Бухоро амиридан мерос қолган товуслар

Фото: Халқ сўзи
Шу кунларда Бухоро амирининг ёзги саройи саналган Ситораи Моҳи Хоссадан сайёҳлар қадами узилмаяпти. “Ситораи Моҳи Хосса” - халқ амалий безак санъат музейи жойлашган бу сўлим гўша хорижий меҳмонлар эътиборини нафақат нодир ва ноёб экспонатлари, балки товуслари билан ҳам ўзига тортмоқда. Улар бу гўзал қушлар атрофида парвона бўлиб, ўз ҳайратларини яшира олмаяптилар.
Товусга “гўзал қуш” иборасини бежиз қўлламаяпмиз. У патларини ёзганида жуда катта елпиғич шаклига келади. Ундаги кўк, яшил, сариқ тусли бўёқлар ўзаро уйғунлашиб, бу “елпиғич”нинг ранг – баранг товланишига олиб келади. Айнан шу ҳолат товусларга товуқсимонлар оиласи орасидаги энг гўзал қуш, деган эътирофни келтирган, десак хато қилмаймиз.

Табиийки, кўпчиликни бу қадимий масканга товуслар қандай келиб қолган, деган савол қизиқтиради.
- Ушбу ҳудуд салкам етти гектар майдонни ташкил этади,- дейди музей директори Суҳроб Салимов. - 700 дан зиёд экспонат мавжуд. Бундан ташқари, 260 ёшли тут, 170 ёшли эман, шунингдек, юз ёшдан ошган каталпа, туя дарахтлари бор. Биз уларга “Амирни кўрган дарахтлар”, деб таъриф берамиз. Товусларга келсак, уларнинг бу ерга келиш тарихи бевосита Бухоро амирига бориб тақалади. Гап шундаки, Амир Олимхонга Ҳиндистондан бир жуфт товус совға қилишади. Бу қушлар жаннатмонанд гўша саналган Ситораи Моҳи Хоссага узукка кўз қўйгандек ярашиб тушади. Товуслар маҳаллий иқлим шароитига мослашади. Тухум қўйиб кўпаяди. Сайёҳлар завқу шавқ билан томоша қилиб турган бу қушлар ўша товусларнинг аждодлари саналади.
Айтишларича, товусларнинг эркаги патини ёзиб, ўзини кўз – кўз қилади. Шу тариқа урғочиларининг эътиборини тортиш пайида бўлади. Ёзга келиб, патини тўкади. Урғочиси эса ўзига маъқул жойга, ҳатто қамишлар орасига ҳам тухум қўяди. Одам қўли тегса жўжа очиши даргумон. Ўт-ўланлар, арпа,буғдой, нон асосий озуқаси саналади. 15 – 20 метр масофа қадар уча олади. Агар рисоладагидек парвариш қилинса тез кўпаяди. Буни кейинги беш – олти йилда улар сони ўттиздан ошгани ҳам кўрсатиб турибди. Ситораи Моҳи Хоссада улар учун махсус қафас тайёрланган. Товусларни касалликка қарши йилига икки бор эмлашади.

Дарвоқе, бу гўзал қушларни айни пайтда Бухоро туманидаги қадимий “Чорбакр” ҳамда Ғиждувон тумани марказидаги Хўжа Абдулхолиқ Ғиждувоний қадамжоларида ҳам учратиш мумкин. Улар бу масканларга айнан Ситораи Моҳи Хоссадан туҳфа сифатида берилган.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг