Бугунги болаларни алдаб бўлмайди

17:53 21 Апрель 2022 Жамият
530 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилоятида жорий йил ёз мавсумида 140 та болалар оромгоҳида 32 минг 500 нафар, шундан 17 та стационар оромгоҳда 11 минг, 123 та кундузги оромгоҳда 21 минг 500 нафар ўғил-қизларнинг ҳордиқ чиқариши мўлжалланмоқда.

Айни мақсадда тегишли ташкилот, муассаса ва шаҳар-туман ҳокимликларига стационар оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш учун 2022 йил февраль ойидаёқ Фарғона вилоят ҳокими томонидан топшириқ хатлари берилган. Афсуски, орадан шунча вақт ўтган бўлишига қарамай, мавсум тайёргарлиги борасидаги ишлар барча шаҳар-туманларда ҳам белгиланган режа асосида ташкил этилаётгани йўқ.

— Бир мавсумда 200 нафар болани қабул қилишимиз керак ва бу борада ҳали баъзи камчиликларимиз бор, — дейди Қувасой шаҳрида жойлашган «Ниҳол» оромгоҳи раҳбари Куртзаде Умерова. — Яъни оромгоҳимизда таъмирлаш ишларини бажариш учун 40 млн сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланди. Маблағ масаласи тўлиқ ҳал этилгач, мавсум бошланишига қадар белгиланган юмушларни амалга оширамиз.

Олтиариқ туманининг сўлим Қапчуғай массивида фаолият кўрсатувчи «Юлдуз» оромгоҳига 800 метр масофадан ичимлик суви тармоғи тортиш ва ён-атрофини иҳоталаш зарур. Оромгоҳда бўлганимизда бу ерда маҳалла аҳли ўз ташаббуси билан ҳашар уюштираётганини кўриб, мамнун бўлдик.

— Ҳудудни ободонлаштириш, деворларни оқлаш ишларида баҳоли қудрат ёрдамлашяпмиз, — дейди маҳалланинг бир гуруҳ фахрийлари. — Чунки бу ерда набираларимиз ёзги таътилни мароқли ўтказишларини истаймиз.

Ўрганишлар давомида маълум бўлишича, табиати дилкушо Фарғона туманида бир қатор оромгоҳлар хусусийлаштирилган. Тадбиркорлардан бири оромгоҳни замонавий мезонлар асосида таъмирлатаётган бўлса, яна бири оромгоҳ ўрнида санаторий-курорт маскани барпо этишни режалаштирмоқда. Бундай оромгоҳларни иқтисодий жиҳатдан барқарор корхона ёки ташкилотга инвестиция киритиш, фаолиятини сақлаб қолиш шарти билан бериш масалаларини ҳал этиш учун Давлат активларини бошқариш агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий бошқармасига алоқа хатлари чиқарилган.

Таъкидлаш жоизки, вилоятда мавсум тараддуди билан боғлиқ ишлар қониқарли даражада эмас. Мисол учун, «Водил чақмоғи» (Фарғона тумани) оромгоҳида ҳали қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланмаган, «Автомобилчи» (Риштон тумани) оромгоҳига 800 метр масофадан ичимлик суви тармоғи тортиш, «Юлдуз» (Бешариқ тумани) оромгоҳида капитал таъмирлаш, «Роҳат» (Қувасой шаҳри) оромгоҳида эса ҳудудни ободонлаштириш, ташқи фасадларни яхшилаш керак. Лекин мутасаддилар ҳозирча зиммаларидаги масъулиятни тўлиқ ҳис этаётгани йўқ.

Бувайда, Тошлоқ, Ёзёвон ва Қува туманлари халқ таълими бўлимлари тасарруфидаги мослаштирилган ҳолда мактаб-интернат ва касб-ҳунар таълими мактаблари қошида ташкил этиладиган «Бувайда ёшлар орзуси», «Оқ олтин», «Гулшан», «Қалдирғоч» оромгоҳларида ўқув йили тугагач, май ойининг иккинчи ярмида таъмирлаш ишлари бошланиши маълум қилинди.

— Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳлар оромгоҳлардаги мавжуд ҳолатни ўрганиш ва уларни талаб даражасига келтириш бўйича тегишли тақдимнома тайёрлаб, шаҳар-туман ҳокимликлари ҳамда тасарруф этувчилар маъмуриятларига киритмоқда, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши мутахассиси Ғанишер Пайзиев. — Унга кўра, «Ҳумо» (Фарғона шаҳри), «Тонг» (Фарғона тумани) оромгоҳларида келишув шартларининг бажарилиши, фаолият тури сақлаб қолинишини назорат қилиш, «Фарғонаазот» АЖ тасарруфидаги «Кимёгар» оромгоҳини иқтисодий жиҳатдан барқарор корхона ёки ташкилотга инвестиция киритиш шарти билан бериш ҳамда «Оммавий савдолар орқали сотишга таклиф қилинаётган кўчмас мулк объектлари» рўйхатидан чиқариш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.

Фурсат кутиб турмайди. Ҳадемай навбатдаги ўқув йилини ҳам якунлаб, таътилга чиқадиган болаларимиз ёз завқини ҳис қилишлари учун баъзи масъуллар мудроқлик уйқусидан уйғониши лозим. Чунки вақт оз қолганида шошма-шошарлик қилиш, камчиликларга кўз юмиш, «Бизга бўлаверади!» қабилида ўзларини ва ўзгаларни алдашга уринмаслиги керак. Ҳар ҳолда бугунги болаларни алдаб бўлмайди!

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер