Бухоронинг сайёҳлик салоҳияти

14:24 17 Август 2022 Жамият
531 0

Фото: Халқ сўзи

Бундан етарли даражада фойдаланиляптими?

Юртимизда маданий мерос объектлари бениҳоя кўп. Биргина Бухорода уларнинг сони мингдан зиёддир.Вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятидан дарак берувчи бу кўҳна обидалар аждодларимизнинг юксак ақл-заковати, билими, бой дунёқараши тимсоли сифатида кўнгилларда фахр- ифтихор ҳиссини уйғотади. Зеро, миллий тарихимиз ёшлар онгу шуурига юртпарварлик, адолатпарварлик, меҳру оқибат, одамийлик, яхшилик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик каби эзгу фазилатларни сингдиради, уларни хайрли ишларга чорлайди. Бугина эмас, асрий обидалар, муқаддас қадамжолар, қўл меҳнатига асосланган ҳунармандчилик, урф-одат миллий анъаналар сайёҳлик равнақига хизмат қилади. Хусусан, Бухоро вилоятида туризм ҳудуд иқтисодиётини мустаҳкамлашда, аҳоли бандлигини таъминлашда қўл келяпти. Биргина жорий йилнинг 1 июль ҳолатида сайёҳликдан вилоят иқтисодиётига 763 миллиард сўмдан зиёд маблағ тушгани, туризм ва унга йўлдош хизмат кўрсатиш соҳаларида 20 минг нафарга яқин аҳоли муқим иш ўринлари билан бандлиги бундан далолатдир.

Қуйида вилоятнинг сайёҳлик салоҳияти, бу борадаги тажриба, ечимталаб айрим масалалар ҳақида сўз юритамиз.

«Ўзгаришлардан жуда хурсандмиз»

Бугун Бухорои шарифнинг қадимий кўчалари сайёҳлар билан гавжум. Меҳмонлар орасида мамлакатимизнинг турли гўшаларидан келган юртдошларимизни тез-тез учратамиз. Эътиборлиси, Фарғона водийсидан бўлган сайёҳлар оқими кўпайгани кузатилмоқда.

— Марғилонданмиз, — дейди ўзини Ҳалимахон Юнусова дея таништирган онахон. — Анчадан буён Бухорои шарифни зиёрат қилиш ниятида эдим. Фарзандларим барака топишсин. «Онажон, Самарқанду Бухорони томоша қилмабсиз, бу дунёга келмабсиз», деб туриб олишди. Ўзим ҳам анчадан буён шу ниятда эдим. Шукр, мақсадимга етдим. Ўзим деҳқон аёлман. Умрим далада ўтган. Юртимиздаги тинчлик-осойишталикка шукрона айтаман. Бухоро ниҳоятда чиройли шаҳар экан. Бу ердаги ўзгаришларни кўриб, жуда хурсанд бўлдик.

Ҳалимахон ая сайру саёҳат баҳонасида яна бир мақсадига етди. Баҳоуддин Нақшбанд қадамжосини зиёрат этди. 

— Руҳим қанақадир енгил тортди, — дейди онахон. — Қадамжодаги ободлик, боғ-роғларнинг таровати, зиёратчилар учун яратилган қулайликлар кўнглимизга ёруғлик олиб кирди. Марғилонга қайтганимда қўни-қўшнилар, маҳалладошларга Бухородан олган таассуротларим ҳақида сўзлаб бераман, албатта.

— Марғилонда туристик фирма фаолиятини йўлга қўйганмиз ва юртдошларимизнинг қадимий шаҳарларга саёҳатини ташкил этяпмиз, — дейди яна бир суҳбатдошимиз Шаҳноза Авазбекова. —  Биргина май ойида 1,5 минг нафар маҳаллий сайёҳнинг Бухорога саёҳатига бош- қош бўлдик. Ҳозир эса 51 кишини олиб келганмиз.

Кўриб турганингиздек, аксарияти кекса ёшдаги фуқаролар. Уларни йўлнинг узоқлиги чарчатиб қўйиши, табиий. Агар Фарғона водийсидан Бухорога тўғридан-тўғри самолёт парвози йўлга қўйилса, айни муддао бўларди. Лоақал бундай рейслар туристик мавсум саналган баҳор ва куз ойларида амалга оширилса, ўзини ҳар томонлама оқларди, деб ўйлаймиз.

Назаримизда, бу ўринли таклиф. Яқинда “Uzbekistan Airways” масъул ходимлари томонидан Бухоро шаҳрида тадбиркорлар билан учрашув ўтказилганида ҳам қатнашчилар, хусусан, туроператорлар томонидан «Фарғона- Бухоро-Фарғона» йўналишида авиарейслар йўлга қўйиш таклифи билдирилди.

Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан кўринадики, ички туризмни ривожлантириш имкониятлари бор. Мазкур йўналишда Бухоро вилоят ҳокимлиги даражасида бир қатор ҳудудлар билан меморандумлар тузилган. Бу ўз натижасини бермоқда. Чунончи, жорий йилнинг дастлабки ярмида маҳаллий сайёҳлар сони бир миллион 530 минг нафарни ташкил этди.

Кўҳна кентнинг Франциялик мезбони

Гап бухоролик қўни- қўшнилари, маҳалладошлари «Эленжон», баъзида «Бибижон» деб атайдиган Франциялик Элен Пелос хоним ҳақида бормоқда. Салкам етмиш ёшли бу аёл машҳур адиб Виктор Гюго тавваллуд топган Безансон шаҳрида туғилган. 35 йил консерваторияда талабаларга дарс берган. Ҳозир нафақада.

— Дунёнинг кўплаб давлатларида бўлдим, — дейди у. — Аммо Ўзбекистон, Бухоро бошқача экан. Меҳмондўст, самимий, меҳр —оқибатли одамларни, ҳаёт нафаси уфуриб турган қадимий шаҳарни яхши кўриб қолдим. Кечагидек эсимда, 2006 йилда турмуш ўртоғим билан илк бор Бухорога келгандим. Шундан кейин оромим йўқолди. Орадан икки йилча ўтиб эски шаҳардан шарқона услубда қурилган уйни сотиб олдим. Қўни- қўшнилар билан тил топишиб кетдим. Оз бўлсада ўзбекча сўзлашни ҳам ўргандим. Тўй- маъракаларда давранинг тўрига ўтқазишади. Хуллас, Бухоро иккинчи ватаним бўлиб қолди. Шу қадимий ҳовлида меҳмонхона фаолиятини йўлга қўйдим.

“Helene Oasis” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси саналган Элен хоним бунинг учун 500 минг евродан зиёд сармоя сарфлади.

— Меҳмонхонамиз 40 ўринга мўлжалланган, — дейди мазкур МЧЖ иш юритувчиси Лола Облоқулова. — Ундан қадимий Бухоро нафаси келиб туради, десам муболаға қилмаган бўламан. Шу боисдан ҳам бизга асосан хорижий сайёҳлар келишади. Ишчи-ходимлар сони етти нафар. Меҳмонларга халқаро андозалар даражасида хизмат кўрсатиш ҳаракатидамиз. Элен хонимга келсак, у Бухорони жуда яхши кўради. Миллий урф-одатларимиз, мусиқамиз, шарқона таомларимизга қизиқади. Қадриятларимизни ҳурмат қилади. Ҳатто Ҳайит байрамида жонлиқ сўйиб, маҳалладошларга улашганига шоҳидман.

Айтиш жоизки, Бухоро ўз жозибадорлиги билан нафақат Элен хоним каби чет эллик фуқаролар, балки йирик хорижий сармоядорлар эътиборини ҳам тортмоқда. Айни дамда вилоятда хорижий инвестиция миқдори 28 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи 3 та йирик меҳмонхона қурилмоқда. Жорий йил якунига қадар Ҳиндистоннинг “Metric Ventures” МЧЖ ҳамда Буюк Британиянинг “Wide Tent System” компаниялари томонидан амалга оширилаётган беш юлдузли “Hyatt Regency” ҳамда тўрт юлдузли “Wyndham” брендлари остидаги меҳмонхоналар ўз фаолиятини бошлаши мўлжалланмоқда.

Умуман, вилоятда 2017-2021 йилларда меҳмонхоналар сони тўрт, туристик ресторан, гид-экскурсовод, туроператор ва ташриф буюрган сайёҳлар сони беш бараварга ошди.

«Қишлоғимизга бир келинг»

Одамлари табиатан содда, кулгисевар «Ширин» маҳалласида бўлсангиз «Қишлоғимизга яна келинг», дея кузатиб қўйишади. Вобкент туманидаги мазкур гўша туризм қишлоғи мақомини олгач, у узоқ-яқиндан меҳмонлар тез- тез келадиган манзилга айланмоқда.

Қишлоқнинг 2,5 километр масофали ички йўлига асфальт ётқизилди. Юриш имконияти чекланган ва кекса ёшдаги сайёҳлар учун махсус йўлаклар барпо этилди. Электр линиялари янгиланди, 2 та трансформатор ўрнатилди. Алоқа тармоқлари тартибга келтирилди. Спорт заллари қуриляпти. Бу ерга келган сайёҳларни, шубҳасиз, қишлоқ ҳаёти қизиқтиради. Ана шундан келиб чиқиб 6 та оилавий меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилди. Кулолчилик, зардўзлик, каштадўзлик каби ҳунарларга ихтисослашган 6 та устахона қурилди. Шарқона миллий таомлар тайёрланадиган, маҳорат дарслари ташкил этиладиган 2 та чойхона фаолияти йўлга қўйилди.

Шу тариқа «Ширин этнохаус» маркази, қадимий сандал уйлар, деҳқончилик асбоб-анжомлари тайёрлаш, от ва туяда сайр қилиш, қадимий тош тегирмон, асаларичилик, шўрданак ва нишолда тайёрлаш каби қишлоқ ҳаётини кўрсатиб берадиган гўша юзага келди. Миллий қадриятларимизни саҳна кўринишлари орқали намойиш этувчи «Навниҳол» фольклор жамоаси тузилди.

— Бу ерга ташриф буюрган сайёҳ унутилмас таассуротлар билан қайтади, — дейди Вобкент туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Шуҳрат Шарипов. — Негаки, «Ширин»да этноқишлоққа хос барча унсурлар жамулжам бўлган. Бу ерда ҳатто миниатюра ва хаттотлик санъати ҳақидаги тасаввурларингизни ҳам бойитиш имконига эгасиз.

Кузатишлар кўрсатмоқдаки, туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва диверсификация қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, Ромитан туманида “Bukhara Desert Oasis & Spa” инновацион туризм кластери ташкил этилиб, мижозларга 25 турдаги сифатли хизматлар йўлга қўйилди. Шу билан бирга Тўдакўл сув омбори негизида 15 гектар ер майдонида 500 нафаргача сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга “Silk Road Family Resort” пляж маскани ташкил этилди.

Шунингдек, қадимий «Ғиждувон Қўрғони» ҳудудидаги «Бозори қаймоқ», «Бобораҳимбой», «Болойи Қассабон» масжидлари ҳамда «Тош Ҳаммом» каби обидалар қайта таъмирланиб, туризм маршрутига киритилди. Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳи атрофидаги маҳаллаларда ўнта оилавий меҳмон уйи ҳамда туризмга ихтисослашган ўндан зиёд ҳунармандчилик устахоналари фаолият бошлади.

Хорижий сайёҳлар нимадан ҳайратда?

Чет эллик сайёҳлар тушган микроавтобус Бухоро шаҳрига етар – етмас йўл четида тўхтади. Самарқандни томоша қилиб келаётган меҳмонлар бир муддат оёқ чигилини ёзишди. Шу қисқа вақт оралиғида улар олдига бирин-кетин тўртта автомашина тўхтади. Ҳайдовчилар микроавтобусни бошқариб келаётган йигитга «Мабодо сизларга ёрдам керакмасми?» дея сўрашарди.

— Бу ҳолатдан биз бениҳоя таъсирландик, — дейди Франциялик сайёҳ Патрик Сале. — Буткул ёт кишиларнинг машинасини тўхтатиб, бошқаларнинг ташвишини енгил қилиш мақсадида ўзининг беғараз ёрдамини таклиф этишини, очиғи, ҳозиргача учратган эмасман.

Маълум бўлишича, сайёҳлар Самарқанддаёқ одамларимизнинг илтифоти, хушмуомаласи олдида лол қолишган. Улардан бири қадимий ёдгорликлардан бири олдида сумкасини унутиб қолдирган. Туризм полицияси саъй-ҳаракати билан буюм қисқа вақт оралиғида топилиб, эгасига қайтарилган.

— Юртингизда кечаю кундуз бехавотир юриш мумкинлигини кўриб турибман, — давом этади меҳмон. — Сизларда бола тарбиясига айрича эътибор қаратилар экан. Акс ҳолда йўқолган буюмнинг топилиши даргумон эди. Сизга айтсам, ўғрилик бўлмаган юртда қашшоқлик бўлмайди. Менга яна юртингиздаги қадимий ёдгорликлар, айниқса, Темурийлар даврида бунёд этилган масжиду мадрасалар, карвонсаройлар меъморий ечими билан катта таассурот қолдирди. Маҳобатли бу ёдгорликлар ҳали техникадан ном – нишон бўлмаган даврларда барпо қилингани халқингизнинг юксак ақлу заковатидан дарак беради.

Патрик Сале билан хайрлашар эканмиз, беихтиёр статистикага кўз югуртирдик. Маълум бўлишича, жорий йилнинг олти ойида Бухорога салкам 300 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Уларнинг 21 фоизи Европа давлатлари фуқароларидир.

Меҳмонга қулайлик керак

Комил Эрматов юртимиз тарихини чуқур биладиган инсон. 26 йилдирки гид-таржимонлик қилади. Ўзи ҳам дунё кўрган. Хитой, Туркия, Миср, Таиланд каби давлатларда бўлган. Бухорою Самарқанд, Хиванинг ҳар бир кўчаси, осори атиқаси унга таниш.

— Сайёҳлар учун биринчи навбатда қулайлик керак,-дея мулоҳаза юритади у. — Бухорода бу борада кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганини эътироф этган ҳолда айрим ечимталаб масалаларга тўхталмоқчиман. Аввало, Бухоронинг тарихий қисми асл қиёфасини сақлаб қолиши ҳақида қайғуриш керак. Токи, бу ердаги ҳар бир обида, маҳалла, кўчадан узоқ асрлар нафаси уфуриб турсин. Акс ҳолда гўша тарихий аҳамиятини йўқотади.

Суҳбатдошимизнинг фикрича, кўҳна Бухоронинг тор кўчаларида кўплаб меҳмонхоналар фаолияти йўлга қўйилган. Бу жараён давом этмоқда. Ваҳоланки, тор кўчада жойлашган меҳмонхона хорижий сайёҳга ноқулайликлар туғдиради. Чунки меҳмонхона эшигига қадар автомашина боролмайди. Жомадонни элтишнинг ўзи турган-битган ташвиш. Бу масалани шаҳар тарихий қисми атрофида жойлашган меҳмонхоналарда хизмат сифатини ошириш орқали ҳал этиш мумкин. Яна бир гап. Лабиҳовуздан то Арк қўрғонигача бўлган ҳудудда сайёҳларга мўлжалланган ҳожатхона йўқ. Гид-таржимоннинг билдиришича, хорижий сайёҳларнинг аксарияти ёши улуғ инсонлар эканини инобатга олмоқ керак. Дейлик, Хива шаҳрида ҳар 200 метрда шундай қулайлик яратилган. Ишонинг, бу майда- чуйда масала эмас.

— Бухорога тезюрар поездлар қатновининг йўлга қўйилгани айни муддао, — давом этади К. Эрматов. — Айрим хорижий сайёҳлар бу ерга гид- таржимонсиз келади. Шунда Когондан Бухорогача бориш масаласи пайдо бўлади. «Афросиёб» поездининг келиш вақтига мўлжаллаб Когон темир йўл вокзалида туристлар учун махсус автобус қатнови йўлга қўйиш керак. Бу ҳақида поездда, меҳмонхоналарда эълонлар бериб бориш лозим. Хорижий давлатларда бўлганимда шу тажриба ўзини оқлаётганини, сайёҳлар манзилга қийналмай етиб боришаётганини кўрганман.

Юқоридагилардан аён бўладики, Бухоро туризмни ривожлантириш борасида жуда катта салоҳиятга эга.Бу салоҳиятни тўлақонли юзага чиқариш, сайёҳликка дахлдор дастурларни ўз вақтида рисоладагидек амалга ошириш, соҳага хорижий сармояни жалб этиш юртимизни дунёга янада кенгроқ танитишга, янги иш ўринлари яратишга, иқтисодиётимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?