Навоийда «Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси» анъанавий халқаро симпозиуми ўз ишини бошлади

16:04 08 Февраль 2025 Маданият
698 0

Темур ЭШБОЕВ/ «Халқ сўзи». Шу кунларда дунё жамоатчилиги ғазал мулкининг султони, бутун турк дунёси «шамс ул-миллат» — миллат қуёши деб, эъзоз билан тилга олувчи, умрини туркий тил мавқеини кўтариш, туркий адабиёт имкониятларини дунёга тан олдириш, туркий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашга, жамиятда ҳақиқат ва адолат мезонларини қарор топтиришга бағишлаган атоқли шоир, давлат ва жамоат арбоби Амир Низомиддин Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллигини нишонламоқда.

Шоҳ мисралари на макон ва на замон танламайдиган шоирнинг ижодидан бугун нафақат туркий олам, балки бутун инсоният баҳраманд бўлиб, ҳар бир авлод унинг асарларидан янги-янги қирраларни кашф этмоқда.

Мустақиллик халқимизга шоир ижодини тадқиқ этиш билан бирга ҳазратнинг асарларидан улкан маънавий қувват олиш имкониятини яратди. Тадқиқот ҳадларидан чегаралар олиб ташланди.

Мамлакатимиз раҳбари 2016 йилдаёқ Навоий вилояти сайловчилари билан учрашувда Алишер Навоий номи билан аталувчи вилоятда анъанавий Халқаро конференция ўтказиш таклифини илгари сурган эди. Шу асосда 2017 йилдан буён ушбу анжуман ўтказиб келинади.

Давлатимиз раҳбари Навоий вилоятига ўтган йилги ташрифида эса 2025 йилни вилоятда «Навоий йили» деб аташни белгилаб, улуғ мутафаккир шоир асарларида теран ифода топган миллий ва умуминсоний ғояларнинг ижросини ҳудудда таъминланишига эришиш, шу йўлда кенг кўламли тадбирларни амалга ошириш ғояларини ўртага ташлади.

Куни кеча шу муносабат билан Республика Президентининг «Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий ижодий меросини юртимиз ва жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш ҳамда Навоий вилоятида «Алишер Навоий йили»ни юқори даражада ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда ҳазрат Алишер Навоий меросини ўрганиш ишларини янада юксак босқичга кўтариш мақсадида юртимиз ва чет элларда тизимли асосда илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш, ушбу мавзуда янги илмий, бадиий ва оммабоп асарлар яратиш, хориждаги навоийшунос олим ҳамда ижодкорларнинг асарларини ўзбек тилида нашр этиш чораларини кўриш билан бирга Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда буюк бобомиз таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан маҳаллий ва хорижий олимлар, ижодкор зиёлилар, кенг жамоатчилик иштирокида «Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси» анъанавий IV халқаро симпозиуми ва навоийхонлик тадбирларини юқори савияда ўтказиш вазифалари белгиланган.

Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, бугун Навоий шаҳрида «Алишер Навоий ва Шарқ ренессанси» мавзусида анъанавий IV халқаро симпозиум ўз ишини бошлади.

Анжуманда АҚШ, Бельгия, Туркия, Озарбайжон, Эрон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатлардан ҳамда мамлакатимизнинг таниқли навоийшунос олимлари, ёзувчи ва шоирлар, жамоат арбоблари иштирок этишмоқда. Симпозиум олдидан унда иштироки кўзда тутилган навоийшунос олимлар тақдим этган илмий мақолалар ва тадқиқотларнинг уч томдан иборат тўплами нашр этилди.

Симпозиум Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат масканида «Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси» анъанавий халқаро илмий-назарий симпозиумининг ялпи мажлиси билан бошланди.

Мамлакатимиз Президентининг «Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси IV Халқаро симпозиуми иштирокчиларига» табригини Республика Президентининг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов иштирокчиларни юксак маърифий-маънавий анжуман билан қутлаб, мамлакат раҳбари қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш навоийликлар учун юксак масъулият ва шараф иши эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, анжуманда сўзга чиққан АҚШ ва Туркия, Озарбайжон ва Тожикистон давлатларидан келган таниқли навоийшунос олимлар ҳазрат Алишер Навоий даҳоси умуминсоният мулкига айланганини таъкидлаб, шоир ижодини тадқиқ этишда бу каби анжуманларнинг ўрни ниҳоятда муҳимлигига эътибор қаратишди.

— Алишер Навоий ўн бешинчи асрда туркий оламни якка адабий муҳитга бирлаштирган эди, — деди Анқара шаҳридаги Бошкент университети профессори, Алишер Навоий номидаги тадқиқотлар амалий маркази директори Абдурраҳман Гузел, — Бугунги кун воқелигида Ўзбекистон Президенти бутун дунё навоийшунослигини ягона манба атрофига бирлаштирди. Мен ушбу халқаро анжуманнинг иккинчи ўтказилишида иштирок этиб, олган таассуротларим самараси ўлароқ университетимиз раҳбарлари олдига Алишер Навоий номидаги тадқиқотлар марказини ташкил этиш фикри қўйган эдим. Бугун ушбу марказимизда 9та шўба иш олиб бормоқда.

Анжуманда навоийшунослик йўлидаги фидокорона хизматлари учун Анқара шаҳридаги Бошкент университети профессори, Алишер Навоий номидаги тадқиқотлар амалий маркази директори Абдурраҳман Гузел ва Принстон университети профессори (АҚШ) Ризо Жалолий Балхий «Навоий шаҳрининг фахрий фуқароси» унвони топширилди. Бир қатор тадқиқотчилар ташкилотчиларнинг кўкрак нишонлари билан тақдирландилар.

Куннинг иккинчи ярмида алоҳида дастур асосида вилоятдаги олий ўқув юртлари, маҳалла ва ишлаб чиқариш корхоналарида таниқли олимлар, ижодкорлар иштирокида навоийхонлик, адабиёт ва китобхонлик кечалари ташкил этилди. Шу куни Олий ўқув юртларининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректорлари иштирокида республика олий ўқув юртларида Алишер Навоий ижодини ўқитишни янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган илмий-амалий семинар, шунингдек Навоий давлат университетида симпозиумининг шўба йиғилишлари ўтказилди.

Дарҳақиқат, Навоий шахси адабиёт оламида улкан уммонки ўрганган сайин янги-янги қирралари очилиб бораверади. Шу жиҳатдан анъанавийлик касб этган ушбу анжуман шоир адабий мероси уммонидаги дуру гавҳарларга янги-янги жило бераверади.

Симпозиум эртага ўз ишини давом эттиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?