Бобуршуносликнинг галдаги вазифалари белгилаб олинди

17:29 14 Февраль 2025 Жамият
197 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон вилояти ҳокимлигида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллигига бағишланган «Бобуршуносликнинг янги уфқлари: муаммо ва ечимлар» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда юртимиздаги ва хорижлик бобуршунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Давронбек Сатторов, Президент Администрацияси вакили, профессор Саидхон Саидолимов ва бошқалар сўзга чиқиб, халқимизнинг бой маданий мероси, буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва кўплаб алломалармиз томонидан яратилган нодир, бебаҳо илмий асарларнинг жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожидаги аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

— Дунёда машҳурлар жуда кўп, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари Хуршидахон Ваҳобжон қизи. — Бироқ уларнинг авлоддан-авлодга мерос қолдирса арзигулик жиҳатлари жуда кам. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳам ҳаёти, ҳам ижоди, шоҳ сифатидаги фаолияти нафақат ўзбек халқи учун, балки бутун дунё аҳли учун ҳамма вақт муҳим аҳамият касб этиб келган. Биргина «Бобурнома» асарининг ўнлаб тилларга таржима қилингани бунга мисолдир. Бугунги анжуманда асарнинг итальян тилига таржима қилингани эълон қилинди. Демак, Бобур асарлари ўқувчилари сони йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Бу эса унинг жаҳон миқёсида тутган ўрни, мавқеидан далолатдир.

Тадбир давомида Туркиянинг Гўзал санъатлар университети профессори Танжу Сейхан, Озарбайжон миллий илмлар академияси профессори Алмаз Биннатова, ўзбекистонлик олимлардан Ҳамидулла Болтабоев, Хосият Бекмирзаеваларнинг «Навоий ва Бобур», «Бобуршоҳ асарларида мурожаат усуллари», «Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси», «Бобурнома» асарининг инглиз тилига таржимаси хусусида» каби мавзулардаги маърузалари тингланди.

Россия, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан ташриф буюрган олимлар иштирокидаги ушбу тадбирда бобуршуносликнинг галдаги вазифалари белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?