“Бўлмасун ҳар не ёзарсен коғази илло бинафш”

16:03 27 Январь 2024 Маданият
259 0

Алишер Навоий ҳазратларининг ҳар бир асари улкан ижод намунаси сифатида ул зоти шарифнинг маънавий-маърифий ва мушоҳада оламининг нақадар юксак поғонада эканидан гувоҳлик беради. Китобхон бир нафас тин олиб, бу уммон тубида яшноқ садаф қобиғида яширилган дурларнинг оройишига мафтун бўлиб, инжу топган ғаввосдек шодланиб, мўъжиза соҳибига офарин айтиши табиий.

Хусусан, Алишер Навоий ижодиётида ғазал салмоқли ўринни ташкил этади. Ғазал мазмун ва шакл жиҳатидан бир бутун қолипга солинган бадиий поэтик яхлитлик, арузий қоидадан таркиб топган, тугал ғоявий мазмун жиҳатдан мукаммал иморат. Том маънода, ғазал нозик ҳис-туйғуларнинг ноёб ифодаси ёхуд ички тўфоннинг ташқи манзараси, тасвири. Бизнингча, ғазал бир шода гавҳарга сайқал берилган дур, айни чоғда тазҳиб қилинган сўзларнинг зар қутиси.

Бир ғазал шарҳи

Шу ўринда Алишер Навоийнинг “Ғаройиб ус-сиғар” девонига кирган “бинафш” лафзи билан битилган ғазал тавсифига эътиборингизни қаратишга жазм қилдик:

Қилғали кийган либосин ул бути зебо бинафш,

Ваҳки, ёқмас хотиримға ҳеч ранг илло бинафш.

Сарви раъно ҳулламу киймиш бинафша баргидин,

Ё либосин айламиш ул чобуки раъно бинафш?

Хуштурур гар хилъатин қилса қаро ё савсаний,

Ким қуёш мушкин булутдин хуш кўринур ё бинафш.

Эзди жаннат гулларидин ранг наққоши қазо,

Сен киярдек чунки бўлмас даҳр аро пайдо бинафш.

То бинафш этмиш тўнин ул гул, борурмен ҳушдин,

Боғ аро ҳар гулниким кўрсам мени шайдо бинафш.

Гул бинафшазор аро тушган киби ул шўхнинг

Кўнглаги воло бинафшу тўни ҳам кимхо бинафш.

Сабзада савсан ярашқандек мулойимдур басе,

Шўхи сабзорангларнинг рангига дебо бинафш.

Жуз бинафша боғ аро гул экмагил, эй боғбон,

Ким либоси рангини истар бизинг Мирзо бинафш.

Бўйлаким, соқий тўнин қилмиш бинафш эрмас ажаб,

Аксидин бўлса биллурин соғари саҳбо бинафш.

Чарх рангомиз эрур, кўрма тафовут зинҳор,

Рангларким, кўргузур кўку яшилдин ё бинафш.

Эй Навоий, ул бинафшапўш гулнинг васфида,

Бўлмасун ҳар не ёзарсен коғази илло бинафш.

Ҳақиқатан мўъжизкалом бу сатрлар ҳазрат Навоийга хос яратқи бўлиб, ҳеч бир ўзга ғазал сарой шоирлар девонида назм силкига тортилгани маълум ва марғуб эмас. Илло, оташин сўзлар таровати ила музайян этилган бу ғазал тафти Исо дамидек жонбахш илоҳий ишқ сифатида ошиқлар руҳига мадад, дил торига шавқу завқ, хаста кўнгилларга қувват, беморларга муҳаббат ато қилиб келаётгани айни ҳақиқат.

Ҳазрат Навоий хаёлот чархида сарсон, жиловсиз, ҳеч бир макон ва замонга сиғмайдиган ишқ суратини ҳақиқий борлиқ олами билан боғлаб, гўзал табассуми, яшноқ чеҳраси ила бўстонда бўй таратган ҳусн, малоҳатда ягона бинафша сийрати васфи орқали ишқ шайдоларини дийдор сайлига чорлайди ҳамда бинафш рухсорли ёрнинг инжа, ҳайратомуз, нозик, таманноли ишва, шеваларини мажоз, истиора, киноявий воситаларда жонлантириб, руҳ оламига олиб киради.

Эътибор беринг: шоир биринчи байтнинг аввалги мисрасида зебо қоматли гўзал ёр кийган кийимини бинафш, яшилдан қилганига ишора этиб, кейинги мисрада эса хитоб, ҳайрат билан ажабо, хушки, менинг хотиримга бинафша рангидан ўзга ранг, илло ёқмайди, деб воқеликни бўрттириб, зидлаб, матлаб баёнига ўтади.

Иккинчи байтда сарв қоматли раъно, гўзал “ҳулламу киймиш бинафша баргидин” деб, сарви раънонинг кийган либоси бинафша баргли гулдан эканига диққатини қаратиб, ҳайратланади ва кейинги мисрада риторик сўроқ билан “ё либосин айламиш” деб, “чобуки раъно”га хос феъл-атворни сифатлаб, у атайлаб либосини бинафш, яшил этганидан ажабланиб, шубҳага боради.

Учинчи байтда маҳбубга юзланиб, агар у хилъат либоси гар қора ёки савсаний рангидан қилса эди яхши, мақбул бўларди, қора мушкин булут қуёш юзини тўсганда гоҳ кўриниб, гоҳ яшириниб ҳолати хуш кўринадими ё бинафшними деб, бинафшанинг бахмалдек тароватли сиёҳ-қирмизий чиройига эътиборни тортади. Байтда ийҳом, таносуб, таққослаш қўлланилган.

Тўртинчи байтда айтадики, наққоши қазо, яъни Парвардигори олам тақдир, қисматнинг яратувчиси, жаннат гулларидан ўз ижоди билан ранг тайёрлаган, чунки маҳбуб кийган либос бу даҳр, бу дунёники эмас, азалият яратқиси.

Бешинчи байтда ул гул, маҳбуб тўнини бошдан-оёқ бинафш қилибди, уни кўриб ҳушимни йўқотдим, боғ аро қайси бир гулни кўрсам, худди бинафшага ўхшатаман ва улар мени шайдо қилади, дейди. Бу — истиора санъатининг нафис намунаси.

Олтинчи байтда гул бинафшазорга мос тушгани каби, “ул шўх”нинг кўйлаги майин қимматбаҳо ипакдан тўқилган бинафша рангли нафис матодан, тўни эса бинафша гулли “кимхо”дан, дейди. Бу ўринда кўнглак ва тўн, воло (ипакдан тўқилган мато номи) ва кимхо синоним бўлиб, бинафшага нисбатан мажозий маънода қўлланилган. Таносуб, тамсил, қиёс, ташбиҳнинг жилоланиши.

Еттинчи байтда “сабза” сўзи аслида янги унган гиёҳ, аммо бу ўринда гулзор маъносида ишлатилган. Шоир гулзорда савсан таровати ниҳоят уйғун, ёқимли, хуш тушганидек, шўхи сабзоранглар (кўчма маънода гўзаллар)нинг рангига дебо — ҳарир қиммат баҳоли кийим бинафша рангли ипак юзли санамга ўта мос, лойиқ кўриниш беради, деб тасвирлайди. Бу ўринда шоир сўз қўллашда маҳорат кўрсатган. “Шўхи сабзоранг” изофали бирикма эса байтда поэтик руҳ, бўртириқли компонент, маъно бирлиги. Ифоданинг юксак зинаси. Бу байтда икки манзара мавжуд, бири чаманда гулларнинг ёқимли тебраниши бўлса, кейингиси шўх гўзал ёр, маҳбубларнинг сабзоранг кийган либоси гулзордаги гуллар билан ҳамранг эканига нисбат берилган. Сифатлаш, ташбиҳ. “Ранг” сўзи қомат, кўриниш. “Кимхо бинафш” бирикмаси эса бинафш рангли либос, тўн, чопон маъносида. Санъатлар: жонлантириш, тамсил, ташхис, ружуʼ.

Саккизинчи байтда боғбон — ошиққа мурожаат қилиб, боғда бинафшадан ўзга гул экмагил, чунки бизнинг Мирзо (Султон Ҳусайн Бойқаро) ҳам ўз либоси рангини бинафша рангидан бўлмоғини истайди, деб огоҳлантиради. Мирзога нисбатан киноя, рашк маъносида. Демак, ишқ зоҳиран, ботинан руҳий, маънан илоҳий, дилбанд восита, пировардида рашк билан йўғрилган шуурий ҳодиса.

Тўққизинчи байтда ровий тингловчига қарата: “соқий тўнин қилмиш бинафш” деб, соқий тўнини бинафш рангидан қилганидан ажабланиш керак эмас, чунки унинг тўни буллурин (буллурдан ясалган идиш)дан деб, мавжли шаффоф қадаҳга қуйилган “саҳбо бинафш” қизилтоб май ранги билан уйғун, мос, монанд эканига маъно юклайди шоир.

Мумтоз бадиий адабиётда “соқий”, “соғар”, “май” каби сўзлар доим деталь сифатида ёнма-ён келади. Соқий мажозан йўлбошчи, Яратувчига нисбат бериш. Соғар — моддий дунёнинг рамзи, май — моддий дунёнинг зуҳурланиши, кўриниши, ҳаёт, воқелик.

Ўнинчи байтда юқоридагидек мурожаат ва тасдиқ мавжуд. “Чарх” сўзи остида кўп маъно яширилган ва чархни “рангомиз” деб ғазалда бўрттириб қўллашнинг сабаби шуки, чарх вақт бирлигида доим ҳаракатдаги жараён, демак, унинг турли рангларда бўлиши, турфа рангларда ўзгариши, кўриниши табиий ҳодиса ва кескин бир оҳангда “кўрма тафовут зинҳор” деб, Аллоҳнинг измига қарама-қарши зинҳор фарқ, тафовут йўлини тутмасликка чақиради маҳбубни. Ҳақиқатда инсоният олами, ўсимлик, ҳайвонот дунёси, бутун мавжудот ана шу чарх ранги билан уйғун деган маъно ҳам англашади бу байтдан.

Охирги байтда мақтаъ талабига мувофиқ шоир дилбандини тафаккур ва хулоса қилишга чақиради ва ўзига қарата: эй Навоий, бинафшапўш гул (ёр, маҳбуб)нинг васфида “ҳар не ёзарсен коғази илло бинафш бўлмасун”, яъни нимаки ёзсанг, қоғозда сиёҳ рангидек қолиб кетмасин, аксинча, бинафшадек бўй таратиб, оламни яшнатсин, дея умид қилади шоир.

Навоий ҳазратлари “Бинафша” образини “Хамса” достонларида ҳам зўр маҳорат билан бадиий тасвирга тортган. Бинафша — ўта уятчан гул. Доим боши эгик, бардошли. Чиройда гуллар сарвари, чаманлар ичра якто. Ишқ сарчашмаси.

Мир Алишер Навоий ҳазратлари “Фарҳод ва Ширин”да:

Бинафша андаким гардун кўкартиб,

Гажак янлиғ хирад бўйнини тортиб.

Ушбу байтга ички бир сезим билан диққат қилинса, ўзгача бир руҳий оламга кириб боради китобхон. Бинафша “андаким”, яъни гулзорда гардун каби ўзини намойиш этиши ва гажак янлиғ хирад бўйни ибо билан тортиб туриши кўкдаги юлдузларнинг сачратқи чиройига монандлиги қиёс қилинади. Бу — ҳазратнинг таҳайюли. Аслида ифоданинг ўзгача ташбеҳи ҳам мавжуд. Бинафша эпитет ва у шоир ардоғидаги гулларнинг энг фахрлиси. Навоий ҳазратлари бинафшани инсонга хос хирад: ақл, зеҳн, ҳуш, сезим, тафаккур, билим каби сифатлар билан жонлантириб, воқеликка олиб киради.

Ровийнинг бинафшага бунчалик меҳр қўйишининг сабаби нимада? Бизнингча, пировард натижа бинафшанинг бу ноёб ҳусни латофати, гўзал сиймоси орқали Ширин образини сифатлаш ва Ширин билан бинафша орасида уйғун мутаносиб чизмаларни ўқувчига етказишга қаратилган. Чунки Ширин — инсоният боғида бинафшадек танҳо, фасоҳат боғида камолотда етук, тенгсиз ва ақл хирадда комил инсон. Демак, шоирнинг матлаби наботот олами билан инсоният олами бир-бири билан ажралмас бир бутун, деган умумлашма, фалсафий хулосага келади ва бу, том маънода ибрат ва ҳикмат. Умумбашарий орифона тушунча.

Яна бир содда шарҳ шуки, суюкли қизнинг ёри олдида уялинқираб, бошини қуйи эгиб, хижолат тортиб туриши бинафша ҳолатига монанд, дейиш мумкин. “Садди Искандарий”да:

Бинафша бошин андин айлаб қуйи,

Ки, остиға анинг кириб мул суйи.

Бинафша чаноғига мул (шудринг) сувининг эниши, унинг тонг пайтидаги ялтироқ ҳолатига ташбеҳ, қиёс. Мул суйи — юк, мажозан ҳижрон; ашк, кўз ёши. Бинафшанинг дилошиб кўриниши эса қиз боланинг келинлик либосини кийишидаги хушнудлик билан тўккан нозли кўз ёшига нисбат деб англаш лозим. Аслида, бу истиғно.

Бошқа бир ўринда:

Бинафшаки ўз қаддин айлаб нигун,

Қалинлиқда чодиршаби нилгун.

Эътибор қилинг: бинафша ўз қаддини букиши, эгиши, ложувард сиёҳранг осмонда сачратқи каби сочилган юлдузларнинг яшноқ шуъласи гулли чойшабнинг жилосига ўхшатилади. Дилбар чизмаларда зуҳурланган воқелик шоирнинг ҳиссий туйғуларини ғоят эмоционал руҳда тараннум этилганидан далолат беради. Байтда қиёс, ийҳом ҳамда ишора мазмуни ҳам мавжуд. Халқимиз урфида келин тушириш тўйида келиннинг боши узра ёпилган чиройли чойшабни айни “чодиршаби нилгун”га монанд, деб талқин қилиш ҳам мумкин.

Ҳазрат Навоийнинг ҳар бир сўзи найшакар, симирсангиз дилингиз қувват олади, руҳингиз таскин топади, ишқингиз тўфон отади, қалбингиз туғёнга келади. Оламни теранроқ англай бошлайсиз. Кўнгил кўзингиз очилади. Туйғуларингиз тобланиб, тафаккурингиз чархланиб, ҳаётда тўғри яшаш саодатига эришасиз.

Исъҳоқхон НОСИРОВ,

Ангрен университети доценти,

филология фанлар номзоди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?