Бобосининг қабрини топган Ишихара Жуюничи

Қўқон шаҳридаги япон қабристонида дафн этилган Ишихара Жуюничининг бобоси урушдан қайтмаган. Яқинлари уни бир умр кутиб яшаган. Иккинчи жаҳон урушида Германия мағлуб этилганидан кейин Шарқий фронтда иттифоқчилар қўшинлари Квантун армиясини ҳам мағлубиятга учратди. 1945 йил 14 августда Япония императори Хирохито барча қўшинларини ҳарбий ҳаракатларини тўхтатиб, таслим бўлишга чақирди. Шундан сўнг таслим бўлган 500 мингдан зиёд япон аскарлари турли ҳудудларга сургун қилинди. Уларнинг 240 нафари Қўқон шаҳридан қўним топди.
– Бу ерда япон аскарлари халқ хўжалигининг турли соҳалари, хусусан, қурилишда меҳнат қилган, – дейди қўқонлик тарихчи Яҳёхон Дадабоев. – Бу шаҳарда япон асирлари томонидан бунёд этилган иншоотларнинг аксарияти сақланиб қолган. Ҳатто Қўқонда япон қабристони ҳам бор.
Бағрикенг халқимиз япон асирларига инсоний муносабатда бўлган. Уларга доим меҳр-оқибат кўрсатган.
— Мен бобомни кўрмаганман, — дейди япониялик Ишихара Жуюничи. — Ота-онам бир умр кутиб яшаганини яхши эслайман. Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Қўқон шаҳар ҳокимлиги кўмагида олиб борилган изланишлар натижасида бобомнинг қабрини Қўқон шаҳридан топдим. Элчихонамиз вакиллари ҳамда Қўқон шаҳар ҳокими ҳамроҳлигида бобомнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириб, руҳини шод этдим. Бундан беҳад мамнунман.
Ишихара Жуюничи бобосининг қабридан узоқлашгиси келмай, қайта-қайта ортига ўгирилиб кўзлари жиққа ёшга тўлди.
—Яқинларим бобом моҳир қурувчи бўлганини кўп эслайди, — дея сўзида давом этди Ишихара. — Бугун мазкур шаҳарда бобом ва бошқа ҳамюртлар бунёд этган табаррук биноларни кўриб ҳайратландим. Бундай ноёб иншоотлар ҳозирги кунгача сақланиб қолгани эътиборга лойиқ. Бобомни кўрмаган бўлсам-да, у кишининг касбига меҳрим тушган. Мен ҳам қурилиш соҳасида ишлайман. Бунёдкорлик ишларида бобомнинг руҳи доимо менга мададкор. Эътиборлиси, япон ва ўзбек меъморчилигида баъзи ўхшаш жиҳатлар бор. Айнан, меъморчиликда ҳам шарқона қадриятларимиз ўзаро уйғунлигига яна бир бор амин бўлдим. Бундан буён сулоламиз аъзолари билан ҳар йили юртингизга келиб турамиз. Бобом мангу қўним топган маскан энди биз учун табаррук зиёратгоҳга айланди.
Бугунги кунда Фарғона вилоятининг ҳар бир шаҳар-туманида тажриба тариқасида иккитадан мактаб танлаб олиниб, бошланғич синфларда япон тажрибаси асосида таълим-тарбия берилмоқда. Япониялик меҳмонлар Қўқон шаҳрида япон таълим тажрибаси асосида фаолият олиб бораётган мактаб фаолияти билан танишди. Мактабда ўғил-қизларни миллий анъаналар руҳида тарбиялаб, япон тили ва маданиятини ўргатиш борасида эришилаётган ютуқлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Бошланғич синфларда дарс жараёнини кузатган меҳмонлар япон таълим технологиялари асосидаги машғулотларда иштирок этиб, ўқувчилар билан самимий мулоқот қилди. Дарс якунида ўқувчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Ишихара ўз юртига қайтишдан олдин яна бир бор япон қабристонига бориб, бобосининг қабрига қайта-қайта бош эгиб, ўз она тилида дуолар ўқиди. Оила аъзолари, яқинлари саломини етказиб таскин топди. Қабр бошида бир муддат бобоси билан ғойибона суҳбатлашди. Даҳшатли уруш тугаганига 80 йил бўлди, аммо у қолдирган жароҳат, оғриқлар изи ҳали қалблардан буткул ўчгани йўқ. Аждодлар ва авлодлар ўртасидаги узвий ришталар мустаҳкам бўлса, бу туйғу абадий яшайди.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг