Булунғурда ишга туширилган 124 та лойиҳа ҳисобидан мингга яқин одамнинг бандлиги таъминланди

10:51 16 Апрель 2024 Иқтисодиёт
437 0

Фото: "Халқ сўзи"

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Булунғур туманида хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ҳисобига саноат корхоналари фаолияти кенгайиб, янги-янги иш ўринлари яратилмоқда.

Хусусан, туманнинг Янгиқўрғон маҳалласида ишга туширилган «AGRO FAROVON ZAMIN» МЧЖ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган бўлиб, бу ерда йилига 6 минг тонна маҳсулот қайта ишланмоқда.

Корхонада 30 нафар доимий ва 100 нафардан зиёд мавсумий ишчи фаолият кўрсатади. Булғор қалампири, қизил лавлаги, қовоқ, сабзи, гулкарам каби сабзавотлар Булунғур, Тойлоқ ва Жомбой туманларидаги фермер хўжаликлари томонидан шартнома асосида олинади.

— Маҳсулотларимиз МДҲ давлатларига экспорт қилиняпти. — дейди «AGRO FAROVON ZAMIN» МЧЖ иш юритувчиси Зуҳра Аҳмедова. — Тайёр қуритилган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти 15 дақиқа давомида иссиқ сувда намланиб, барча табиий хусусиятлар, ранги, табиий ҳиди, шакли, таъми тикланади. Қуритилган сабзавот маҳсулотини қайнатиш, қовуриш, хом ва қуруқ ҳолда истеъмол қилиш мумкин.

Ўтган йилнинг май ойида туманнинг Мингчинор маҳалласида Самарқанд шаҳридаги «Daka intex» корхонасининг филиали ишга тушган эди. Бу ерда йилига 6 миллиард сўмлик тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.

— Корхонамизда 200 нафардан зиёд ишчи бор, — дейди «Daka intex» МЧЖ технологи Эрсен Бозтепе. — Ускуналар Япония ва Жанубий Кореядан келтирилган бўлиб, йилига 2 миллион дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, Россияга экспорт қилинмоқда.

Туманда инвестиция дастури доирасида ва қўшимча лойиҳалар ҳисобидан саноат соҳасида 138,5 миллиард сўмлик 488 та иш ўрнига эга 22 та, қишлоқ хўжалигида 52,1 миллиард сўмлик 54 та иш ўрнига эга 11 та, хизмат кўрсатишда 126,4 миллиард сўмлик 446 та иш ўрнига эга 91 та лойиҳа ишга туширилган. Бу борадаги ишлар бугунги кунда ҳам давом эттирилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?