Бухорода хотин-қизлар форуми ўтказилди
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бобоҳайдар қишлоғи Шофиркон туманидаги энг чекка гўшалардан саналади. Бундан тўрт йил муқаддам шу ерда яшовчи Лобар Ҳайитова ҳудудда мактабгача таълим ташкилотига эҳтиёж борлигини инобатга олиб шу йўналишда тадбиркорликка қўл урди. Оилавий боғча очди.
— Ўшанда атиги етти нафар тарбияланувчи билан иш бошлаганмиз, — дея эслайди у. — Оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишимизда маҳаллий ҳокимликнинг қўллаб-қувватлаши, шунингдек, банк муассасасининг 33 миллион сўм миқдоридаги кредити асқатган. Айни пайтда муассасамизда 85 нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда. Қўшимча бино ҳам қурдик, албатта. Ўн нафар ишчи-ходимимиз бор. Ўзим болажонларни жуда яхши кўраман. Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш орзуйим эди. Ниятимга етдим. Жажжи болажонларни худди ўз фарзандимиздай кўриб, давлатимиз, ота-оналарнинг ишончини қозониш ҳаракатидамиз.

Лобар Ҳайитова билан қисқа суҳбатимиз Бухоро шаҳридаги қадимий Нодир Девонбеги мадрасасида кечди. Бу ерда вилоят ҳокимлиги ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида «Орзудан муваффақиятгача» деб номланган хотин-қизлар форуми бўлиб ўтди. Тадбирда сўз олганлар давлатимиз томонидан аёлларнинг тадбиркорлик, ҳунармандчилик билан шуғулланиши учун яратилган имкониятлар, молиявий муассасалар бераётган имтиёзли кредитлар хусусида атрофлича маълумот бердилар. Таъкидланишича, Президентимизнинг тегишли топшириғига кўра, вилоят бўйича 60 минг нафардан зиёд хотин-қизлар рўйхати шакллантириляпти. Улар орасида ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида юрган юртдошларимиз кўп. Хонадонма хонадон кириб, уларнинг орзу-ниятлари ушалиши учун амалий ишларга қўл урилмоқда. Зеро, иш, ҳунар билан банд аёлнинг оиласи тинч, рўзғорида қут-барака, ҳаловат бўлади.
Форумда тадбиркор аёлларни ишлаб чиқараётган маҳсулотлари бозордан ўз ўрнини топиши учун қўллаб-қувватлаш, уларни кредит маблағлари билан таъминлаш, муаммоларига ечим топиш каби қатор масалалар юзасидан фикрлашиб олинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг