Бухорода Кушон даврига оид девор қолдиқлари топилди

14:57 02 Июнь 2023 Маданият
2061 0

Фото: “Халқ сўзи”

Қарийб тўрт йилдирки, кўҳна Бухоро Шаҳристонида археологик қазишма ишлари олиб борилмоқда. Бу масъулиятли, айни дамда шарафли юмушни Ўзбекистон-АҚШ қўшма археологик экспедицияси жамоаси ўз зиммасига олган.

— Биз бу ерда вилоят ҳокимлигининг тегишли хати асосида ЮНEСКОнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда археологик тадқиқот ишларини олиб бораяпмиз, — дейди экспедиция аъзоси, Маданий мерос агентлиги Я. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти кичик илмий ходими Сирожиддин Мирзаҳмедов. — Ўтган давр мобайнида жуда кўплаб топилмаларга дуч келдик. Улар асосан антик даврдан бошлаб XVIII–XIX асрларга тааллуқли топилмалардир. Оташпарастлик даврига тааллуқли, шунингдек, Сомонийлар, Қорахонийлар даврига оид сопол қадоқлар, мис тангалар, кўзалар, уй-рўзғор буюмлари шулар жумласидан.

Биласизми, Бухоронинг юртимиздаги бошқа тарихий шаҳарлардан яққол ажралиб турадиган бир жиҳати бор. Шаҳар шу пайтга қадар ўз жойини ўзгартирмаган. Ҳозир эски шаҳардаги исталган ҳовлида қазишма ишларини олиб боринг, камида икки минг йиллик тарихга эга топилмалар чиқади. Афсуски, бу ҳолат археологик қазишма ишларини олиб боришни мураккаблаштиради.

Фото: “Халқ сўзи”

— Ҳақиқатдан ҳам Бухорода ҳаёт бир лаҳзага ҳам тўхтаб қолмаган, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, Россия Федерацияси Эрмитаж давлат музейи етакчи илмий ходими, археология фанлари номзоди Асан Торгоев. — Қурилиш, бунёдкорлик ишлари асрлар оша давом этган. Экспедициямиз эришган муҳим натижалардан бири бу Кушон даврига оид девор қолдиқларининг топилганидир. Шахсий фикримча, бронза даврида бу ерда дастлабки қишлоқлар юзага келган.

Таъкидлаганимиздек, экспедиция ўз ишини давом эттирмоқда. Кўҳна шаҳарнинг қоқ юраги саналган Шаҳристон ҳали ўз бағрида не-не синоатларни яшириб ётибди. Бу сир-синоатларнинг тагига етиш, уларга илмий баҳо бериш вақт, катта куч-шижоатни талаб қилади, албатта.

Дарвоқе, Шаҳристондаги археологик қазишма ишларидан сўнг бу ерда замонавий технологияларни қўллаган ҳолда “очиқ осмон остидаги музей” ташкил этиш фойдадан холи бўлмасди. Чунки бундай бой тарихга эга гўшалар нафақат юртимиз, балки дунёда ҳам саноқлидир.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер