Бухоро амирлиги хазинаси қандай юзага келган?

Бухоро амирлигининг хазинаси билан боғлиқ мавзу кўп йиллардан буён жамоатчиликни қизиқтириб келмоқда. Табиийки, бу хазина ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас. Унинг манбавий асослари XVI асрга бориб тақалади. Биласиз, шайбоний ҳукмдорлардан Убайдуллахон даврида (1533–1539 йиллар) давлат яъни Бухоро хонлиги пойтахти Самарқанддан Бухорога кўчган. Бухоро амирлиги хазинаси дейилганида XVI-XX асрлар давомида хонлар ва амирлар томонидан тўпланган бойлик назарда тутилади.
Айниқса, 40 йил ҳукмдор бўлган шайбоний Абдуллахон II даврида Бухорода катта хазина юзага келди. Бунга унинг пул ислоҳоти сабаб бўлди. Ҳукмдор олтин пул зарб этиб, унинг таркибига қиймати паст ҳисобланган бошқа маъданларнинг аралаштирилмаслигини қаттиқ назорат остига олди. Олтин пулларнинг хонлик бутун ҳудудида муомалага киритилиши ҳокимиятнинг янада марказлашувига, хазинанинг бойишига, савдо-сотиқнинг ривожланишига олиб келди. Ундан кейин ўтган хонлардан бири Убайдуллахон II (1702–1711) мамлакатда пул ислоҳоти ўтказиб, битта олтин тангага тўртта мис тангани тенглаштирди. Хазинанинг миқдори, унга қўшиб турилган янги буюмлар ҳақидаги маълумот фақат ҳукмдор ва хазинабонга маълум. Амирлик хазинаси лабиринт йўлли ертўлаларда сақланган. Ҳатто қўриқчилар ҳам нимани қўриқлаётганидан хабарсиз бўлган.
Сўнгги аштархоний ҳукмдор Абулфайзхон (1711–1747 йиллар) ҳукмдорлиги даврида Қизилқум чўлларидан олтин конлари топилди. Улар барчадан сир тутилди. Конларда ўзга ўлкалардан сотиб олиб келтирилган қуллар ишлатилди. Улар орасида ҳарбий тўқнашувларда асирга олинганлар ҳам бор эди. Қазиб олинган олтин туяларда яширин тарзда Бухорога келтирилар, ташиб келган 40 кишининг 39 нафари йўқотиларди. Фақат бир кишинигина ҳаёти сақлаб қолинарди. У йўлни кўрсатувчи вазифасини ўтарди. Олтиндан «ашрафий» тилла танга зарб этиларди. Манбаларда келтирилишича, сифати юқори битта тилла тангага 30 таноб ер сотиб олиш мумкин эди. Бу тахминан 2,5 гектар майдон деганидир.
Кейинчалик амирликнинг Амударё, Панж, Вахш, Қизилсув, Кўчатдарё, Яхсув деган ҳудудларидан ҳам олтин конлари топилган.
Амир Шоҳмурод ҳам соф олтин ва кумуш тангалар забт этганини «Мактуботи Амир Ҳайдар» қўлёзма асари орқали билиб олишимиз мумкин. Унинг олтин тангалари олд қисмига «Раҳмат бод бар масъум Ғозий» яъни Маъсум Ғозийга (Шоҳмуродга) раҳматлар бўлсин» деб ёзилган. Орқа қисмида «Зарби Бухорои шариф» («Бухорои шарифда зарб қилинган) деган сўзларни ўқиш мумкин. Ҳар икки томонига зарб қилинган сана қайд этилган. Шу билан бир қаторда, айрим тангаларда сана бўлган ҳолда ҳукмдор исм-шарифи ёзилмаган. Шу туфайли йилига қараб олтин танга қайси ҳукмдорга тегишли бўлгани аниқланган. Тоза, қиймати юқори шундай олтин тангалар Амир Абдулаҳадхон ( 1885–1910 йиллар) даврида ҳам зарб этилган.
Эътиборлиси, 175 йиллик тарихга эга хазина Амир Музаффар даврида ҳам дахлсиз сақланган. Хазинадан хабардор бўлган Россия мустамлакачилари Зирабулоқ жангидаги мағлубиятдан сўнг (1868 йилнинг июни) ундан 170 минг олтин танга товон пули талаб қилишган. Шунда ўзаро маслаҳатлашув чоғида амалдорлардан Усмонбек тўқсоба «Ғайридинларга бунчалик товон пулини тўлашдан кўра танада бир қатра қон қолгунича душманга қарши курашган маъқул», деган фикрни билдирган.
Амирлик хазинаси ҳарбий ўлжалар, халқаро савдо-сотиқдан тушган даромадлар, қоракўл савдоси, конлардан олинган олтин, кумуш ва бошқа қимматбаҳо маъданлар, совға-саломлар ҳисобидан тўлдириб борилган. Унга дахл етказиш жиноят ҳисобланган. Эътиборлиси, Бухорода ҳукмдорлик қилган шайбонийлар, аштархонийлар, манғитлар даврида кўп асрлик хазинага ҳеч ким кўз олайтирмаган. Бир сулола ўрнига иккинчиси тахтга ўтирганда ҳам бу анъана сақланиб қолган. Давлат харажатлари тўпланадиганидан эмас, балки сарфланадиган хазина ҳисобидан қопланган.
Гап олтин ҳақида бораркан, 1898 йилда тузилган уч томонлама шартнома, ўлкамизга россиялик маъдан қазувчиларнинг кириб келиши, амирлик хазинасининг кейинги тақдири алоҳида тадқиқ этиладиган мавзулардир. Дарвоқе, бу ҳақда Қ. Санақулов, О. Ҳаитовалар муаллифлигида чоп этилган «Бухоро амирлиги хазинаси: тарих ҳақиқати» деб номланган рисолада батафсил сўз юритилган.
Шодмон ҲАЙИТОВ,
Бухоро давлат университети профессори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг