Бу дунёда ҳамма йўловчи!

20:14 19 Июль 2024 Жамият
225 0

Кўча тасодифларга тўла, дейди доно халқимиз. Аммо эрта тонгда бирор юмуш билан кўчага чиқиб, кутилмаган тасодифий ҳодиса иштирокчиси айланиш ва жароҳат олишни ҳеч ким хоҳламайди. Шу боис автомобиль йўлларида транспорт воситалари эгалари ҳамда йўловчилар учун керакли шароитларни яратиш орқали қонун устуворлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Фарғона вилоятида йўл инфратузилмасини яхшилаш, автомобиль йўлларини йўл ҳаракатини тартибга солиш воситалари билан жиҳозлаш ва йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, 1 минг 62 та маҳалла фуқаролар йиғинига 158 нафар йўл ҳаракати назорати ходимлари бириктирилди.

Ҳозирги кунда вилоят ҳудудида 19 минг 952 км йўллар мавжуд. Шахсий автомобиллар сони эса 448 мингтага етди. Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан йўл-транспорт ҳодисалари 23 фоиз камайишига эришилди.

Автомобиль йўлларида хавфли йўл участкалари ҳамда автоҳалокат ўчоқлари ўрганилиб, камчиликларни бартараф этиш учун ишга киришилди. Шаҳар ва туманлар кесимида 5 та пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилди, 100 га яқин йўл белгилари ўрнатилди. Шу билан бирга, 34 та таълим муассасалари олдида Туркия тажрибаси асосида махсус пиёдалар ўтиш жойи белгиланди. 4 та гавжум кўчада пиёдалар светофори ўрнатилиши таъминланди.

Вилоят бўйлаб қарийб 1,5 км масофада пиёдалар йўлаги қуриб битказилди. Автомобиллар қатновига халақит бераётгани учун Ёзёвон туманида 1 та қайрилиб олиш жойи ва Бувайда туманида 4 та пиёдалар йўлаги ёпилди.

Профилактик тадбирлар самарасини ошириш учун Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ Ахборот гуруҳи томонидан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этилиши бўйича доимий равишда тарғибот ишлари олиб борилаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида биргина ижтимоий тармоқларда 623 та хабар ва янгиликлар, йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилувчи маълумотлар тарқатилди. Ҳайдовчилар ва пиёдаларга 21 мингдан ортиқ махсус буклет, эслатмалар етказиб берилди. Таълим муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда 3 мингдан зиёд профилактик тадбирлар ҳамда учрашувлар ўтказилди.

Элбек ҚОБИЛОВ,

Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ катта инспектори,

капитан.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?