Бизнесни ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган муҳим ўзгаришлар назарда тутилиб, айрим солиқ ставкалари пасайтирилмоқда
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама этилди.

Қонун билан амалдаги Божхона ва Солиқ кодексларига, «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Таъкидланганидек, Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ қўшилган қиймат солиғи ставкаси (ҚҚС) 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилмоқда. Бу имтиёз натижасида тадбиркорларнинг ихтиёрида 14 трлн сўм миқдорда маблағ қолиб, ундан ўз фаолиятларини янада кенгайтиришда фойдаланишлари мумкин.
Айланмадан олинадиган солиқ ставкаларни, 4 фоизлик ягона ставкани сақлаб қолган ҳолда 14 та фаолият тури бўйича 4 фоиздан 25 фоизгача унификация қилинмоқда.
Шунингдек, айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларга товар айланмаси 500 млн сўмгача бўлганда йилига 20 млн сўм, 500 млн сўмдан юқори бўлганда 30 млн сўм миқдорида қатъий белгиланган солиқни ҳар ойда тенг улушларда тўлашни танлаш ҳуқуқи берилмоқда. Бунда солиқ тўловчилар бухгалтерия ҳисобини мажбурий юритиш ва айрим ҳисоботларни топшириш ҳамда соф фойдасидан дивиденд солиғини тўлашдан озод этилади.

Қонунда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган муҳим ўзгаришлар назарда тутилиб, товар айланмаси 1 млрд сўмдан ошган кичик бизнес тоифасига кирувчи тадбиркорлар учун 1 йил давомида фойда солиғи ставкасини 2 бараварга пасайтирилиши белгиланмоқда. Кичик бизнесдан ўрта бизнес тоифасига ўтган тадбиркорлар учун 2 йил давомида фойда солиғи ставкаси 2 бараварга пасайтирилмоқда.
Солиқ тўловчиларга қўшимча енгилликлар яратиш мақсадида 2023 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар ўз даромадларини ипотека кредитларини қоплашга йўналтирганда солиққа тортилмайдиган даромадлар миқдорини амалдаги 15 млн сўмдан 73,6 млн сўмгача оширилмоқда.

Экспорт қилишдан олинган даромадлар ҳажмининг улушидан қатъий назар (амалда даромаднинг 15 фоизидан кўпроғини ташкил этса), экспорт қилинган товарлар (хизматлар) қисмига нисбатан фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ солинмаслиги белгиланмоқда.
Солиқ қарзини мол-мулк ҳисобидан ундиришга қаратишнинг белгиланган муддати амалдаги 30 кундан 60 кунгача узайтирилмоқда.
Шунингдек, кичик ва ўрта бизнес тоифасига кирувчи тадбиркорлар учун солиқ тўловларини 6 ойга фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилмоқда.

Бундан ташқари, бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер солиғининг базавий ставкалари, акциз солиғи, айрим солиқлар бўйича ставкалар инфляция даражаси доирасида индексация қилинмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг