Бойсунга илм излаб келган япон қизи
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Япониянинг Осака шаҳридан келган ёш олима Натсуми Шида икки йилдирки Бойсуннинг тоғли Қизилнавр қишлоғида яшайди. Унинг анъанавий гиламчилик мавзусини тадқиқ этишида маҳаллий аҳолининг хизмати катта. Самимий, кўнгли очиқ қишлоқ одамлари япон қизидан меҳрини аямайди, илмий изланишларига кўмаклашади.
Қизилнаврнинг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси, зилол сувларию қип-қизил тупроғини кўриш учун олислардан сайёҳлар тез-тез ташриф буюришади. Айниқса, бу ерда қадимги ҳунармандчилик ривожланган. Ҳар бир хонадонда ўтмиш қўл меҳнати маҳсулидан ҳанузгача фойдаланилади. Натсуми ҳам бежиз ушбу маконни ўзига яқин олмади.
— Бойсуннинг кўплаб қишлоқларида бўлдим, — дейди Натсуми Шида. — Кейин Қизилнаврни танладим. Азалдан турк тўқима гиламларига қизиққанман. «Бундай гилам тўқийдиган «турк кўчманчилари» кимлар?», «Доим бир манзилдан бошқа жойга кўчиб юриладиган ҳаёт тарзида улар гиламни қай тарзда тўқишади?» каби саволларимга жавобни Қизилнаврдан изладим. Очиғи, бу қишлоқ ҳаётига чуқур шўнғиб кетишимни ўзим ҳам тасаввур қилмагандим. Самимий ва хушмуомала одамлари мени икки йил давомида ўзбек аёлига айлантиришди.
Қўл меҳнати асосида бирор ашё яратиш барча халқларга хос. Шундай яратувчанлик моҳиятини ўрганиш учун моҳир усталарни тадқиқ этишга ҳаракат қиляпман. Илмий ишимда инсоннинг хусусияти буюм тайёрлаш орқали қай тарзда авлоддан авлодга ўтиши ва қайта туғилишини Бойсун гиламчилиги мисолида кўрсатиб бермоқчиман.
Бойсунда ярим кўчманчилик асосида ҳаёт кечирадиган чорвадорларнинг турмуш тарзи билан яқиндан танишдим. Маҳаллий аҳоли тилида «капа», «қора уй» деб аталадиган ўтовлар ажойиб, ҳайратланарли. Хуллас, вазифаларим кўпайди, мақсадим кенгайди. Кўчманчиларнинг кундалик турмушда орттирган, авлоддан авлодга ўтказиб келаётган билимларини ўрганиш ва дунёга тарғиб этишни ният қилганман.
Ёш олима Натсуми олийгоҳда тарих, аспирантурада маданий антропология (этнография) бўйича таҳсил олган. Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институтида малака ошириб, яна Бойсунга қайтган.
— Хонадонимга икки йилдан буён яшаётган Натсуми худди ўз қизимдек бўлиб қолган, — дейди «Қизилнавр» МФЙ фаоли Жамила Хўжақулова. — У рўзғор юмушларида ҳам кўмакчи, уйга меҳмон келса, дастурхон тузайди. Чой қайтариб, ўзбекча лутф билан пиёлани узатади. Пазандалик борасида ҳам ўзбек аёллари билан бемалол беллаша олади. Ўзбек хонадонига келин бўлса, бир оилани эплайди. Ундан ҳазиллашиб, келин бўлиб қишлоғимизда қолишини сўрасак, тенгим чиқиб тақдир бирлаштирса… дейди. Қишлоқдошларимиз унга Нафиса исмини беришган. Ўзбек тилида тушунмайдиган сўзи йўқ, гапиришда бироз қийналсада, ўз фикрини, мақсадини бемалол тушунтира олади.
Қишлоқ кайвонилари Зулфизар момо ҳамда Ойша момо Нафисага гилам тўқиш, кашта тикиш сирларини ўргатган. Япон қизи бу устозларини ўз бувиси сингари эъзозлайди.
— Нафисанинг зеҳнига, сабр-бардошига қойил қолмасдан илож йўқ, — дейди Зулфизар момо. — Бир нарсани икки марта такрорлашнинг ҳожати йўқ. Шундай қараб турса бас, дарров ўзлаштириб олади. Ҳозир гиламларнинг барча турларини бемалол мустақил тўқийди. Дастлаб нисбатан осон бўлгани учун гиламнинг «қоқмагилам» турини тўқишни ўрганди. Кейин «ғажариглам», «имом Султонигилам», «чумчуқкўзгилам» турларини ҳам тўқилишини ўзлаштирди. Бугун ўзи ўрмак қўйиб, гиламларнинг ҳар қандай турини тўқийди.
— Нафиса бир куни ёнимга келиб, менга қошиқхалта тўқишни ўргатинг, деб қолди, — дея суҳбатга қўшилади Ойша момо. — Эртаси куни мени қойил қолдирди. Уч кунда битказиладиган ишни бир кунда тайёрлаб олиб келди. Бир кун ўтиб, энди менга ўтовуйнинг пешона ёпқичини тўқишни ўргатинг, деди. Уни ҳам бинойидай ўзлаштириб олди.
Япон қизидаги ҳунар ўрганишга бўлган иштиёқ, тиришқоқлик ва сабр-бардош қишлоқ аёлларига ҳам кўчди, десак, муболаға бўлмайди. Буни биргина шу қишлоқда яшовчи 7 нафар фарзанднинг онаси Фазилат Норбитова мисолида ҳам кўриш мумкин.
— Нафисанинг саъй-ҳаракатлари мен сингари уй бекаларини ҳам бефарқ қолдирмади, — дейди Ф. Норбитова. — Шунча олис юртдан келиб илм олиши, ҳунар ўрганиши таҳсинга лойиқ. Буни қарангки, Натсумининг онаси 63 ёшда бўлсада, айни пайтда Японияда психология йўналишида таҳсил олаётган экан. Шуни айтиб, мени руҳлантирди. Илм олишнинг эрта-кечи йўқлигини англадим. Ўтган йили олий таълим муассасасига ҳужжатларимни топшириб, тарих йўналиши бўйича ўқишга кирдим.
Натсуми келажакда Япониянинг этнография музейида ўз фаолиятини давом эттирмоқчи. У ерда ўтов — қорауй ўрнатиш ниятида. Бунинг учун жиҳозларнинг аксариятини ўзи тайёрлаган.
Осмонўпар иморатлар қуршовида яшайдиган Натсуми учун бу мўъжазгина қишлоқда порлаб турган митти юлдузлар, сокин оқшомлар, мусаффо тонглар қадри ўзгача. Меҳр қўйган қишлоғидан кўнгил узиш осон эмас. Яқинда у юртига қайтади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг