Боболари самарқандлик бўлган хитойлик – Саларларни биласизми?

21:24 22 Октябр 2024 Илм-фан
488 0

2006 йилда Хитой Халқ Республикасида илмий сафарим чоғида ўзбек тилига ўхшаш тилда сўзловчи бир халқ вакиллари билан учрашиш бахтига муяссар бўлган эдим. Улар ўзларини саларлар деб таништиришган эди. Суҳбат асносида тилларида ўғуз шевасидаги сўзлар кўпроқ ташкил қилишини, ўзбек тилида араб сўзлари қанчалик кўп ишлатилса, уларнинг тилида ҳам хитойча ва тибетча сўзлар шу даражалик кенг қўлланилишини англадим.

1-расм. Саларлар аждодлари томонидан XIV асрда Самарқанддан Хитойга олиб кетилган Қуръони Каримнинг қадимги нусхаси

Хушмуомала ва қувноқ бўлиб туюлган ўрта ёшдаги кишилар ўзларининг келиб чиқишини асли самарқандлик деб аташган ва бу билан мағрурланган эдилар. Уларнинг айтишича, саларларнинг аждодлари Оқман ва Қораман исмли ака – ука бўлиб, улар XIV асрда Самарқанддан Ипак йўли бўйлаб Хитойнинг энг боҳаво ва хушманзара жойларидан бўлган Цинхай, Ганьсу ўлкаларига кўчиб ўтишган экан. Бу жой Осиёнинг энг буюк дарёлари Хуанхэ ва Янцзи узанлари бошланиш жойи яқинида ўрин олган. Ака-ука ўзлари билан Самарқанд шаҳридан Қуръоннинг қадимги қўлёзмасини ҳам олиб келишган бўлиб, бу Қуръон ҳанузгача Хитойда энг қадимги нусха сифатида эъзозланиб келинмоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, қўлёзма милодий 8-13 асрларда кўчирилган. 2007 йилда Хитой ҳукумати қўлёзмани реставрация қилиш учун бюджетдан маблағ ажратди. 2009 йилда эса Қуръон Хитой миллий меросининг рўйхатига киритилди. Ўша йили Цинхай вилояти, Санланбахай қишлоғидаги Цзеци масжиди қошида музей ташкил этилиб, унда қўлёзма оптимал ҳолда асраш учун қулай ҳарорат ва намликни сақлаб турувчи махсус шиша ғилофга жойлаштирилди. Маълумотларга кўра ҳар куни минглаб одамлар бу китобни зиёрат қилиш учун бу ерга ташриф буюришади. Масжид катталиги бўйича шаҳарда иккинчи ўринда туради. Масжидда иккита имом, бешта мулла ва яна ўша ерда доимий яшовчи ўн беш киши фаолият олиб боришади. Масжид ҳудуди Цин сулоласи даврида (1644 -1912) уч марта кенгайтирилган.

2021 йилда рўйхатга олиш вақтида саларлар — 361000 кишини ташкил қилишган. Саларлар – ўзбеклар каби ислом динининг сунний (мотрудий) мазҳабига мансуб халқ. Улар Хитойда амалдаги иероглиф ёзувидан фойданишса-да, ўзларининг Сюнхуа-Салар автоном ҳудудида истеъмолдаги ёзуви лотин алифбосини ҳам ишлатишади. Узоқ давом этган тараққиёт жараёнида ушбу самарқандлик кўчманчилар авлодлари уйғурлар, ханлар, дунганлар, тибетликлар билан аралашиб, аста-секин ҳозирги салар халқини шакллантиришган. Лекин шунга қарамай, биз совға қилган ўзбекча чопонни ва дўппини кийган ўрта ёш саларлар Самарқанддаги ватандош аждодларидан деярли фарқланмай қолишди.

Сюнхуанинг марказида юртдошларимиз, саларларнинг аждодлари - ака-ука Оқман ва Қораманнинг қабрлари мавжуд бўлиб, у ер маҳаллий халқ орасида муқаддас зиёратгоҳга айланган. Саларлар бу қабрларни муъжизавий қудратга эга билиб, мушкулларини осон қилиш учун шу мақбараларга келиб дардларига даво исташар эканлар. Қабрлардан 200 қадамча нарида “туя булоқ” деб аталадиган шифобахш суви йил буйи шилдираб оқиб турадиган булоқ бор. Маҳаллий оқсоқолларнинг айтишича, шу жой саларларнинг Самарқанддан келган илк манзили бўлиб, Оқман ва Қораманнинг оқ туяси шу булоққа келиб тўхтаган, тўйиб-тўйиб сувдан ичган, янги ватаннинг жойини белгилагандек, шу ерда жон берган. Туянинг вужуди оқ тошга айланган, ўркачидаги Қуръон эса тошнинг буртиб турган жойида пайдо бўлиб, атрофга товлана бошлаган.

2-расм. Цзеци масжиди.

Саларларнинг бош юмуши – буғдой, арпа, томорқада озиқ – овқат маҳсулотлари етиштириш, қорамол, қўй, от, қўтос боқиш, ҳунармандчилик, темирчилик, кулолчилик билан шуғулланиш. Хитойда саларларнинг ошхона ва ресторанлари тотликда барчага манзурдир, Бухоро дўппилари, жойнамозлар, миллий кийимлар ишлаб чиқаришига мўлжалланган “Qinghai Yijia Bukhara Group Limited company” МЧЖсининг маҳсулотлари Хитойдан ташқаридан ҳам машҳур ва харидоргир.

Қишлоқдаги саларлар уйларини кўпроқ сув бўйларида қуришади. Уларнинг орасида яқин-яқингача даҳлизи бўлган тўрт бурчакли пахса уйлар ҳам бўлган. Ётар уйининг деярли ярмини ердан кўтарилган супача эгаллаган. Бу супача устида ухлашган, хонтахтада тамоқ (овқат) ейишган. Саларларнинг уйларида сандиқларнинг бўлиши одатий ҳол.

Кундалик ҳаётда эркаклар куйлак-иштон, камзул, бошларида қалпоқ, аёллари узун халат ва иштон кийишади. Қишда пахтадан тикилган чопон ёки қўй терисидан қилинган тулуп ёпинишади. Тандирда ўзбекча нон ёпишади, лағмон, ширчойни кўп истеъмол қилишади.

ХХР ташкил бўлгандан кейин, 1954 йили Сюньхуа автоном ўлка мавқейига эга бўлди, эл салар миллати сифатида расмий қайд этилди. 1980 йили автоном вилоят Чиши-баоань-дунсян-салар автоном вилояти деб аталди. Ҳудуд майдони икки минг юз кв. м. бўлиб, денгиз сатҳидан 2 минг метр юқорида жойлашган.

Аждодлари самарқандликлар бўлган саларлар ХХРнинг бошқа халқлари қатори ўз ўлкаларининг ҳақиқий тенг ҳуқуқли эгаларига айланишган. Улар миллий автономия ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланиб, халқ хўжалигини ривожлантиришга, экономикасининг доимий равишда ўсишига, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш ва турмуш шароитини яхшилашга эришмоқдалар. Бу маълумотлар қадимдан ўзбек ва хитой халқлари орасида ҳар жиҳатдан яқин алоқалар бўлганлигини, борди-келдилар анъанавий тус олганлигини англатади.

Эркин МУСУРМОНОВ,

Самарқанд давлат чет тиллари

институти профессори,

филология фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?