Бойсунда дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланди

15:44 02 Апрель 2025 Жамият
86 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарё вилоятда «Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт» шиори остида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда миллатлараро тотувлик чинакам ифодасини топмоқда.

Наврўз шукуҳи кезиб юрган фусункор дамларда Бойсун туманидаги Сариосиё ҳамда Ширинобод маҳаллаларида бошланган шодиёна халқ сайлига айланди. Ҳудудларнинг ҳар бир кўчаси байрамона тус олди. Сумалак ва баҳорий таомлар пиширилиб, турли кўргазмалар ташкил этилди. Миллий ўйинларимиз — арқон тортиш, тош кўтариш, кураш мусобақалари кўпчиликка завқ улашди. Амалий санъат ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, гиламдўзлик, заргарлик, кулолчилик ва ёғоч ўймакорлиги каби ҳунармандчилик ишларининг намойиши, китоблар кўргазмаси, расмлар чизиш танлови, миллатларга хос миллий таомлар кўргазмалари уюштирилди. Концерт дастурлари тадбирга байрамона руҳ бағишлади.

— Жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Азиз Машрабов. — Вилоятимиз бўйлаб аҳиллик ва баҳамжиҳатликда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари учун Ўзбекистон ягона Ватан эканини яна бир бор кенг намоён этмоқда.

Бойсун туманида ҳам ўндан зиёд турли миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, эл-юрт равнақи, мамлакат фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Уларнинг таълим олиши, ўз қизиқиш ва лаёқати бўйича касб-ҳунар эгаллаши, маданият, урф-одат, анъаналарини сақлаши ҳамда ривожлантириши учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратилган.

— Маҳалламизда 3 мингга яқин аҳоли аҳил-иноқ истиқомат қилади, — дейди «Сариосиё» МФЙ раиси Исроил Очилов. — Аҳолимизнинг асосий қисми тожик миллатига мансуб фуқаролар бўлсада, урф-одатлари, тўйлари бирлашиб кетган. Ўзбек-тожик халқлари бир-бири билан қуда-андачилик қилади, қариндошлик жойига қўяди. Уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Ёшларимиз ҳам шу руҳда тарбияланган. Бундан фахрланамиз. Бундай тадбирлар орқали ўзбек ва тожик миллати вакиллари миллий урф-одат ва анъаналарини, аҳиллик ва қардошлик ришталарини, юртимиздаги тинч, обод ва тўкин ҳаётни яна бир бор баралла тараннум этмоқда.

Дўстликни, ҳамжиҳатликни улуғловчи ва мадҳ этувчи байрам тадбирлари Сурхондарёда давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?