Бухоро шаҳрида иккита пиёдалар ер ости ўтиш йўли фойдаланишга топширилди

14:40 07 Декабрь 2023 Жамият
590 0

Фото: “Халқ сўзи”

Мамлакатимизнинг йирик шаҳарларида бўлгани каби Бухорода ҳам йўлларнинг тирбандлиги долзарб масалага айланиб боряпти. Дейлик, шаҳарнинг халқ тилида “Вокзал” деб аталувчи манзили чорраҳаси кунига 15 мингтача автомобиль ўтказиш қувватига эга. Автомобиль воситаларининг кескин кўпайиб бораётгани ҳисобига бу йўлдан кунига 30 мингтагача автоулов ҳаракатланаётгани кузатиляпти.

Пиёдалар ер ости ўтиш йўллари барпо этишга муаммонинг ечими сифатида қарамаяпти. Айнан шу манзилда байрам арафасида “Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси томонидан узунлиги 36 метр, кенглиги 4 метр, баландлиги 2,5 метр бўлган замонавий кўринишдаги ер ости йўли қурилиб фойдаланишга топширилди. Туннелни бунёд этиш учун 6,9 миллиард сўм маблағ сарфланди. Ўзига хос архитектура асарига менгзаш мумкин бўлган бу иншоот деворида кўҳна Бухоро манзаралари акс эттирилган. Кечаю кундузи ёп-ёруғ йўлда кузатув камералари ҳам ўрнатилган. Бу иншоот йўлдаги тирбандликни камайтиришда, автомобиллар ёқилғиси сарфини камайтиришда, энг муҳими, пиёдалар хавфсизлигини таъминлашда қўл келади.

Эътиборлиси, шаҳарнинг тирбандликлар кузатилаётган яна бир манзили — республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали олдида ҳам худди шундай ер ости пиёдалар ўтиш йўли фойдаланишга топширилди. Бунга қадар эса шаҳарга кираверишдаги Работак аҳоли пунктидаги магистраль йўлда, шунингдек, одамлар билан гавжум “Карвон бозори” ёқасида ҳам шундай иншоотлар барпо этилган эди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?