Бухорода қиймати 270 млн сўмдан зиёд бўлган табиий газ ўғирланди

20:28 21 Февраль 2025 Жамият
242 0

Бухоро вилоятида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар бермоқда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ.

Қайд этилишича, «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари, туман газ таъминоти бўлими ходимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган рейдларда қатор қонунбузилиш ҳолатлари фош этилди.

Когон туманининг «Ниёз ҳожи» ҳудудида жойлашган хонадон эгаси электрон газ ҳисоблаш ускунасини (ЭГҲУ) яширин равишда четлаб ўтиб, ерости газ қувурига улангани аниқланди. Ҳолат бўйича қайта ҳисоб-китоб амалга оширилди ва 54 миллион 992 минг сўмлик зарар ҳисобланган.

Шунга ўхшаш ҳолат Ғиждувон туманидаги «Дилкушо» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Н.И. хонадонида ҳам кузатилди ва истеъмолчига нисбатан 11 млн сўмлик жарима белгиланган.

Вилоятнинг олис ҳудуди бўлмиш Қоровулбозор туманида фаолият олиб бораётган «К.К.» хусусий корхонаси табиий газдан ноқонуний фойдаланиб, 15 млн 974 минг сўм зарар келтирган бўлса, туманнинг «Чўлқувар» МФЙдаги фуқаро М.Н. хонадонида 53 млн 392 минг сўмлик табиий ресурсдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган.

Бундан ташқари, Қоракўл туманининг «Эски қалъа» МФЙда жойлашган кутубхонада табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди ва 51 млн 891 минг сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди. Туманнинг «Хўжалар» МФЙда жойлашган «А.У.Г.» МЖЧга қарашли умумий овқатланиш масканида ўзбошимчалик билан ҳисоблагичнинг максимал ҳисоблаш чегарасидан ортиқча, лойиҳадан ташқари газ жиҳозлари ўрнатилгани аниқланди ва 51 млн сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган. Тумандаги яна бир ошхонада худди шундай қоидабузарлик аниқланиб, 40 млн сўм миқдорида зарар етказилгани маълум бўлган.

Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича ҳужжатлар тегишли тартибда ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?