифжон Сатторов хонадонида инновацион усулда жиҳозланган 5 сотих иссиқхонада пишган, серҳосил қулупнай узлуксиз равишда бозорга чиқарилмоқда. Бу ерда Жанубий Кореянинг «Қиш ифори» нави парваришланмоқда. Мазкур нав сифати, узоқ масофага ташиш ва сақлашга чидамлилиги билан алоҳида ажралиб туради.

Қулупнайнинг ҳар бир килоси эрта баҳор ойларида 350–400 минг сўм, куз-қиш мавсумида эса 150–200 минг сўм атрофида сотилмоқда. Шу тариқа тажрибали оила томорқадан йилига ўртача 250–300 миллион сўмгача даромад олиш имконига эга.
— Яқин истиқболда қулупнай етиштиришни маҳалланинг асосий драйверига айлантириш мақсад қилинган, — дейди «Тепалик» МФЙ ҳоким ёрдамчиси Асроржон Йигиталиев. — Шу боис ушбу оила тажрибаси асосида маҳаллада янги йўналишни жадал ривожлантириш устида ишлар олиб борилмоқда.
Маҳаллада яна икки хонадонда инновацион усулда қулупнай етиштириш учун иссиқхоналар ташкил этилди. Энди Тепалик маҳалласида қулупнайни йилнинг тўрт фаслида ҳам етиштиришга эришилмоқда.

Умуман олганда, жорий йилда маҳаллада шундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 45 та истиқболли лойиҳа ишлаб чиқилиб, уларни амалга ошириш учун 6 миллиард 750 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар лойиҳаларнинг деярли барчаси ҳаётга татбиқ этилди.
Ҳозирги вақтда маҳалладаги 927 та оилада 4 312 нафар аҳоли истиқомат қилади. Деҳқончилик ва чорвачилик Тепалик маҳалласининг асосий драйвер йўналиши сифатида белгиланган.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Учинчи Ренессансга элтувчи маърифат кўприги: Ўзбекистон—Покистон ҳамкорлигининг янги босқичи
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- “Инсоният цивилизациясига асос бўлган ютуқлар шу заминдан келиб чиққан” — Парагвай Президенти
- Дуал таълим — етук мутахассис тайёрлаш кафолати
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг