“Бу қушча сайрайди менинг руҳимда...”

14:41 27 Сентябр 2023 Маданият
837 0

Фото: Архив сурат

Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи таваллудининг 80 йиллиги

Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи умри давомида сўз ва адабиёт билан, миллат дарди билан яшаб ўтган ижодкорлардан, десак, муболаға эмас. Унинг шеърияти, ҳар бир сўзи, фикрию ғояси озод Ватан соғинчига йўғрилган, миллат бахтини орзиқиб кутган одамнинг тилидандир.

Ижодкор ҳаёти турли қийинчиликларга, синовларга бой, бу ўткинчи оғриқларни эса асл ёзармангина маҳв этиши бор гап. Рауф Парфи бу оғриқлар жараёнида шеър яралишини билар эди, балки шунинг учун тўсиқлар, ташвишу азоблар қаршисида ҳеч қачон чўчимаган, қайтанга уларни кўнглига меҳмондай кутиб олган, сийлаган ва сўз айттирган.

Рауф Парфи — ўзбек адабиётида ўзига хос мактаб ярата олган шоир. У халқимизнинг юксак миллий руҳиятини ўз шеърияти орқали таниш ва танитиш учун олис йўлга чиққан, ҳормай-толмай бораётган йўловчидир. Бу йўловчининг босиб ўтган йўлини ўқувчилар яхши билишади, шоир китобларини қўлдан қўймай мутолаа қилишади, унинг номини, сўзини, ҳар бир мисрасини ҳамиша юрагида асрашади.

Рауф Парфи Усмон Носир ва Ойбек шеърияти заминида ўз услубини яратди. Унинг беш, олти қаторли шеърларида биринчи ва охирги мисраларнинг такрорланиши ўзига хос жаранглайди. Зотан, шеъриятда ўз услубини ярата олмай, соя янглиғ бировларга эргашиб шеърбозлик қилиб юрган шоирлар қанча?! Адабиётга ўз услубини адабий тақдим этган сара шоирлар қаторида эса Рауф Парфи ҳам тилга олиниши, шубҳасиз.

Адабий усул шоир шеърларининг руҳи билан бирга давом этадиган бирликка ўхшайди. Бу ижодкор сатрлари замиридан қалқиб чиқаверади. Услуб баъзан эскириши, ўқувчининг эҳтимол, меъдасига тегиши мумкин. Рауф Парфи эса ифода тарзида, сўз айтиш усулида, ташбеҳ ва образлар кўламида шундай бир услубга эга бўлдики, мана, иккинчи бир асрда ҳам унинг асарлари ўқувчининг бадиий чанқоғини босишга тўлақонли хизмат қилмоқда.

Рауф Парфи услубини жонлантириб кўрсатадиган жиҳатлар — бу шоир шеъриятининг рамзларга, ташбеҳларга ва образларга бойлигидир.

Адабиётда оқимлар, сюжетлар, мотивлар ва кайфиятлар ўзгариши мумкин. Бироқ образ муқим қолади, ўзгармайди. Улуғлар таъбири билан айтсак, образ — шеъриятнинг қонидир.

Рауф Парфи шеъриятида образ кўпгина ҳолатларда рамзий мазмун касб этади. Шоирнинг ҳар бир шеърида образлар ўзига хос тарзда ифодаланиши билан бирга маълум бир характерни очиб беради. У тош ҳақида ёзадими (“Сув остида ялтирайди тош”), булут ҳақидами (“Кулранг булут кезинади жим”), ёмғир (“Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар”) ёки қуш ҳақида ёзадими (“Бир қушча деразам ёнида”), ички нигоҳи орқали мукаммал бир образ яратадики, бу ўқувчининг ички дунёсига, ҳиссий оламига чизиб қолдирилган сувратга менгзайди.

Мана шоирнинг машҳур шеъри:

Бир қушча деразам ёнида

Ўтирар паришон ва ғариб.

Йиғлайди кўзлари ёнади,

Кўзлари иккита марварид.

Бир ажиб навога ўхшайди,

Шоирга ўхшайди бир ҳассос.

Мискин соз чалмоққа у шайдир,

Дардига бордирку бир асос.

Мен унга қарайман оҳиста,

Мен қушча ҳолига йиғлайман.

Ва лекин билмайман, не истар,

Билмайман, ҳеч қачон, билмайман...

“Бир қушча” — эҳтимол, лирик қаҳрамоннинг йиғлаётган бахтидир, балки бахтсизлигидир. Эҳтимол, бу дунёдаги мангу излаб юрган саволларига бера олмаётган, лекин ичини тўлдириб турган жавобларидир. “Бир қушча” шоирнинг ниҳоятда гўзал поэтик топилмаси. Бу шеър Рауф Парфи хазинасида ярқираб турган олмосга ўхшайди. Бу хазинага кирган борки, ушбу шеърга кўз олайтиради. Чунки у ҳамманинг ичидаги изтироб ва шодлик ўртасидаги курашнинг ярим мистик кўринишидир.

“Шоирга ўхшайди бир ҳассос”, дейди ижодкор. Демак, бу шеър — шоир ички оламининг, ўсиб бораётган изтиробининг, ҳайрат юқтираётган қайғунинг рамзи.

Рауф Парфи — ана шундай қаламининг учида ўтли туйғуларни кўтариб юрадиган шоир. Шундай хулосага келиш мумкинки, шоир яратган образлар характерининг кучлилиги ва мукаммаллиги билан баланд пардаларга етади ва қуюқ тасвирлари боис адабиётнинг олтин жавонидан жой эгаллайди.

Йиғлаётган иккита марвариднинг ёниб туриши бениҳоя баланд даражадаги метафорадир. Шоир бу ерда метафорик чўққига чиқа олган. Қайғунинг, мавҳум изтиробнинг, тушуниксиз дарднинг шу қадар классик даражадаги ифодаси бўлиши мумкинлигини, дард ҳам бу қадар гўзал бўлишини ушбу шеър ифодалаб турганга ўхшайди. Тўғри, шоирнинг “Дарё мавжларига ёзилмиш ғазал” деб бошланувчи шеърида руҳий ва кайфият жиҳатдан ўхшашлик бордек.

Дарё мавжларига ёзилмиш ғазал,

Майсалар эгилиб ўқийдир китоб.

Шодланиб хандалар отар бир лаҳза,

Бир лаҳза оҳ тортиб қўяди офтоб.

Бир тирик нафосат борлиқ, жаҳонда,

Қалтираб порлайди шуълага ўхшаб.

Бир қушча сайрайди менинг руҳимда,

Мен сенинг исмингни билмайман, қушчам...

Юқорида биз таҳлилга тортган шеър билан ушбу шеър ўртасида шаклий, фикрий, руҳий вобасталик бордек. Бироқ гарчи кайфият ва руҳиятда яқинлик бўлсада, биринчи ва иккинчи шеър бир-биридан тубдан фарқланади. Биринчи шеър мутлақо лирик ҳикоя, инсон ички оламининг воқеабанд портрети. Унда ҳолат, кайфият, руҳият, манзара — ҳаммаси-ҳаммаси бири иккинчисининг ичига кириб, сингишиб кетганга ўхшайди. Шеърий қаторлар, ташбеҳлар ўртасида ирсий белгилар мавжуддек таассурот қолдиради. Биринчи шеърда ичкарида туриб руҳий манзарага кўчиб ўтилган бўлса, иккинчи шеър табиий манзара билан бошланиб, охирига келганда индивидуаллашади. Бу икки шеър ана шу поэтик хусусиятлари билан бир нуқтада ҳам бирлашиб, ҳам ажрашиб кетади. Нима бўлганда ҳам ушбу асарлар бир пайтнинг ўзида ижтимоий ва ботиний ҳаёт ўртасидаги зумрад бир кўприкдан ўтган ҳиссий тафаккур намунаси ўлароқ ёдимизга ўрнашади.

Маълумки, Рауф Парфи шеърларида турфа хил аёллар исмлари билан боғлиқ шеърларни кузатиш мумкин. Дилором, Муҳаббат, Барнобону ва Лайло исмларини тилга олиш, кифоя. Шулар орасида “Лайло” шеъри алоҳида эътиборни тортади. Рауф Парфи бутун китобхонлар орасида машҳур “Лайло”си яралгунга қадар ушбу шеър мотивида бир қанча асарлар яратди.

Машҳур “Лайло”си эса 1963 йилда ёзилган. Мана, шоирнинг “Сабр дарахти” китобидан ўрин олган ўша шеъри:

Балки ўчган эдим ёдингдан,

Ширин хаёлингни буздимми!

Лайло, Лайло сенинг ёнингда,

Япроқ каби кўрдим ўзимни,

Ширин хаёлингни буздимми?

Сени ўйлаб келмайдир уйқу —

Қора туннинг ўзга сеҳри бор.

Тушларимда топай деб гулрў

Мен ухларман мангу, эҳтимол.

Гўзал тушлар тилайман, Лайло...

Яна пайдо бўлдинг йўлимда,

Яна йўлларингда бўзладим.

Бечора қалб сенинг қўлингда,

Кўзларингда менинг кўзларим.

Нечун пайдо бўлдинг йўлимда?..

Бу шеърнинг китобга киритилган мумтоз кўриниши. Албатта, у таниқли ҳофиз Дадахон Ҳасан ижросида бундан ўзгача кўриниш касб этган. “Япроқ каби кўрдим ўзимни” сатри ўрнига “Бир дам кўрмоқчийдим ўзимни”, “Яна пайдо бўлдинг йўлимда” сатри ўрнига эса “Яна пайдо бўлдим йўлингда” сатрлари билан ижро этилган. Шоирнинг таҳрирда киритган сўзлари шеърнинг бадиий эмоционаллигини янада оширган. Фикр ва туйғу уйғунлигини маълум бир шаклга келтирган.

Лайло — Рауф Парфи шеърияти учун фақат ёр воситаси бўла олмайди. Эҳтимол, диёр, ўзликни излаш, ҳамсуҳбат, ҳамдард, ҳаммаслак, ҳамфикр бир ҳамроҳдир. “Лайло” — муҳаббат ҳақидаги, сассиз оғриқ, жавобсиз фарёд ҳақидаги мумтоз битик. Бу шеър муҳаббатга йўлиққан одамнинг дард чекиши учун махсус бир йўриқномага ўхшайди.

Умуман олганда, Рауф Парфи ҳар бир шеърида қалб розларини, ўкинчлар, изтиробларни қуюқ ранглар воситасида тасвирлай олган. Шу боис бу асарларда сокин пафос, маҳзун интонацияга дуч келасиз. Руҳнинг безовталиги, абадий ёлғизлик кўринишидаги изтиробпарастлик, Яратган ва лирик қаҳрамон мулоқотидаги ғамнишинлик, ўзни излаш йўлидаги абадий тушкунлик шоир шеъриятида маҳзунликнинг маълум бир кўриниши сифатида келади.

Рауф Парфи қолдирган адабий обидалар ҳали узоқ йиллар ўзининг маърифий гўзаллиги, руҳий таровати, маънавий муҳофазаси билан ўзбек ва умумшеърият ўқувчиларига хизмат қилишда давом этади. У адабиёт учун шеърнинг руҳий формуласи ўлароқ одим отишда давом этади.

Гўзал МАТЁҚУБОВА,

Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий

номидаги давлат адабиёт музейи таянч докторанти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер