Бухоро давлат тиббиёт институти Ўзбекистон ОТМлари ичида биринчи бўлиб хорижда ўз филиалини очди

00:22 29 Сентябр 2020 Жамият
4687 0

“Халқ сўзи ONLINE”

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти Ўзбекистондаги хорижий мамлакатларда ўз филиалини ташкил этган илк олий таълим муассасасига айланди. 

Гап шундаки, институт Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳридан 20 км. узоқликда жойлашган Ноида халқаро университети базасида ўз филиалини ташкил этиш бўйича меморандум имзолади. 

Унга биноан 2020-2021 ўқув йилидан институт профессор-ўқитувчилари МББС (Тиббиёт ва жарроҳлик бакалаври) дастури асосида ўқишга қабул қилинган Ҳиндистон фуқароларига ўз мамлакатларида таҳсил беришади. Келишувга биноан, Ноида халқаро университети таълим жараёни учун зарур инфратузилма, моддий-техник база, ўқув лабораториялари ҳамда клиник базалардан фойдаланиш бўйича ёрдам кўрсатади. Ўқишга қабул қилинган талабалар биринчи икки йилни Ҳиндистонда, қолган 3 йилни эса Бухорода ўтказишади. Бу бугунги пандемия шароитида ҳинд талабаларининг ўз ватанларида туриб таҳсил олишлари учун ҳам қулай имкониятдир. 

“Халқ сўзи ONLINE”

Бухоро давлат тиббиёт институти, Ноида халқаро университети ҳамда "PeopleHive" компанияси ўртасида имзоланган ушбу уч томонлама меморандум мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг халқаро жозибадорлигини таъминлашда, таълим экспорти орқали институт моддий барқарорликни оширишда ҳамда халқаро рейтингларда ўрин эгаллашига асосий восита бўлиб хизмат қилади.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Бухоро давлат тиббиёт институти 2019 йилда Ҳиндистон фуқароларига таълим бериш ҳуқуқини берувчи Тиббиёт кенгаши аккредитациясидан ўтган эди. Ўтган ўқув йилида 50 га яқин ҳинд фуқаролари ўқишга қабул қилинган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?