Болалар ўйингоҳлари бугун қай аҳволда?
Фото: Халқ сўзи
Болалик инсон умрининг гўзал ва беғубор фасли, беқиёс имкониятлар даври. Бинобарин, бола — ҳар бир оила ва жамиятнинг эртанги кундан умид чироғи. Шу боис уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий ва маънавий етук авлод бўлиб вояга етишларини таъминлаш ҳар бир мамлакатнинг тараққиёт истиқболини белгиловчи муҳим омил саналади. Бу борадаги озгина эътиборсизлик эса, албатта, бир қатор нохушликларга йўл очади.

Сўнгги пайтларда болаларда ижтимоий тармоқлар, гаджетлар ва смартфон телефонлардан фойдаланишининг тобора ёшариб бораётганлиги ҳақидаги нолишлар (баъзида мақтаниш) тез-тез қулоғимизга чалинмоқда. Заррача муболаға йўқ — бугун атрофни виртуал англаш, «компьютерга қарамлик» ҳали тили чиқмасиданоқ болаларни ўз домига тортмоқда. Хитой, АҚШ ҳамда Европанинг бир қатор ривожланган мамлакатларида бу қарамлик касаллик, дея тан олиниб, даволаш чоралари қўлланилмоқда. Афсуски, мамлакатимиз ҳам бу таҳдидлардан холи эмас. Табиийки, уларнинг олдини олишнинг ягона йўли — мафтункор ва жозибадор омилни тақдим этиш. Бу борада бир қатор чора-тадбирлар белгиланиб, лойиҳалар амалга оширилмоқда. Чунончи, Президентимизнинг «2017 — 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ҳам болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига доир муҳим вазифалар белгиланган. Мазкур қарорнинг иккинчи иловасига кўра уй-жой фондига туташ ҳудудларни ободонлаштириш параметрларида 2017 — 2021 йилларда биргина Навоий вилоятида 634 та болалар майдончасини қуриш ва таъмирлаш ишлари назарда тутилган эди. Шуларнинг 80га яқини Навоий шаҳри ҳиссасига тўғри келади.
Албатта, бу бежизга эмас. Боиси болалар майдончалари жажжиларнинг ўз вақтини мазмунли ўтказиши, жисмоний ва ижтимоий ривожланишига хизмат қилади. У ердаги ҳар бир жиҳоз мактабгача ва кичик мактаб ёшидаги болаларни ўйинга қизиқтира олибгина қолмай, жисмоний ва интеллектуал ривожланишига самарали таъсир этиши зарур. Шундагина ўйин орқали болалар атроф-муҳит билан яқиндан танишиб, нотанишлар билан ҳам мулоқотни ўрганади ва мустақил ҳаракатланиш, ўз кучини синаб кўриш имкониятига эга бўлади. Болада табиатга меҳр, дадиллик, бошқалардан ўрнак олиш ҳисси уйғонади.

Хўш, бу борада таҳлил манзилимиз — Навоий шаҳрида аҳвол қандай? Шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими берган маълумотларга кўра, 2018-2021 йилларда ҳудудда 48 та болалар майдончаси қурилиб, 31 таси таъмирланган.
Мисол учун, шаҳарнинг «Умид» МФЙ ҳудудидаги И. Каримов ва Амир Темур кўчалари кесишмасида 90-кўп қаватли уй болаларининг имкониятини олиб қарайлик. Уй 140 хонадондан иборат бўлиб, катта кўчадан биргина йўлак ажратиб туради. Икки ёнида эса йўлга туташиб кетган енгил конструкцияли овқатланиш масканлари жойлашган. Орқа тарафи очиқ майдон бўлиб, у ерда дарахтзор, болалар ўйин майдончаси, ахлат йиғиш пункти мавжуд эди. Шу атрофдаги 88-, 88»а», 84-, 86-кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи оилаларнинг фарзандлари ҳам ушбу ҳудудда ўйнашлари, автомашиналар қўйилишини инобатга олсак, очиқ майдон деганимиздан ҳам кафтдеккинаси болаларга қолади. Бу ҳам етмагандек шу кунларда мазкур ҳудудда уйга қадаб, уч қаватли иморат тикланмоқда. Эмин-эркин ўйнаш нари турсин, бирваракай оёқда туришига ҳам торлик қиладиган бу ҳудуддан болалар ўйингоҳи учун ажратилган ерга талабгор бўлишнинг ўзи болалар ҳуқуқ ва манфаатларига беписандлик эмасми?

— Болалар ўйин майдончасидаги мосламалар эса кесиб ташланди, ана ётибди, — дейди 88-«а» уйнинг уй бошиси Халил Маматов. — Шу иморатнинг тагида беш туп катта-катта ўрик дарахти бор эди, ёз бўйи меваси тагига тўкилиб, болаларимиз териб оларди. Кўпчилик норози бўлдик, шикоят қилдик, фойдаси бўлмади.
Ушбу иморат тикланаётган ҳудуддаги болалар майдончаси «Ниҳол 2020» хусусий уй-жой мулкдорлар ширкати балансида. Ширкат раисининг таъкидлашича, қурилиш учун ер ХУЖМШ ташкил этилишидан анча илгари ажратилган. Уч-тўрт йилдан буён қўлдан-қўлга ўтиб келяпти.
— Тўғриси, ҳозир нима қурилаётганини билмайман ҳам, — дейди ХУЖМШ раиси Нодир Махаматов. — Ўйин майдони бизнинг балансимизда бўлгани билан ер бизга тегишли эмас, шунинг учун уни ҳокимият истаган пайтда сотувга қўйиб, тасарруф этиши мумкин.
«Умид» МФЙ раиси Шермамат Холиқов билан суҳбатлашганимизда, у ҳақиқатан ҳам ер бир неча қўлдан ўтиб, бугунги эгалари стоматология, босмахона учун иморат тиклаётганини, қурилиш ишлари якунлангач, болалар майдони барпо этиб беришни ўз зиммаларига олишганини таъкидлади.

Нафсиламрини айтганда, иморат кимга тегишли эканлигининг аҳамияти йўқ. Шуниси аниқки, манзилдаги 90-уйнинг биринчи қаватида иккита стоматология пункти жойлашгани ҳолида яна стоматология қуриш ва буни деб маҳалла болаларини ўйингоҳдан маҳрум қилишга қандай зарурат бор?!
Эҳтиросларни жиловлаб, сал наридаги икки-учта болалар ўйин майдонларини кузатамиз. Алмисоқдан қолган мослама ва жиҳозлар атрофи бўм-бўш. Фарзандларини ўйнашга олиб чиққан ота-оналар учун яратилган шарт-шароит ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
— Мосламаларнинг ҳаммаси темирдан ясалган, — дейди М. Торобий кўчаси 113-уй, 11-хонадонда истиқомат қилувчи Гавҳар Турдиева. — Ёзда қўлни кўйдирса, қишда музлатади. Ер қотиб кетган, йиқилган бола шикастланиши аниқ. Йўқдан кўра борда, ишқилиб, болаларимиз гоҳ-гоҳ келиб ўйнайди. Тўғриси, ўзимиз қўрқамиз.
Шунингдек, шаҳарда сўнгги йилларда қурилган янги уйлар атрофидаги бир нечта ўйин майдончаларида ҳам бўлдик. Мисол учун, «Ҳумо Зилола» ХУЖМШига қарашли ўйин майдончаси бешта кўп қаватли уйнинг болаларига мўлжалланган бўлиб, бу ерда сирпаниш қирчаси ва ёйсимон осилиш нарвони бор, холос. Улар ҳам занглаб, пайванд чоклари кўчиши натижасида қирралари ўткирлашиб, ўта хавфли бўлиб қолган. Тўғриси, бу каби ҳолатлар бармоқ билан санарли эмас.

Ниҳоят Навоий шаҳридаги мобил алоқа компанияси томонидан беш-олти йил олдин болаларга совға қилинган ўйин майдончасига келдик. Майдонча болалар билан гавжумлигини кўриб, бироз кўнглимиз ёришди.
— Ёзда янада бу ер гавжумлашади, — дейди Ғалаба шоҳкўчаси 117-уй 5-хонадонда истиқомат қилувчи Юлдуз Носирова. — Фарзандларимиз билан бирга биз, ота-оналар учун ҳам дам олиб, суҳбат қуриш учун қулай шароитлар яратилган.
Бугун компъютер қаршисига михланган ёки планшет ва қўл телефонда кун сайин «болалаётган» видеомаҳсулотларни томоша қилаётган болаларингиз учун сиз яшаётган кўп қаватли уй ёнида ўйингоҳ борми? Агар бор бўлса ва хавфсизлик талабларига жавоб берса, болаларингиз ўйингоҳда вақт ўтказсин, ўйнасин, кулсин. Бунга унданг, уларга ҳамроҳ бўлинг. Ахир улар — болалар! Таассуфки, Навоий шаҳри мисолида айтсак, бундай ўйингоҳлар кам, жуда кам.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг