Бухоро амирига шарт қўйган уста
Бухоро амирининг ёзги саройи саналган Ситораи Моҳи Хоссада 700 дан зиёд экспонат мавжуд. Уларнинг ҳар бири халқимиз тарихи, маданиятининг ажралмас бир бўлаги сифатида қадрли. ”Ситораи Моҳи Хосса”- халқ амалий безак санъат музейи жойлашган бу гўшанинг хусусан, “Оқ уй” (“Хонаи сафед”)и бошқача.
Уни 1912 – 1914 йилларда Уста Ширин ўз шогирдлари билан қуриб, пардозлаган. Эътиборли жиҳати шундаки, ўша пайтга қадар ганчкорликда “заминкор пардоз”, “табақа пардоз” каби жами беш хил услуб бор эди. Уста Ширин эса ҳеч ким юрмаган йўлдан боради. Ойнапардоз услубини яратади. Яъни деворлардаги ойнанинг устида ганчдан безак беради. Натижада жуда гўзал ва бетакрор манзара ҳосил бўлади. Бу гўзалликдан мана юз йилдан ошибдики, минг – минглаб сайёҳлар баҳра олиб, мумтоз санъатимиз мўъжизасидан ҳайратга тушаяптилар.

- Айтишларича, ўзига ёзги сарой қурдириш фикрига келган Амир Олимхон Уста Шириннинг маҳоратидан хабар топиб, уни ҳузурига чорлайди,- дейди ”Ситораи Моҳи Хосса”- халқ амалий безак санъат музейи директори Суҳроб Салимов. - Унга бўлажак саройга дунёда ўхшаши йўқ безак ишларини бажариш топшириғини беради. Шунда уста розилик билдириб, бир шарт қўяди. “Безак ишлари тугамагунга қадар “Оқ сарой”га ҳеч ким кирмаслиги керак”, дейди. Амир бу шартга кўнгач, Уста Ширин ўз қаватига қирққа яқин шогирдларини олиб ишга киришади. Гап шундаки, уста ва шогирдлари ҳар бирининг ганчкорликда ўз услуби бўлган. Бир – бирини такрорламаган. Кишидан бениҳоя катта сабр – тоқат, қунт,нозик дид, маҳорат талаб қиладиган ҳунар ортидан яхлит ойна устида 100 минг бўлакдан иборат нақшинкор манзаралар яратилган.
Воқеалар ривожидан ўзиб айтиш лозимки, Уста Ширин Муродов 1943 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвони билан тақдирланган,Ўзбекистон Фанлар академиясининг фахрий аъзоси этиб сайланган. Замона зайли билан ҳеч қаерда ўқимаган, ҳаётдан сабоқ олган бу юртдошимиз тақдири бутун бошли китобга арзигуликдир. Биз фақат унинг ёшлигида отасидан жудо бўлиб, амакиси уста Ҳаёт қўлида тарбия топганини, бинокорлик, ганчкорлик, рассомликни мукаммал ўрганганини таъкидламоқчимиз, холос.

Бухородаги ўнлаб қадимий обидаларни асл ҳолига келтиришда, Тошкентдаги муҳташам иншоотларда ганчкорлик санъатининг бетакрор намуналарини яратишда жонбозлик кўрсатган, бутун бошли мактаб яратган Уста Ширин Муродов 1957 йилда вафот этган. 2001 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- Ўзбекистонда илмий лабораторияларнинг сунъий интеллектга асосланган ягона илмий платформаси ишга туширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг