«Бу ишонч масаласидир» — Макрон Россия активларининг мусодара қилинишини халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб атади

Фото: AP
Франция президенти Эммануэль Макрон Россия активларининг мусодара қилиниши халқаро ҳуқуқни бузишини айтди.
Унинг таъкидлашича, бундай ҳаракат «тўлиқ тартибсизликнинг бошланишига» олиб келиши мумкин ва шунинг учун Европа давлатлари «музлатилган активлар билан имконсиз ҳеч нарса қилмайди».
«Биз барчамиз халқаро қоидаларга қатъий риоя қилишга содиқмиз. Ушбу активларни марказий банкдан, ҳатто бундай вазиятда ҳам олиб қўйиш мумкин эмас. Менимча, бу ишонч масаласи ва мамлакатларимиз халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиши жуда муҳим», — дейди Макрон.
Гап шундаки, шу кунларда Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланишнинг икки йўлини муҳокама қилмоқда. «Financial Times» хабарига кўра, активлар Киев учун 170 миллиард евро миқдоридаги репарация кредитларини таъминлаш учун ишлатилиши режалаштирилган. Бельгиянинг «Euroclear» марказий депозитарийсида сақланадиган маблағлардан фойдаланиш учун Брюссель Европа Иттифоқининг фоизсиз облигацияларини сотиб олиши мумкин. 194 миллиард евронинг тахминан 170 миллиард евроси аллақачон тўланган. Улар ҳозирда «Euroclear» балансида нақд пул қолдиқлари сифатида қайд этилган. Йиғилган капитални Киевга траншларда ўтказиш мумкин.
Иккинчи вариант молиялаштириш механизмларини бошқариш учун махсус ишлаб чиқилган воситадан фойдаланишни ўз ичига олади. Бу Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатларга Украинани тиклаш дастурида иштирок этиш имконини беради.
Шу билан бирга, Жануби-Шарқий Норвегия университети профессори Глен Дизеннинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи томонидан Россия активлари билан ҳар қандай манипуляция дунёнинг иттифоққа бўлган ишончига путур етказади. Унинг қайд этишича, Европа Иттифоқи «Россия активларини ўғирлик деб атамасдан ўғирламоқчи». Шу ўринда у иттифоқнинг Россия пулларига фоизсиз облигациялар сотиб олиш режаларини мисол қилиб келтирди.
«Бунинг оқибати шундаки, Европа Иттифоқи можарога барҳам бера олмайди, чунки у ўғирланган маблағларни қайтариб бера олмайди. Қолаверса, дунё энди Европага ҳеч қачон ишонмайди», — дейди Жануби-Шарқий Норвегия университети профессори Глен Дизен.
«Блоомберг» хабарига кўра, Европа Иттифоқи 23-октябргача музлатилган Россия активларини Украинага ўтказишга қарор қилиши мумкин.
Ўз навбатида, Кремль Ғарбнинг Россия активларини тортиб олиш режаларига жавоб берди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, Москва Ғарбнинг Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилишини эътиборсиз қолдирмайди. Россия мулкка бўлган юридик ҳуқуқларини қонуний ҳимоя қилади.
«Бу Ғарб молия тизимига бўлган ишончни сезиларли даражада сусайтиради», — дейди Песков.
Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Ғарб Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилса, қаттиқ чоралар кўрилишини айтди.
Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев, ўз навбатида, Москва унинг мулкини тортиб олишга уринган давлатларни таъқиб қилишини таъкидлади.
«Агар бу содир бўлса, Россия Европа Иттифоқи давлатларини, шунингдек, Брюсселдан келган евро-дегенератларни ва бизнинг мол-мулкимизни мусодара қилишга уринаётган Европа Иттифоқининг алоҳида давлатларини барча мумкин бўлган воситалар билан охиригача таъқиб қилади.», — дейди Медведев.
Медведев бу йўлда барча мавжуд миллий ва халқаро судлардан фойдаланилиши ҳақида огоҳлантирди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг