Бухородаги «Универсал» мажмуаси футзал бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14 сентябрь – 6 октябрь кунлари мамлакатимизда илк бор футзал бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Бу нуфузли мусобақага Тошкент, Андижон шаҳарлари қатори Бухоро ҳам мезбонлик қилади. Чемпионатнинг «В» ва «F» гуруҳларидан ўрин олган терма жамоалар қадимий шаҳарда қад ростлаган «Универсал» спорт мажмуасида ўзаро куч синашадилар.
Айни дамда минтақадаги ноёб спорт кошоналаридан бирига айланиши кўзда тутилган мажмуада бунёдкорлик ишлари поёнига етмоқда. Объектга «Когон нефтгаз энерго сервис» масъулияти чекланган жамияти бош пудратчи ташкилот этиб белгиланган.
— Мазкур объектнинг лойиҳа қиймати 320 миллиард сўмни ташкил этади, — дейди ушбу корхона муҳандиси Абдулла Ҳасанов. — Қурилиш юмушларини тажрибали мутахассислар, малакали ишчиларни жалб этган ҳолда олиб бордик. Мажмуада халқаро андазаларга мос қурилиш материаллари ишлатилди. 74 метрли металл ускуналар ҳам ёнғинга қарши воситалар билан бўялди. Хориждан энг сўнгги русумдаги овоз узатиш тизими харид қилинди. Ҳозир мажмуа кириш жойларида киши юзини танийдиган ақлли технологик ускуналар ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳага кўра, мажмуа таркибидан 4 минг томошабинга мўлжалланган манеж, ўқув-машғулотлар зали, VIP ложа, ўйин зали, ювиниш-кийиниш, спорт жиҳозларини сақлаш хоналари ўрин олган. Мажмуа атрофида югуриш йўлаклари, сунъий қопламали футбол майдони, автотураргоҳни кўриш мумкин.
— Мажмуада нафақат футзал, балки спортнинг 22 тури бўйича машғулотлар олиб бориш имконияти яратилди, — дейди вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Фарруҳ Ҳамроев. — Чемпионат пайтида бутун дунёнинг эътибори Бухорога қаратилади. Биз шундан келиб чиқиб, вилоят ҳокимлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда чемпионатни юқори савияда ўтказиш чора-тадбирларини кўряпмиз. Яқинда ҳар иккала гуруҳдан жой олган терма жамоалар вакиллари бу ердаги шарт-шароитлар билан танишди.
Маълум бўлишича, жаҳон чемпионати иштирокчилари учун шариф шаҳардаги замонавий меҳмонхоналардан жой ажратилган. Улар Табиий ресурсларни бошқариш миллий тадқиқот университетининг Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти ҳамда олимпия спорт коллежи залларида машғулотлар ўтказишади.
«Универсал» спорт мажмуаси шаҳарнинг қадимий қисмига яқин жойлашган. Давлатимиз раҳбарининг «2024 йилги футзал бўйича жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, мазкур иншоот Бухоро давлат университетига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилади. Келгусида мажмуада жисмоний маданият ва спорт фаолияти йўналишида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг