Бош прокуратурада байрам муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди

12:14 07 Декабрь 2022 Жамият
514 0

Бош прокуратурада Конституция ва Давлат мадҳияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.

Унда прокуратура органлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси масъул ходимлари, Бош прокуратура Академияси профессор-ўқитувчилари, Фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази ҳамда Жамоатчилик кенгаши раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Видеоселектор шаклида ўтказилган тадбирда, шунингдек, Композиторлар ва бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев, «Халқ сўзи» ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳматов, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, филология фанлари доктори Нурбой Жаббаров ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Рустам Мусурмонлар ҳам қатнашди.

Тадбирда Давлат мадҳияси жамоавий жўр бўлиб куйланди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев тадбирни кириш сўзи билан очиб, Конституция ва Давлат мадҳияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги билан барчани қутлади.

Давлатнинг Асосий қонунини такомиллаштиришга қаратилган конституциявий ислоҳотлар мамлакат тақдири учун фавқулодда муҳим бўлган, журъат, қатъий сиёсий ирода ҳамда ўта оғир масъулият талаб этадиган жараёнлиги, Конституцияни тубдан янгилаш айни пайтда янги давлатни барпо этиш каби мураккаб вазифалиги, бунинг учун аввало ҳаётий зарурият ва табиийки, тарихий имконият юзага келиши кераклиги, Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида ғоят қисқа муддатда амалга оширилган том маънодаги инқилобий ислоҳотлар мамлакатимиз учун ана шундай имкониятни яратганлиги алоҳида таъкидланди.

Шу билан бирга, давлатимизнинг муҳим рамзларидан бири бўлган мадҳиямиз халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончини ўзида ифодалаганлиги, унда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилганлигига тўхталиб ўтилди.

Зеро, Давлат мадҳияси янграганда, унинг илк сўзи жаранглаганда шу Ватан, шу халққа садоқат ва чуқур ҳурмат, меҳру муҳаббат билан яшовчи ҳар бир инсон қалбида чексиз ғурур ва ифтихор туйғуси жўш уради.

Мадҳиямиз барчамизни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиришга хизмат қилувчи, эл-юртга садоқат, фидокорлик, Ватанни ардоқлашга даъват этувчи тимсол ва буюк бир кучдир.

Тадбирда сўз олган таниқли олим, ёзувчи ва шоирлар ҳам мадҳиямиз барчамизни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиришга хизмат қилувчи, эл-юртга садоқат, фидокорлик, Ватанни ардоқлашга даъват этувчи тимсол ва буюк бир кучлигини алоҳида эътироф этишди.

Қайд этиш жоизки, хизмат вазифаларини виждонан бажариб келган прокуратура органларининг ходимлари муносиб тақдирлаб келинмоқда.

Бу сафар ҳам 400 нафардан ортиқ ходим “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонига сазовор бўлди.

Бундан ташқари, жиноятчиликка қарши курашиш ва қонунийликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ходимлар ҳамда мазкур тадбирга ташриф буюрган, мамалакатимиз ҳар жиҳатдан тараққий этишида ўз йўналишларида фаол бўлган меҳмонлар ҳам Бош прокурор томонидан рағбатлантирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер