Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ёшларга берилаётган эътибор қай даражада?

23:18 02 Июль 2021 Маданият
1808 0

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ёшларга берилаётган эътибор масалалари» мавзусида навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Йиғилишда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижросини таъминлаш бўйича қилинаётган ва қилиниши керак бўлган бир қатор ишлар кўриб чиқилди.

Жумладан, «Абдулла Орипов издошлари», «Ўткир Ҳошимов асарлари билимдони» кўрик-танловларининг биринчи босқичи барча туман ва шаҳарларда ўтказилди. Уларга мамлакатимиздаги 9000 га яқин умумтаълим мактаблари жалб этилди. Танловларнинг вилоят босқичи май ойининг иккинчи ярмида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида бўлиб ўтди. Босқич якунига кўра, «Абдулла Орипов издошлари» кўрик-танлови бўйича бир нафар, «Ўткир Ҳошимов асарлари билимдони» кўрик-танлови бўйича бир нафар, атоқли адиблар номи билан аталувчи ижод мактабларидан ҳам худди шундай икки нафардан жами 46 нафар иштирокчи Республика босқичига йўлланма олишди. Республика босқичи жорий йил октябрь ойининг биринчи ярмида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

«Буюк ўзбек йўли» номли мақолалар тўплами, «Келажакка бошлайди ишонч» номли шеърий асарлар мажмуаси, «Орзулар хиёбони» номли насрий асарлар тўплами учун асарларни саралаш ва таҳрир қилиш ишлари олиб борилмоқда.

«Катта адабиёт байрами» ҳафталиги доирасида 72 та маънавий-маърифий ўтказилиб, уларга 120 нафар ижодкорлар жалб этилди. 2021 йил 5-7 апрель кунлари Бўзатов туманида шеърият фестивали бўлиб ўтди. Фестиваль жараёнида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан 400 га яқин китоблар ёш ижодкорлар ва кутубхоналарга ҳадя этилди. 50 нафарга яқин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ижодий машғулотлар ва тадбирларда қатнашди. Фестиваль доирасидаги тадбирларда икки мингдан ортиқ аҳоли, ёшлар ва кенг китобхонлар оммаси иштирок этди. Фестиваль якунида ижодкорлар томонидан ўндан ортиқ шеър ва мақолалар ёзилди ва матбуотда эълон этилди.

Шоир ва таржимон Ҳамза Ўзтуркчи томонидан нашрга тайёрланган «Замонавий ўзбек ҳикоялари» номли тўплам Туркиянинг Анқара шаҳридаги “Hece Yayinlari” нашриётида нашр этилди. Ундан Эркин Аъзам, Ўткир Ҳошимов, Нурали Қобул, Назар Эшонқул, Луқмон Бўрихон, Улуғбек Ҳамдам каби устоз ижодкорлардан тортиб, Жасур Кенгбоев, Нодирбегим Иброҳимова, Жавлон Жовлиев каби ёш ижодкорларнинг ҳам ижодий ишлари ўрин олган.

2021 йилги Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинарининг ҳудудий саралаш босқичларида 160 нафардан зиёд ёш ижодкорлар иштирок этди. Барча ҳудудий ва минтақавий босқичлари муваффақиятли ўтказилиб, 67 нафар ёш ижодкор Республика босқичида қатнашиш учун йўлланма олди.

Ёзувчилар уюшмаси қошида ташкил этилган «Зулфияхоним қизлари» клуби аъзолари иштирокида Ёзувчилар уюшмасида 11 марта, Адиблар хиёбонида 6 марта учрашув ва мулоқот, 16 марта онлайн мушоира ўтказилди. Клуб аъзоларидан 3 нафар иқтидорли қиз Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди.

2021 йилда 3 марта — 20 январь, 25 февраль, 16 апрель кунлари «Зомин» семинарининг 2018-2020 йиллардаги иштирокчилари бўлган ёш ижодкорларнинг «Биринчи китобим» лойиҳасида чоп этилган 38 та китоби тақдимот маросими бўлиб ўтди. Ёзувчилар, шоирлар, драматурглар, адабиётшунос олимлар, таржимонлар, ёш ижодкорлар иштирок этган маросимларда муаллифларга қалам ҳақи ва ўз китоблари топширилди. Тақдимот тадбирларида 9 нафар ёш ижодкор Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиниб, гувоҳномалар топширилди.

Жорий йил март ойидан бошлаб Адиблар хиёбонидан самарали фойдаланиш ҳамда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижод намуналаридан кенг жамоатчиликни хабардор этиш мақсадида ҳар шанба куни «Хиёбон оқшомлари» маданий-маърифий тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Мамлакатимизда ижод қилаётган истеъдодли ёш ижодкорларнинг асарларидан иборат тўпламларни чет тилларда нашр этиш ва хорижда кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан махсус ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ёш ижодкорларнинг ижодий ишлари тенгдошлари томонидан инглиз, рус, турк ва бошқа тилларга таржима қилинди. Айни пайтда мазкур ижодий ишлар сараланиб, китоб ҳолида чоп этишга тайёрланмоқда.

Раҳматжон Бобожонов
(«Халқ сўзи») ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?