Бўстонлиқда “Севарсой” санаторийси фойдаланишга топширилди
Фото: Юнус БЎРИЕВ / "Халқ сўзи".
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида инсон қадри ва унинг шаънини улуғлаш мақсадида мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш, инсон манфаатларини таъминлаш каби эзгу мақсаларга қаратилган.
Албатта, мазкур жараёнларда ўз сафларида 5,5 миллиондан ортиқ аъзони бирлаштирган Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бир қаторда, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш, соғломлаштирш йўналишларида ҳам тизимли ишларни олиб боряпти.

— Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда жорий йилнинг 10 ойи давомида жами 143 мингдан зиёд меҳнаткаш соғломлаштирилди, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова. — Улардан 62 минг 405 нафари имтиёзли ва 4 минг 554 нафари бепул йўлланмалар асосида ўз саломатлигини тиклади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ишлари сифати ва самарадорлигини, шунингдек, санаторийларнинг қабул қувватини ошириш, ишчи-хизматчиларни сифатли соғломлаштириш билан янада кенгроқ қамраб олиш ҳамда сиҳатгоҳларда кўрсатиладиган хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан янги замонавий санаторийларни барпо этиш, мавжудларида капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш, моддий-техника негизини мустаҳкамлаш, сиҳатгоҳларни жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, ўтган 6 йил давомида Сурхондарё вилоятида “Термиз марвариди”, “Хўжаипок”, Сирдарё вилоятида “Янгиер”, Самарқанд вилоятида Абу али ибн Сино, Тошкент шаҳрида “Чинобод плаза”, Тошкент вилоятида “Кўҳинур”, “Заркент” санаторийлари, қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари куни кенг нишонланган шукуҳли кунларда яна бир сиҳатгоҳ — Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган “Севарсой” санаторийси фойдаланишга топширилди. Мазкур санаторийнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олганлар юртимизнинг энг сўлим ҳудудларидан бири — Тошкент вилоятининг Чимён тоғ-курорт мажмуасида барпо этилган ва жаҳон стандартлари талабларига тўла жавоб берувчи янги “Севарсой” санаторийси нафақат халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, балки Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини оширишга хизмат қилишини қайд этишди.
Фойдаланишга топширилган “Севарсой” санаторийси денгиз сатҳидан 1600 метр баландликда, ғарбий Тяньшань тоғи ва Қоржонтовнинг патки қисмида жойлашган бўлиб, ҳам қишки, ҳам ёзги тоғ-иқлимий курорти сифатида барпо этилганлиги билан янада аҳамиятлидир. Мазкур тоғ-иқлимий курорти янги турдаги санаторий-курорт маскани сифатида хизмат қилади. Нафақат мамлакатимизда, балки минтақада аналоги бўлмаган мазкур маскан ҳудуди 6 гектар майдонга эга бўлиб, унда мароқли ҳордиқ ва саломатликни мустаҳкамаш учун барча зарур шароит ва қулайликлар яратилган.
“Севарсой” санаторийси ҳудуди кенг баргли ўрмонзорлар билан ўралган, иқлими мўътадил-континентал, атрофи тоғ билан ўралган бўлиб, қаттиқ ва совуқ шамолдан ҳимояланган. Санаторийнинг даволаш омили-кислородга бой, шифобахш эфир мойлар аралашган мусаффо тоғ хавоси, тоғ дарёларидан ҳосил бўладиган табиий гидроионланиш бўлиб, келиб чиқиши жиҳатидан нафас йўллари касалликлари билан хасталанган беморларга шифобахш таъсир кўрсатади. Асосий даволаш муолажалари билан бирга, “Тузли ғор”, уқалаш хоналари, замонавий сузиш ҳавзаси, СПА комплекси, маҳаллий ва ҳорижий меҳмонлар учун семинар ва тадбирларни ташкил этишга мўлжалланган замонавий конференц зали мавжуд.
Ушбу санаторий-курорт нафақат нафас олиш тизими касалликлари, балки асаб, аллергик, юрак қон-томир ишемияси касалликлари бўлган инсонлар учун ҳам ниҳоятда самарали шифо берувчи маскан ҳисобланади. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 200 нафар дам олувчига махсус тайёргарликдан ўтган юқори малакали мутахассислар хизмат кўрсатади.

Таъкидлаш зарурки, Тошкент вилоятидаги Чимён ҳудудининг ҳам дам олиш, ҳам спорт-саломатлик маскани эканлиги, ёзда сўлим оромгоҳ, қишда эса қишки спорт турлари билан шуғулланиш учун қулай ва гавжум ҳордиқ манзилига айланишини ҳисобга олган ҳолда “Севарсой” санаторийси гўзал ва замонавий меҳмонхона услубида барпо этилди. Ушбу дам олиш масканида йил бўйи тиббий туризмни ривожлантириш учун барча имкониятлар мавжуд.
Санаторий саломатликни тиклаш ва турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар, замонавий мебель жиҳозлари билан таъминланди. Ташхислаш-даволаш хоналари ташкил этилган бўлиб, физиотерапия, даволаш жисмоний тарбияси, иссиқлик ва сув билан даволаш муолажалари, фитотерапия, лазеротерапия, психотерапия, дитеотерапия усулларидан кенг фойдаланилади.

Шунингдек, санаторий тоғлик ҳудудда жойлашгани боис, фитобарда дам олувчилар учун шифобахш тоғ гиёҳларидан турли дамламалар тайёрланади. Дам олувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида маданий-маърифий ҳамда спорт тадбирлари, концерт дастурлари ташкил этилади.
Яна бир эътиборли жиҳат шуки, “Севарсой” санаторийси қурилиб, фойдаланишга топширилиши натижасида Чимён қишлоғида истиқомат қилувчи хотин-қизлар ва ёшлар иш билан таъминландилар.
Раҳим ШЕРҚУЛОВ, “Халқ сўзи”.
Юнус БЎРИЕВ олган суратлари.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Дуал таълим — етук мутахассис тайёрлаш кафолати
- Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг III йиғилиши ўз ишини бошлади
- Пойтахтга автомобиллар киришига ҳеч қандай тақиқ йўқ — Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг