Боботоғликлар ҳаёти буткул ўзгарди

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Боботоғ — мамлакатимизнинг энг сўлим гўшаларидан бири. У Сурхондарё вилоятининг шарқидаги тоғ тизмаси бўлиб, Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида, Сурхондарё ва Кофарниҳон дарёлари оралиғида шимоли-шарқдан жануби-ғарбга томон Амударё соҳилигача чўзилган. Узунлиги қарийб 125 километр, эни эса 30-40 километрдан иборат. Энг баланд чўққиси 2290 метрни ташкил этувчи Заркоса тоғи. Асосан палеоген ва юра даври оҳактошлари, гил, алевролит, қумтошлардан таркиб топган.
Боботоғ массивининг боши ва охиригача 45 километр йўл босиб ўтиш лозим. Туман марказидан қарийб 100 километр олисдаги ҳудуд тўртта — “Янгиобод”, “Толтуғай”, “Оқмачит” ва “Боботоғ” МФЙдан таркиб топган. У ердаги баъзи хонадонлар тарқоқ жойлашган. Узоқ йиллар эътибордан четда қолган бу массивда қалбида шукроналик туйғуси мустаҳкам, сабр-қаноатли одамлар яшайди. Уларнинг ҳам муносиб турмуш кечиришлари учун давлатимиз алоҳида ғамхўрлик кўрсатмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 17 февралдаги “2021 — 2023 йилларда Сурхондарё вилояти Узун тумани Боботоғ ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори боботоғликлар ҳаётини буткул ўзгартирди. Одамлар бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашмоқда.
— Сўнгги йилларда бу ерларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳатто тушимизга ҳам кирмаган, — дейди Янгиобод маҳалласи фаоли Фахриддин Жўраев. — Илгари боботоғликлардан ҳол сўрайдиган бирор-бир ташкилот ёки масъуллар бўлмасди. Юртбошимиздан миннатдормиз, биз тоғликлар учун катта имкониятлар яратиб бермоқда. Ҳатто вилоят раҳбарининг шахсан ўзи келиб, иссиқ-совуғимиздан хабар оляпти, юзма-юз мулоқотларда муаммоларимизни ўрганяпти. Бунёдкорлик ишларини назоратга олиб, янги ғоялари билан уларни янада бойитяпти. Тадбиркорлик қиламан деганларга имтиёзлар бериляпти. Замонавий мактаб бинолари, мактабгача таълим муассасалари барпо этилиб, фарзандларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайиши учун зарур қулайлик яратилмоқда. Тиббий хизмат кўрсатиш ривожлантириляпти. Маҳалла идораси қуриб берилди. Ичимлик ва оқова сувдан муаммомиз йўқ. Йўлларимиз равон, чироғимиз ҳамиша ёниқ. Ҳатто газ балонлари билан ҳам таъминландик.
Яқин йилларда ҳам аҳоли қишин-ёзин тоғ этакларидан арча, писта, заранг каби дарахтларни ёқилғи учун кесишга мажбур бўлишарди. Бу ишлари билан табиатга кўп зарар етказсалар-да, аслида одамларнинг бошқа чораси ҳам йўқ эди. Энди бу кунларни боботоғликлар афсус билан эслашида “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиалининг ҳам хизмати катта бўлмоқда.
— Вилоятимизда истеъмолчиларни давлат-хусусий шериклик асосида суюлтирилган газ билан таъминлаш жорий этилган, — дейди «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиал раҳбари ўринбосари Феруз Атамуродов. — Ҳудудий филиалимиз томонидан тадбиркорлар билан ҳамкорликда давлат-хусусий шериклик асосида газ тўлдириш шохобчалари қурилмоқда. Масалан, “Узунтумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан 51 та маҳаллада яшайдиган 37 минг 179 истеъмолчининг барчаси суюлтирилган газ билан таъминланган. Жорий йилнинг ўтган ойларида туман истеъмолчиларга газ баллонлари орқали қарийб 4 минг 712 тонна суюлтирилган газ етказилди. “Боботоғ” газ тўлдириш шохобчаси қайта модернизация қилиниб, хизмат кўрсатиш сифати янада оширилди. Шохобча 3 мингдан ортиқ истеъмолчига хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу ерда 9 нафар киши иш билан таъминланган. Шохобчада бир кунда 4-6 тонна, бир ойда эса 50-55 тонна суюлтирилган газ тўлдирилган газ баллонлари белгиланган муддатда истеъмолчиларга етказилмоқда. Харид учун фуқаролар ID тўлов картаси билан таъминланган.
Юртимизнинг чекка ва олис гўшасида яратилган бундай шароит одамларнинг халқ манфаатини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янада обод, фаровон ҳаётга ишонч ҳиссини мустаҳкамламоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг