«Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалининг очилиш маросими ўтказилди
Фарҳод ЭСОНОВ / «Халқ сўзи». Жорий йилнинг 2 май куни Бойсун туманида «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда нутқ сўзлаган Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов мамлакатимизда кейинги йилларда бой моддий ва номоддий маданий меросимизни янада чуқур ўрганиб, ёш авлод қалбига сингдиришга, ёшларни теран илдизи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизга ҳурмат руҳида улғайтиришга эътибор кучайганини алоҳида қайд этди.
«Ҳурматли Президентимиз ғояси билан фольклор санъатимиз ва миллий халқ ўйинларимизга, ўтмишдаги бой тарихимизга барчани ягона улуғ мақсад йўлида бирлаштирадиган миллий қадрият сифатида қарамоқдамиз», — дея таъкидлади вилоят ҳокими.
2002 йилда асос солинган «Бойсун баҳори» фестивали бир йилдан сўнг яна бир марта ўтказилиб, сўнгра 2004-2016 йиллар оралиғида — 13 йил давомида номаълум сабабларга кўра ўтказилмай қолган эди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йил қайта тикланган ва уч марта ўтказилган фестиваль коронавирус пандемияси туфайли 2020-2021 йилларда яна ўтказилмади. Ниҳоят, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 февралдаги «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2022 йилнинг 7-8 май кунлари фестиваль ташкил этилди. Шундан сўнг, халқаро фестиваль бундан буён UNESCO шафелиги остида ҳар 2 йилда бир марта ўтказилиши белгиланди.
Бу йил ташкил этилаётган фестиваль тамомила янги шукуҳ ва янгича услубда, юксак бадиий савияда ўтказилмоқда. Шу мақсадда сўлим тоғлар қўйнидаги Бибиширин маҳалласида замонавий туристик маскан барпо этилди. Бу ерда беш қаватли, тўрт юлдузли муҳташам меҳмонхона, йирик саҳна, амфитеатр, вилоятлар қўрғонлари учун жой, этноспорт майдончалари ва бошқа инфратузилма иншоотлари қад ростлади. Ўтовлар ўрнатилиб, Термиз шаҳри, туманлар ва вилоят ташкилот, муассасаларининг қўрғонлари ташкил этилди.
«Бойсун баҳори»нинг бу йилги анжуманида иштирокчи мамлакатлар жуғрофияси кенгайиб, уларнинг сони икки баробардан зиёд кўпайди. Буюк Британия, Бельгия, Исроил, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Руминия, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон каби 20 га яқин давлатлардан ноёб истеъдод соҳиблари, машҳур ижодий гуруҳлар, юздан зиёд хорижлик сайёҳлар ташриф буюргани ўтган қисқа даврда фестивалнинг довруғи бутун дунёга тараннум этилиб, унинг обрў-эътибори ва нуфузи тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Маросимда таниқли санъаткорлар ҳамда фольклор жамоалар иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.
Тадбир 7 май кунига қадар давом этади. Фестивалнинг халқаро кўрик-танлови фольклор ҳамда миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати йўналишларида ташкил этилади. Шунингдек, мусиқа байрами доирасида миллий созлар ва либослар, таомлар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмалари, дроншоулар, этноспорт беллашувлари, улоқ-кўпкари, кураш, тош кўтариш, арқон тортиш, хўроз уриштириш, варрак сайли каби турли халқ ўйинлари ҳам ташкил этилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг