«Бу бефарқлик натижаси». Депутат Шоҳрух Шодмонов ҳаво ифлосланиши табиий жараён эмаслигини айтди

14:56 24 Ноябрь 2025 Жамият
415 0

ЎзЛиДеПдан Тошкент шаҳри Чилонзор тумани кенгаши депутати, хонанда Шоҳрух Шодмонов ҳаво таркибида зарарли моддалар меъёридан ортиб кетаётган бир вақтда Экология масъулларини масалани тез, қатъий ва кескин тарзда ҳал қилишга чақирди. Бу ҳақда депутат ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали маълум қилган.

«Юртимизда ҳаво бузилишини очиқча айтайлик: бу «мавсумийлик» ёки «табиий жараёнлар» эмас — бу бефарқлик натижасидир. Болаларимиз заҳарли ҳаводан нафас олмоқда. Одамлар ниқоб ва тозалагичлар билан ўз соғлиғини ҳимоя қилишга уринмоқда. Бироқ, ҳамманинг ҳам бундай нарсаларни сотиб олишга имкони йўқ. Аҳоли қўлидан келганини қилмоқда, лекин масъул тузилмалар ҳануз фақат ҳисобот ва изоҳлар билан чекланмоқда», дейди Шоҳрух Шодмонов.

Депутатнинг фикрига кўра, масъуллар, қанчалик мураккаб бўлмасин, бу масалани тез, қатъий ва кескин тарзда ҳал қилиниши шарт.

«Сизларнинг сусткашлигингиздан миллионлаб одамлар азият чекяпти. Шу кунларда сизларга кенгайтирилган ваколатлар ва реал воситалар берилди. Бу сизлар учун қаҳрамонга айланиш имконияти!» деб ёзади депутат.

Шунингдек, у масъуллардан оғзаки ҳисобот ва изоҳлар билан чекланиб қолмасдан, реал ҳаракатлар қилишни сўраган.

«Агар шундан кейин ҳам ҳеч нима қила олмасангиз, унда билмадим сизларни нима деб аташни. Шунинг учун кўп гапирмасдан амалий жасорат кўрсатинг!» деган Шодмонов.

«Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров эса эколог экспертларнинг тадқиқот ва хулосаларига таяниб, ҳаво ифлосланишига қарши олиб борилаётган амалий ишлар 100 фоизлик натижа бермаслиги ҳақида ёзди.

Унинг келтиришича, қурилиш, транспорт ва саноатнинг Тошкент ҳавосидаги таъсир даражаси 8-10 фоиздан ошмайди. Сафарбарлик билан бўлаётган барча иш ва қарорлар эса фақат шу фоизларгагина таъсир қилади.

«Ҳукуматни истаганча танқид қилайлик, одамларни рози қилиш учун шамол, ёмғир, ёки ҳаво массасини сотиб олиб бўлмайди, аксинча, ҳавода зарарли зарралар билан »негатив зарралар« миқдори ҳам ортади», деб ёзади Қодиров.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер