Бошқарув соҳасида хотин-қизлар улуши неча фоиз экани маълум қилинди

16:32 10 Июль 2025 Жамият
1001 0

Жорий йилнинг 10 июль куни АОКАда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирокида «2025 йил давомида оила ва хотин-қизлар билан ишлаш соҳасида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Қайд этилишича, 2017 йилда бошқарув соҳасида хотин-қизлар улуши ўртача 27 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу рақам 35 фоизга етди. Аёллар улуши тадбиркорлик соҳасида 45 фоиз, сиёсий партиялар таркибида 49 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизи, Сенат аъзоларининг эса 27 фоизи, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатларининг 32 фоизи хотин-қизлардир. Бу натижалар сиёсий ирода, халқчил ёндашув ва энг муҳими, аёлнинг имкониятига билдирилган юксак ишонч самарасидир.

Жорий йилда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида 100 га яқин ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Оила кодексига киритилган қўшимчага кўра, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда суд оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламаслиги белгиланди.

Шу билан бирга, Уй-жой кодексига киритилган қўшимчага кўра, турар-жойдан фойдаланиш ҳақидаги низолар кўриб чиқилаётганда суд тарафларнинг келишувига асосан турар-жой мулкдорининг ташаббуси билан уйга мажбурий тартибда киритилаётган тарафни мулкдорга тегишли мутаносиб шароитларга эга бўлган бошқа турар жойга киритиш ёки ижарага олинган турар-жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклатиши мумкинлиги белгиланди.

2025 йилда 28 нафар қизлар Президент Қарорига кўра Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Натижада, ушбу нуфузли мукофот билан тақдирланган қизлар сони 480 тага етди.

Бундан ташқари, шу йили ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз хотин-қизларнинг 518 306 нафари бандлиги таъминланди ҳамда 156 290 нафари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд аёлларнинг 87 618 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди. Улардан 363 нафарининг уй-жойлари таъмирлаб берилди.

«Хонадонбай» ишлаш орқали эса ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли бўлган 13 759 та муаммоли оилалар ҳамда 3 860 нафар алоҳида тоифадаги хотин-қизлар аниқланди. 6. Уларга «Оқила аёллар» ҳаракати аъзолари ва бошқа ижтимоий фаол аёллардан иборат жами 17 716 нафар «тарбиячи-маънавий ҳомий»лар бириктирилди. Натижада, 11 065 та оилалардаги турли ижтимоий маиший муаммолар ҳал этилди, 2 951 нафар хотин-қизларнинг ижтимоийлашуви таъминланди.

Хулоса қилиб айтганда, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан хотин-қизларга оид Давлат сиёсатининг устувор йўналишлари асосида яратилган тизимли ислоҳотлар натижасида юртимизда оилани мустаҳкамлаш ва хотин-қизлар ролини оширишга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда ва уларнинг турли соҳа ҳамда тармоқларда самарали фаолият юритиб, давлат ривожига муносиб ҳисса қўшиши таъминланмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер