Бокс: 6 нафар ўғлонимиз ўсмирлар ўртасида Осиё чемпиони, яна шунчаси вице-чемпион!

09:56 14 Март 2022 Спорт
997 0

Иордания пойтахти Амман шаҳрида давом ўтаётган бокс бўйича ўсмирлар вa ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ўсмирлар ўртасидаги баҳслар ўз якунига етди.

Қитъамизнинг 21 мамлакатидан жами 352 нафар боксчи баҳсларга киришган мусобақада Ўзбекистон шарафини ўсмирлар ўртасида 25 нафар, ёшлар ўртасида эса 24 нафар, жами 49 нафар спортчимиз муносиб ҳимоя қилишмоқда.

Ушбу мусобақа ўсмирлар ўртасида 2006-2007 йилларда туғилганлар, ёшлар ўртасида эса 2004-2005 йилларда таваллуд топган боксчилар ўртасида ташкил этилди.

Бугун мусобақа доирасида ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионлари аниқланди. Аввалроқ ушбу ёш тоифасидаги қизлар ўртасида ўтказилган жангларда 5 нафар спортчимиз қитъа чемпионлигини қўлга киритишганлиги ҳақида хабар бергандик. Ҳозиргина ўғил болалар ўртасидаги баҳслар ҳам якунига етиб, яна 6 нафар ҳамюртимиз Осиё чемпионига айланди.

Бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатининг финал жангларида терма жамоамиз аъзолари қайд этган натижалар:

-48 кг: Илҳомжон Эргашев ҳиндистонлик рақибини мағлуб этди ва дастлабки олтин медал қўлга киритилди.

-50 кг: Самандар Олимов қирғизистонлик рақибини биринчи раунддаёқ нокаутга учратди ва яна бир олтин медал!

-52 кг: Суннатилла Ўктамалиев қозоғистонлик рақибига имкониятни бой берди ва кумуш медалга сазовор бўлди.

-54 кг: Мироншоҳ Норқосимов таиландлик рақибига имкониятни бой берди ҳамда кумуш медални қўлга киритди.

-57 кг: Фаррух Тўлаганов қозоғистонлик боксчига ютқазиб қўйди, кумуш медал!

-60 кг: Мирзакамрон Юнусов ҳинд боксчисига имкониятни бой берди ва жамоамизга яна бир кумуш медални тақдим этди.

-63 кг: Ҳожиакбар Қудратов ҳам кумуш медал билан кифояланди, унда ҳам мағлубият.

-70 кг: Жаъфарбек Шахбозов иорданиялик рақибини мағлубиятга учратди ва олтин медалга сазовор бўлди.

-75 кг: Темурбек Абдуваҳобов қозоғистонлик рақибини мағлуб этди. Навбатдаги олтин медал!

-80 кг: Раҳмонжон Қодиров ҳиндистонлик рақибидан устун келиб, олтин медал соҳибига айланди.

+80 кг: энг оғир вазнли боксчимиз Озодбек Алиев ҳам қозоғистонлик рақибини мағлуб этди ва терма жамоамиз ҳисобига олтинчи олтин медални қўшиб қўйди.

Янги Ўзбекистонга мана шундай ғалабалар ярашади, олға Ўзбекистон!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер