Бугун — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али таваллуд топган кун

12:05 01 Март 2023 Маданият
973 0

Фото: Архив сурат

Истеъдодли шоир, адиб ва таржимон Муҳаммад Али (Муҳаммад Али Аҳмедов) 1942 йил 1 мартда Андижон вилоятида туғилган.

Ижодкор «Фазодаги ҳислар», «Шафақ», «Оталар юрти», «Достонлар», «Оқ нур», «Илҳом париси», «Сен бир гулсан», «Она дуоси» ва бошқа шеърий асарлари, «Боқий дунё», «Улуғ салтанат», «Сарбадорлар» каби назмий ва насрий романлари билан миллий адабиётимизни бойитди. Адибнинг ўнлаб таржималари китобхонлар қўлига етиб борган.

ИЗҲОР

Шукрлар қиламан сенга, Худойим,

Қутлуғ айёмларга етганим ҳаққи.

Қўлга қалам тутиб, имоним қоим,

Ушбу сатрларни битганим ҳаққи.

Умр чархпалагин бўлмайди буриб,

Ёшгина болага ширин сўз ғурур.

Мен ношуд замоннинг тубинда туриб,

Умидвор қидирдим гумбазлардан нур.

Илк бора сабоқни олдим онамдан,

Мурғак қаламимга отам ишонди.

Қутлуғ номи қора бўлган у дамда,

Бордим азиз айлаб Дукчи эшонни.

Талаба эканман ғурбатда ғариб,

Ёш кўнглим ёритди «Машраб» деган ном.

Жафокаш тарихга термилган сарим,

Қадимги қўшиқлар бахш этди илҳом.

Халқим туҳматларга қолганда ногоҳ,

«Ўз-ўзинг англа!» деб майдон отилдим.

Чидамоқ мушкулдир, Конигилда, оҳ,

Сарбадорлар билан дорга тортилдим...

Темурбек этагини тутиб босафо,

Табаррук изларин тавоф айлайман.

Нўноқ қаламимни йўниб бу асно

Жонимни ўтларга урмоққа шайман…

Сени севганимдан ҳаётим обод,

Шодлик-қувончингман, оҳу нолангман.

Атрофга кўз солсам, гувиллар ҳаёт,

Ҳур элим, саксонга кирган болангман!..

Шукрлар қиламан сенга, Худойим,

Ушбу сатрларни битганим ҳаққи.

Қўлга қалам тутиб, имоним қоим,

Қутлуғ айёмларга етганим ҳаққи...

ҲАЁТ АБАДИЙ

Том бошида ёйилган хирмон,

Дон шопирар буғдойранг аёл.

Гоҳ кўзлари бўлиб нигорон

Йироқлардан чорлайди шамол.

Ғув–ғув эсиб қолар шабада,

Дон қуйилар ғалвирдан шов–шув.

Пастда эса, мўъжаз кулбада

Ўғилчаси ётар беуйқу.

Ҳув нарида, тоғлар бошида

Куйлаб ётар шалола шов–шув

Ва аёлнинг шундоқ қошида

Сирғанади шабада ғув–ғув...

Дон шовуллар, шовуллар хаёл,

Мавжудот ҳам қайтарар садо.

Эсишини ҳеч қўймас шамол,

Ғалвирда ҳам дон бўлмас адо....

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер