Бухорода 500 АҚШ доллари эвазига университетга ишга киритиб қўймоқчи бўлган аёл қандай жазо олди?

Иллюстратив фото
Бухоро шаҳридаги мактаблардан бирида меҳнат қилаётган Наргиза Баҳодирова (исм – шарифи ўзгартирилган) дурустроқ маош олиш илинжида Бухоро давлат университетига ишга жойлашмоқчи бўлди. Бир таниши орқали «Гулноз Гулямова» деган аёлнинг телефон рақамини олди. Бу юмушга айнан шу аёл ёрдамлашиши мумкин эмиш. Ўз навбатида Г. Гулямова «холис» хизмати учун 500 АҚШ доллари сўради.
Асл касби психолог бўлган Н. Баҳодировага, афсуски, касбий тажрибаси ёрдам бермади. Акс ҳолда ҳеч қаерда ишламаётган, илгари ҳам жиноий иши учун судланган бу аёлнинг асл қиёфасини билиб олган бўлур эди. Қолаверса, ўқимишли, ўзини зиёли санайдиган айрим кишилар нега кимларнингдир воситасида «ёғлироқ» ишга жойлашиш мумкин деб ўйлашади? Мана шу жиҳат хавотирли, албатта.
Келинг, мавзуга қайтайлик. Н.Баҳодирова 400 доллар миқдоридаги нақд пулни берди. Тютерлик лавозимига ишга жойлаштирганидан сўнг қолган 100 АҚШ долларини беришини айтди. Шундан кейин сайтга ўзининг паспорт ва диплом нусхаларининг электрон шаклларини тютерликка ишга қабул қилиниши учун жойлаштирди. Аммо ушбу сайт орқали иш стажи икки йилдан кам бўлганлиги сабабли тютерликка қабул қилинмаслиги тўғрисида жавоб келди. Ишга кира олмаслигига кўзи етган Н. Баҳодирова Г. Гулямовадан пулни қайтаришни сўради. Фирибгар аёл эса узоқ ваъдалардан сўнг ниҳоят пулни бир таниши орқали етказаётган паллада жиноий қилмиши ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ходимлари томонидан фош этилди.
Яқинда жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида мазкур жиноий иш атрофлича кўриб чиқилди.Судья Н. Шаропов раислигида ўтказилган судда Гулноз Гулямовага икки йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Буюк Британия бош вазири жаримага тортилди
- Мактабларда тил ва касб ўргатишни ривожлантириш чоралари белгиланди
- «Ватан — бамисоли қуёшга ўхшаш...»
- Буркина-Фасода ўғирлаб кетилган аёллар озод қилинди
- Транспорт вазирлари «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилишини муҳокама этишди
- АҚШ бой берилган ҳудудларни Украинага қайтаришга эришиш ниятида эканлигини маълум қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг