Бухородаги 16 та маданий мерос объектини жозибадор масканга айлантириш учун инвесторлар томонидан қанча сармоя киритилмоқда?

15:14 12 Август 2020 Жамият
2046 0

Сир эмас, иссиқ ва совуқ иқлим шароитлари, ёғингарчиликлар, ерости сизот сувларининг юқорига кўтарилиши оқибатида қадимий ёдгорликлар аста-секин емирилади. Асрлар оша давом этаётган бу жараён қадимий иморатларнинг пойдевор, том ва девор қисмларига зарар етказмоқда. Бу эса ўз навбатида тарихий ва моддий аҳамиятга эга бўлган маданий мерос объектларининг умумбашарий қийматини сақлаш, емирилиш ҳолатлари олдини олиш ва уларнинг ҳолатини яхшилаш учун ҳар йили катта миқдордаги молиявий ресурсни талаб этилади.

— Бухорода техноген жараёнларда зарар кўрган, емирилиш ҳолатлари мавжуд бўлган маданий мерос объектлари сони нисбатан кўп, — дейди вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Ш. Маҳмудов. — Шу сабабли улар ҳолатини қисқа ва тез фурсатда яхшилаш учун молиявий маблағларга эҳтиёж сезилмоқда.

Хўш, вазиятдан чиқиш учун нима қилиш керак? Бошқарма вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда 16 та маданий мерос объектининг паспортини тайёрлади. Уларнинг тарихи, жойлашуви ва тадбиркорликни йўлга қўйишга оид қулайликлари жамланган маълумотларни оммавий ахборот воситалари, жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали ёритди. Асосий мақсад маданий мерос объектларини сақлаш, тиклаш ва улардан самарали фойдаланишга маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш эди, албатта.

Натижаси кутилганидек жуда яхши бўлди. Айни пайтгача маданий мерос объектлари бутлигини сақлаш, улар ҳолатини яхшилаш, реставрация қилиш ҳамда сайёҳлар учун жозибадор объектга айлантириш бўйича маҳаллий ва хорижий инвесторлар томонидан 16 та лойиҳа тақдим этилди. Мазкур лойиҳалар асосида йўналтириладиган инвестиция қиймати 65,6 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Шунинг 43,7 миллиард сўми ташаббускорлар ҳисобидан, қолганини эса кредитлар ташкил этади. Лойиҳалар рўёбга чиқиши эвазига салкам 300 та янги иш ўрни яратилади. Яна бир муҳим жиҳати, биз юқорида таъкидлаган сабабларга кўра нураб, емирилиб бораётган тарихий обидаларнинг эндиликда умрига умр қўшилади. Айтмоқчи, Бухоро шаҳридаги «Ғозиён», «Туркман», «Ҳотам Ҳинду», «Домулло Турсунжон», «Ҳўжа Қурбон», «Раҳмонқул» мадрасалари, «Карвон боши», «Баройи Кўҳна», «Рашид» карвонсаройлари, «Мағоки Кўрпа», «Мирзо Усмон», «Дўстим Чорғоси», «Бозори Гул», «Мир Иброҳим» масжидлари, «Мавлоно Шариф» мажмуаси ва XIX-XX асрларда қурилган собиқ болалар боғчаси биноларини реставрация қилиш ва улар негизида гиламчилик, кулолчилик, зардўзлик, заргарлик, ганчкорлик, ёғоч ўймакорлиги, кандакорлик каби ҳунармандчилик марказлари, миллий услубдаги меҳмонхоналар ва чойхона ташкил этиш бўйича дастлабки лойиҳалар тайёрланиб, Маданий мерос департаменти ҳузуридаги илмий-эксперт Кенгашига тақдим этилди.

Маълумот тариқасида айтиш жоизки, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига Бухоро вилоятидан жами 829 та тарихий ёдгорлик киритилган.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер