Бухоро амирининг зиндони одамларни нимаси билан ваҳимага солган?

03:34 04 Февраль 2022 Жамият
4713 0

Фото: Халқ сўзи

Бухоро шаҳрида тепалик устида қад ростлаган иккита тарихий ёдгорлик бор. Бири Арк қалъаси. Иккинчиси эса амирнинг зиндони. ХVIII асрда бунёд этилган зиндондан манғитлар сулоласининг сўнгги вакили Амир Олимхон даврига қадар фойдаланилган. Айни пайтда бу ерда Бухорода ҳуқуқ ва қонунчилик тарихи музейи жойлашган.

— Тарихдан маълумки, амирлик жуда катта ҳудудни эгаллаган, — дейди мазкур музей мудири Аҳаджон Ғаниев. — Лекин жиноят содир этиш ҳоллари кўп учрамаган. Манбаларда ёзилишича,1911 йилда зиндонда 84 нафар маҳбус сақланган. Амир Олимхон шу йили тахтга чиқиши муносабати билан уларнинг 70 нафарини афв қилган ва буғдой солиғини бир тангага тушириш тўғрисида фармойиш берган.

Музейдаги экспонатлар орасида Франциялик фотосуратчи Пол Надар томонидан 1890 йилда суратга олинган зиндон тасвири бор. 1896 йилда эса даниялик сайёҳ Орде зиндонда хизмат бурчини ўтаётган миршабларни суратга олган. Зиндонни 32 нафар миршаб ҳар уч суткада алмашиб қўриқлаган. Оёқ остига қайроқ тош терилган. Миршаблар пойабзали остига эса нағал урилган. Улар юрганида нағал тошга тегиб, ваҳимали товуш чиқарган.Бу маҳбусларга «Қочишни хаёлингга ҳам келтирма, биз шу ердамиз», деган маънони берган.

Зиндонда қарздорларнинг икки тоифаси учун алоҳида хоналар бўлган. Бирида одамлардан қарз олиб вақтида қайтармаган фирибгару каззоблар, иккинчисида эса солиқ бўйича қарздорлар сақланган.

— Зиндоннинг халқ тилида «Канахона» деб аталган жойи одамлар юрагига чинакамига ваҳима солган, — дейди А. Ғаниев бизни ўша томон бошларкан. — Чуқурлиги 6,5 метр, диаметри 5,5 метр бўлган, дафъатан қудуқни эслатувчи бу жойда ширк амаллар, яъни ёмон ишлар қилган, одамларга суиқасд уюштирган кимсалар ҳамда сиёсий маҳбуслар сақланган.

«Канахона» деворининг қалинлиги беш метрни ташкил этади.Бу ерга ташланган маҳбусларнинг омон қолишлари даргумон эди.Гарчи, тепада қуёш нури тушиши учун туйнук қўйилган бўлсада, ичкаридаги захлик, намлик жиноятчини адойи тамом қилган. Зах жойда эса, биламизки, кана, бурга каби одам қонига ташна ҳашаротлар кўп урчийди.

Шубҳасиз, зиндон ўзига хос меъморий ечимга эга иншоотдир. Ўтмиш нафаси уфуриб турган бу гўшага келган киши умрнинг жуда қисқалигини, инсон шу фурсат ичида фақат эзгу амаллар қилиши зарурлигини англаб етади. Ҳурлик, озодликнинг нақадар бебаҳо неъмат эканини ҳис этади. Зеро, зиндон порахўру фирибгар, ўғри муттаҳамларнинг борар манзили қаер эканидан барчани огоҳ этиб турибди!

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?