“Биз ғалаба қозонмагунимизча тўхтамаймиз” — Исроил Бош вазири АҚШнинг сулҳ эълон қилиш таклифини рад этди

01:07 04 Ноябрь 2023 Дунё
294 0

Фото: GPO / Forum

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяхуни тинч аҳолини хавфли ҳудудлардан олиб чиқиш учун гуманитар сулҳ ташкил этишга ундади. Исроил ҳукумати раҳбари эса бу таклифни рад этди.

“Биз ғалаба қозонмагунимизча тўхтамаймиз”, деди Нетаньяху.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга 2023 йил 3 ноябрда келди. Бу унинг ҲАМАС Исроилга ҳужум қилганидан бери учинчи ташрифи ҳисобланади.

Блинкен Исроил расмийлари билан учрашди ва кейин уларни “гуманитар танаффус” қилишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, бу Ғазо секторига кўпроқ гуманитар ёрдам етказилишига имкон берадиган келишув бўлиши керак.

АҚШ Давлат котиби Қўшма Штатлар Исроилнинг ҲАМАСга қарши аксилтеррор операциясини қандай олиб бораётгани ҳақида қайғуришини айтди. У, шунингдек, мамлакат Фаластин тинч аҳолисини ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилиши кераклигини таъкидлади.

АҚШ Давлат котиби Исроил ҳукумати Ғазони босиб олишни истамаслигини тўғридан-тўғри эълон қилиши кераклигини ва минтақада тинчлик фақат икки давлат — Исроил ва Фаластин доирасида ҳукмронлик қилиши мумкинлигини алоҳида таъкидлади.

Бош вазир Бенямин Нетаньяху Блинкенга янада радикал позициядан жавоб берди. Хусусан, у барча гаровга олинганлар қўйиб юборилмагунча сулҳ ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлади.

“Ва бу ҳолатда ҳам Исроил расмийлари Ғазо секторига ёқилғи олиб ўтишга рухсат бермайди”, дея қўшимча қилди у. Бош вазирнинг таъкидлашича, Исроилнинг ғалабаси шунчалик кескин ва равшан бўладики, у асрлар давомида акс садо беради.

Ғазо секторидаги қарама-қаршилик шу йилнинг 7 октябрь куни бошланди. Шу куни эрталаб ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақса тўфони” деб номланган ҳарбий операция бошлади ва ҳаводан зарбалар берди. Минглаб жангарилар яҳудийлар давлати ҳудудига бостириб кириб, ўнлаб ҳарбий техника ва юздан ортиқ инсонни гаровга олди.

Шундан сўнг Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху мамлакат уруш ҳолатида эканлигини эълон қилди. Мамлакат мудофаа кучларининг жавоб операцияси “Темир қиличлар” деб аталди ва унинг мақсадларидан бири ҲАМАСни йўқ қилиш ҳисобланади.

2023 йил 28 октябрда Исроил Ғазода қуруқликдаги операцияни бошлади. Яқин Шарқда навбатдаги эскалация бошланганидан бери Ғазо секторида ҳалок бўлганларнинг умумий сони 9227 нафарга етди.

Бу ҳақда “Al Jazeera” телеканали Фаластин анклавининг соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб берди.

Расмий идора маълумотларига кўра, қурбонлар орасида 3826 нафар бола ва 2405 нафар аёл бор. Яна камида 23 516 киши тан жароҳати олган.

Аввалроқ, Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзининг “Телеграм” ижтимоий тармоғидаги каналида 7 октябрдан буён Ғарбий Соҳилда ҳалок бўлган фаластинликлар сони 143 нафарга етганини маълум қилган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?