Бухорода “Central Asia – 2023: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот – кутубхона ресурслари” XVI Халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда

12:27 24 Май 2023 Маданият
1753 0

Бухоро шаҳрида “Central Asia – 2023: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот – кутубхона ресурслари” XVI Халқаро конференцияси бўлиб ўтаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳамда бир қатор вазирлик ва муассасалар ҳамкорлигида ташкил этилган бу нуфузли анжуманда Озарбайжон, Қозоғистон, Беларусь, АҚШ, Россия Федерацияси, Туркия каби қатор давлатларнинг вакиллари, республикамиздан эса 400 нафар мутахассис иштирок этмоқда. Унда шунингдек, бир гуруҳ хорижий мутахассис, соҳа экспертлари онлайн тарзда қатнашишаяпти. 

Тадбирнинг “Ёшлар маркази”да бўлиб ўтган очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А. Ходжаев, Бухоро вилояти ҳокими Б. Зарипов, М. Ф. Ахундов номидаги Озарбайжон Миллий кутубхонаси директори, профессор Керим Таҳиров, Москва давлат маданият институти ректори Екатерина Кудрина ва бошқалар сўз олиб, ушбу форум замонавий ахборот технологиялари ривожланиб бораётган даврда ахборот – кутубхона, архив иши, нашриётлар фаолиятини янада равнақ топтириш, китобхонлик маданиятини оширишда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришда ўзига хос майдонча вазифасини ўташини таъкидладилар. 

Анжуманда таъкидланганидек, айни вақтда замонавий технологиялар билан жиҳозланган Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳузурида 14 та вилоят, 186 та туман ва шаҳар ахборот кутубхона маркази фаолият юритмоқда. Турли вазирлик ҳамда ташкилотлар тизимида эса 12, 517 та ахборот – кутубхона муассасаси бор. Фойдаланувчиларга 21 минг нафардан зиёд мутахассис хизмат кўрсатяпти. 

- Ушбу нуфузли анжуманга илк бор иштирок этаяпман,- дейди М. Ф. Ахундов номидаги Озарбайжон Миллий кутубхонаси директори, профессор Керим Таҳиров. - Тадбир дастуридан соҳамизга оид долзарб мавзулар ўрин олган. Бинобарин, жуда қизиқарли маърузаларни тинглаб, тақдимотлар ўтказиб ўзаро тажриба алмашамиз. Бу халқаро конференциядан барчамиз, хусусан, Бухоро вилоят ахборот –кутубхона тизими ютади, деган фикрдаман. Негаки, маданиятлараро мулоқот, ишни ташкил этишдаги илғор тажрибаларни ўзаро баҳам кўриш профессионал мутахассис даражасига етиш сари йўл очади.

- Ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган уйдирмалар, сохта маълумотлардан фойдаланувчиларни ишончли муҳофаза қилишда кутубхоначиларнинг роли жуда катта,- дейди яна бир суҳбатдошимиз, Москва маданият институти қошидаги маданий тадқиқотлар маркази директори, педагогика фанлари доктори, профессор, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган фан арбоби Наталия Гендина. - Жамият тараққиётини китоб ўқиш маданиятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ушбу анжуманга эса биз ҳар гал худди имтиҳон топширишга киргандек келамиз. Чунки инсониятнинг бебаҳо маънавий меросини асраб – авайлаш, уни келгуси авлодларга етказиш, қолаверса, ёш авлод таълим – тарбияси йўлида соҳа ходимларининг олдида турган масъулият жуда катта. 

Таъкидлаш жоизки, анъанавий халқаро анжуманга Бухоро иккинчи бор мезбонлик қилмоқда. Бунда ҳам маъжозий маъно бор. Бу қадимий шаҳар азал – азалдан маданият ва маърифат бешиги бўлиб келган. Буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино ўз асарларида Бухоро ҳукмдорининг бой кутубхонасидаги нодир китобларни мутолаа қилганини алоҳида таъкидлаб ўтган. Шу далилнинг ўзиёқ бу кўҳна заминда китобга меҳру муҳаббат, кутубхонага эътибор жуда катта бўлганини кўрсатади. 

Анжуман дастуридан нафақат республикамиз, балки чет эл мутахассисларининг ҳам долзарб мавзулардаги маърузалари ўрин олган. Зеро, тадбирдан кўзланган мақсад фан, таълим, маданият ва бизнес соҳаларида электрон ахборот ресурсларини ривожлантириш ва қўллашда ахборот – кутубхона муассасалари, ўқув юртлари, архивлар, музейлар ва бошқа ташкилотлар фаолиятини кучайтириш, кутубхона ишининг муаммолари, уларнинг инновацион ривожланиш йўлларини излашдан иборат.

Конференциянинг дастлабки иш кунида бир гуруҳ соҳа ходимларини “Ахборот ва кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. 

Анжуман доирасида шунингдек, “Китоб ва мутолаа жамият тараққиётидаги стратегик ресурс” II Ҳамдўстлик форуми бўлиб ўтади. 

Халқаро конференция 26 майда ўз ишини якунлайди. 

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер