Бухорода янги русумдаги пахта териш машинасидан фойдаланилмоқда

15:54 25 Сентябр 2023 Жамият
589 0

Фото: “Халқ сўзи”

Шу кунларда Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани далаларида янги авлод техникаси, дея эътироф этилаётган пахта териш машинасини кўриш мумкин. “Арк эко текстиль кластер” масъулияти чекланган жамияти уни Туркиядан 1 миллиард 400 миллион сўм маблағ эвазига сотиб олди. Бу агрегат аввалгиларидан тубдан фарқ қилади.

— Мазкур терим машинаси бир кунда 400 нафар ишчининг ўрнини боса олади, — дея хабар берди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Исломжон Каримов. — Ўтказилган тажрибалар ушбу комбайн кўмагида терилган пахта далаларидаги ҳосилдорлик қўлда терилганига нисбатан 5 – 6 центнерга юқори бўлишини кўрсатмоқда. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Йиғим- терим мавсуми якунланганидан кейин ундан трактор сифатида фойдаланиш ҳам мумкин.

1,5 тонна сиғимли тиркамаси ҳам бўлган бу машина кунига 16 тонна пахтани териш қувватига эга. У ғўзадаги баргларни ажратиб ташлаган ҳолда кўсакдаги ярим очилган пахтани ҳам тера олади. Масъулияти чекланган жамияти томонидан ҳозирча иккита шундай техника сотиб олинган.

Очиғи, далаларимизда пахта териш машинасини кўриш кейинги йилларда камёб ҳолга айланиб қолганди. Кишидан катта куч-ғайрат талаб қиладиган қўл терими машаққатини эса кўпчилик яхши билади. Қолаверса, саҳро бағрида жойлашган Қоровулбозорда теримчиларга эҳтиёж катта. Уларни чамаси 80-100 километр олисда жойлашган Вобкент, Шофиркон, Ғиждувон туманларидан жалб этишга тўғри келади. Бу эса хом ашё таннархига таъсир қилмай қолмайди. Бинобарин, фермеру мутахассисларнинг ҳосилни ёғин-сочинли кунларда қолдирмай йиғиштириб олишда қўл келадиган бу машинадан умидлари катта.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?