Боқимандалик кайфиятидан воз кечайлик

12:17 01 Ноябрь 2024 Жамият
187 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Камбағал оилалар ҳаётини ўзгартириш, турмуш тарзини яхшилаш учун мамлакатимизда янги ҳаракат бошланди. Ҳозирда барча ҳудудларда бу борадаги амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Самарқандда ҳам.

Булунғур туманидаги 55 та маҳаллада 201 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 505 оиладаги 2107 нафар фуқаро камбағал деб топилган. «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида 101 нафар масъулга 5 тадан оила бириктирган.

– Масъулларнинг вазифаси оилаларнинг камбағаллик ҳолатига тушиш сабабларини ўрганиб, муаммоларни бартараф қилиш, – дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Ибрагимов. – Мутахассисларни жалб қилган ҳолда оилаларнинг ўз томорқаси имкониятларидан самарали фойдаланиши, тадбиркорликни йўлга қўйиши ҳамда оила аъзолари, айниқса, хотин-қизларнинг касб-ҳунар ва хорижий тилни ўрганиши, ишга жойлашишига кўмаклашишимиз керак. Кўпчилик буни тушунмаяпти. Бизга бириктирилган раҳбарлар моддий таъминотимизга ҳам масъул деб ўйламоқда. Шу вақтгача кам таъминланганларга барча турдаги моддий ёрдамларни бериб бўлдик. Натижа ўзини оқламади. Энди боқимандаликни йўқотишимиз, фуқароларни ишлаб, мустақил пул топишга ўргатишимиз керак. Айни мақсадда ишсизларни ишга жойлаштириш учун тумандаги 8 та йирик тадбиркорлик субъекти билан келишувга эришдик. Ҳунар ўрганаман, деганлар 3-6 ойлик касбга ўргатиш курсларига йўналтирилмоқда.

Тумандаги ҳар бир маҳаллада оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал режа ишлаб чиқилган. Унда оилага ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, уй-жой, бандлик, таълим, ҳатто хулқ-атвор йўналишлари ҳам қамраб олинган. Мазкур режаларнинг ижроси оилаларга бириктирилган масъуллар томонидан таҳлил қилиб борилиши белгиланган.

– Ўрганиш мақсадида кўп оилаларга кирдик, – дейди Шерзод Ибрагимов. – Камбағал дейилаётганларнинг аксариятида 20-25 сотихдан бўш ётган томорқа бор. У ерга фақат кам даромадли беда ёки жўхори экиб олинган. Тўқсонбости экин экканлар, иссиқхона ташкил қилганлар жуда кам. Ҳолбуки, ердан унумли фойдаланилганда, ҳеч ким камбағал бўлмайди. Лекин бу энди ерга экинни биз экиб берамиз, ҳосилини улар олади, дегани эмас. Биз фақат жараёнга мутахассисларни жалб қилиб, уларга нима экиш, қандай парваришлашни ўргатишимиз мумкин. Меҳнат қилган яхши яшайди. Ижтимоий шартнома шартларини бажармай, берсанг ейман, деганларга ёрдам берилмайди. Субсидия боқимандаларни кўпайтиради. Кредит камбағални янада фақир, қарздор қилади. Ҳаракатда баракат. Буни тушунишимиз керак.

Гулзор маҳалласида истиқомат қилувчи Сарвиноз Сатторова тикувчилик билан шуғулланади. Турмуш ўртоғи шу кунгача мавсумий ишлар билан банд бўлган. Яқинда ишлаш учун хорижга кетибди. Уйда 3 нафар фарзанди билан қолган она ҳунари ортидан рўзғор тебратмоқда.

– Уйимизга ҳоким ўринбосари бир неча маротаба келди, – дейди Сарвиноз Сатторова. – Охирги келганида китоблар совға қилди. Даромадимиз, яшаш тарзимизга қизиқди. Тадбиркорликни йўлга қўйиш, ердан унумли фойдаланиш бўйича маслаҳатлар берди. Эрим қайтиб келса, бу имкониятлардан, албатта, фойдаланамиз.

Масъуллар фуқаро ва унинг эрига 3 миллион сўм атрофидаги маошли иш таклиф қиляпти. Фарзандларини мактабгача таълим ташкилотига жойлаштириш бўйича кўмак берилади. Уйидан чиқмай деҳқончилик ёки ҳунармандчилик қилиб, яхши даромад қилиш ҳам ўргатилади. Лекин текинга ҳеч нима берилмайди.

Шерзод Ибрагимовнинг айтишича, камбағал оилалар билан яқиндан танишиш давомида асл шароитини яшириб, Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига кириб олган. Амалда «таги»да машинаси ва икки қаватли иморати бор фуқаролар ҳам аниқланмоқда. Улар ҳеч бир хижолатсиз ҳақиқий эҳтиёжмандларнинг ҳақига кўз олайтирмоқда. Энг ачинарлиси, шундайлар орасида давлат хизматчилари ҳам бор. Маълумотга кўра, сентябрь ойида тумандан 6088 та оила тегишли реестрга киритилган бўлиб, дастлабки ўрганишлар хулосасига мувофиқ, 1121 та оила ундан чиқарилган.

Аммо жойларда айрим «ҳайбаракаллачи» масъулларнинг хатти-ҳаракати, одамлар ҳаётини эмас, рақамларни ўзгартиришга интилиши ортидан муаммолар юзага келмоқда.

Кўп жойда субсидия асосида тикув машинаси, пишириқ пишириш печи, мотокультиватор ва яна шу каби ишлатиб даромад топиш мумкин бўлган воситалар берилмоқда. Тўғри, бу воситалардан самарали фойдаланганлар турмуши бироз бўлса-да ўзгаряпти, даромад топяпти. Лекин шу «ёрдам»нинг ўзи билан қоғозда чиқса ҳам амалда камбағалликдан чиқмаётган оилалар кўп. Айрим раҳбарлар кредит бериб, ўзи камбағал инсонни янада қарз ботқоғига ботиряпти.

Давлатимиз раҳбари бошлаган ушбу хайрли ташаббус ҳаётга тўғри татбиқ қилинса, масъуллар хўжакўрсинга, деб рақамлар учун киришмаса одамларнинг ҳаёти яхши томонга ўзгаради. Камбағал оилаларнинг хонадонига ёруғлик, дастурхонига қут-барака кириб, юртимиз фаровонлик сари юз тутади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер