«Биз энди уларни қабул қила олмаймиз» — Европаликларнинг украиналик қочқинлардан сабр-косаси тўлдими?

15:43 21 Ноябрь 2025 Дунё
94 0

Фото: Jeff J Mitchell / Getty Images

2025 йил август ойи охирида Украина ҳукумати 23 ёшгача бўлган эркакларга давлат чегарасидан эркин ўтишга рухсат берди. Муддатли ҳарбий хизмат ёши эса 18 ёшга тушириш ҳақидаги гап-сўзлар орасида бу яна бир эмиграция тўлқинига олиб келди. Бироқ, янги қочқинлар энди Европада қабул қилинмаяпти: бир қатор Европа Иттифоқи мамлакатлари сиёсатчилари украиналик муҳожирлар учун имтиёзларни бекор қилишга чақирмоқдалар. Польша эса ҳатто уларни ўз ватанларига депортация қилишни ҳам таклиф қилди.

Нима учун Европа Иттифоқида украиналик қочқинлар учун вазият ёмонлашди? Европа раҳбарлари сўнгги миграция инқирозини енгиб ўтиш учун қандай чораларни таклиф қилмоқда? Бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Қуйида шулар хусусида.

Украиналик қочқин Берлиндаги собиқ Тегел аэропортидаги вақтинчалик бошпана ва қабул қилиш марказининг ошхонасида, Германия, 2023 йил 19 май.

Ҳозир Европада қанча украиналик яшамоқда?

Украинадаги можаро бошланганидан бери миллионлаб украиналиклар Европа мамлакатларига қочиб ўтишди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирда 6,3 миллион нафардан ортиқ украиналик Европада яшамоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармасининг маълумотларига кўра, 2022 йилдан бери Германияга 1,4 миллион, Польшага 1 миллион, Чехия Республикасига 400 000, Буюк Британияга 250 000 ва Испания 235 000 нафар украиналик муҳожирлар келган. Ушбу давлатлар энг кўп украиналикни қабул қилиш бўйича етакчи бўлиб турибди. Бундан ташқари, баъзи мамлакатларда украиналик қочқинлар аҳолининг жуда катта қисмини ташкил қилмоқда. Масалан, аҳолиси кам Чехияда улар ушбу мамлакат умумий фуқароларининг қарийб 5 фоизини ташкил этмоқда.

Таъкидланишича, 18-22 ёшдаги украиналиклар учун чегаралар очилгандан сўнг, Европа мамлакатларида қочқин мақомини олиш учун сўровлар сони сезиларли даражада ошган. Масалан, Германияда аризалар сони ўн баравар кўпайди. Муҳожирларнинг ҳақиқий оқими эса ёзги мавсумга нисбатан 70-100 баравар ошди.

Шу шароитда ҳам Европа Иттифоқи 2022 йил март ойида қабул қилинган ва ҳар йили узайтириладиган украиналик қочқинлар учун вақтинчалик ҳимоя чораларини амалга оширишда давом этмоқда. Яъни ҳеч қандай махсус ҳужжатларсиз Украина паспорти эгалари Европа Иттифоқида қонуний яшаш учун рухсат олмоқдалар ва ўқиш, ишлаш, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлмоқдалар.

Украиналик қочқинлар Краков автобус бекатида, Польша, 2022 йил 29 март.

Украиналиклар Европа Иттифоқида қандай қийинчиликларга дуч келишмоқда?

Европа Иттифоқи расмийлари украиналик қочқинларнинг интеграцияси муваффақиятли давом этаётганини таъкидламоқда. Масалан, Чехия Республикасида кўплаб украиналиклар янги ҳаёт бошлаганликлари, ишлаётганликлари ва барча ижтимоий нафақаларни қоплайдиган солиқларни тўлаётганликлари айтилмоқда.

«Меҳнатга лаёқатли муҳожирларнинг аксарияти иш топдилар, оддий ижарага олинган квартираларда яшайдилар ва уларнинг фарзандлари мактабда ўқийдилар», — дея Прага радиоси ушбу мамлакатдаги украиналикларнинг аҳволини тасвирлайди. Аммо радио кўплаб муҳожирлар паст малакали ишларда ишлашга мажбур бўлаётганини ҳам қўшимча қилади. Бундан ташқари, расмий маълумотларга кўра, қочқинларнинг ярмидан камроғи Чехияда иш топган.

Чехия Меҳнат ва ижтимоий ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, вақтинчалик ҳимоя мақомига эга бўлган Украина фуқароларининг атиги 40 фоизи расман иш билан таъминланган.

Бошқа томондан, украиналик муҳожирлар сўнгги пайтларда тобора кўпроқ жиноят қурбонларига айланмоқда.

Шу йилнинг октябрь ойида Дублинда ўлдирилган 17 ёшли украиналик Вадим Давиденконинг иши алоҳида эътиборни тортади. Йигит вояга етмаган бошпана изловчилар учун давлат томонидан бошқариладиган ҳибсхонада қўшниси бўлган сомалилик томонидан шафқатсизларча пичоқлаб ўлдирилган.

Жанжал умумий ошхонада бўлиб ўтган: украиналик нонушта учун бекон ва тухум тайёрлаётган эди — бу диний сабабларга кўра чўчқа гўштидан тийиладиган сомалиликнинг ғазабини қўзғатган.

Ўша ойда Польшада яна бир воқеа содир бўлган. Вроцлавда бир гуруҳ ўсмирлар украиналикни калтаклашган, сочини қириб олишган ва юзига нацистлар рамзларини чизишган. «Бутун воқеа жабрланувчини шарманда қилиш учун видеога олинган», деб хабар берганди RMF24. Бироқ, кейинчалик муҳожирга ҳужум қилганлар ҳам украиналиклар эканлиги маълум бўлди.

Умуман олганда, тобора кўпроқ украиналик муҳожирлар уларга нисбатан муносабат ўзгараётганини ҳис қилмоқдалар.

«Одамлар хавотирда. Улар келажакда нима бўлишини билишмайди», — дейди Еленя-Гора муниципалитетида (Польша) украиналик қочқинларга ёрдам координатори Татьяна Карцева.

Украиналик қочқинлар Польшанинг Варшава шаҳридаги Пентекостал черковида поляк тили дарсида қатнашмоқдалар, 2023 йил 9 февраль.

Германия украиналик қочқинлар учун имтиёзларни чекламоқда?

Германияда ҳукмрон коалиция аллақачон иш марказларига бормайдиган ва мамлакатда иш топишга тайёр бўлмаган украиналиклар учун асосий ишсизлик нафақасини камайтириш ва ҳатто бекор қилишга рози бўлган.

«Биз ёш украиналикларнинг ўз ватанларини ҳимоя қилиш ўрнига Германияда вақт ўтказишидан манфаатдор эмасмиз», — дейди Христиан демократик иттифоқидан депутат Юрген Ҳардт.

Ҳукуматнинг ушбу қарори Германия жамияти томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу борада ўтказилган сўровда иштирок этганларнинг учдан икки қисми украиналиклар бундай нафақаларни олмаслиги керак, деб ҳисоблашган. Яна шунчаси қочқинлар ўз ватанларига қайтишлари керак, деб фикрни билдирган.

Шу билан бирга, мамлакатда янада радикал чоралар кўришга чақириқлар эшитилмоқда. Масалан, Бавария бош вазири ва Христиан ижтимоий иттифоқи етакчиси Маркус Зедер нафақат ўз минтақасида ва Германияда, балки Европа Иттифоқи даражасида ҳам ёш украиналик эркакларнинг киришини чеклаш зарурлигини таъкидлади.

«Агар Украинадан кўпроқ ёш йигитлар ўз ватанларини ҳимоя қилиш ўрнига Германияга келса, бу ҳеч кимга ёрдам бермайди», — дейди Маркус Зедер.

Украиналик қочқинлар Прземйшл темир йўл станциясида, Польша, 2022 йил 3 апрель.

Польша ҳам шундай фикрга хайрихоҳ

Польша расмийларининг айтишича, мамлакат энди қочқинларни қабул қилишга тайёр эмас.

«Биз аллақачон чегарадамиз. Биз бошқа ҳеч кимни қабул қила олмаймиз», — дейди Польша президенти маъмуриятидаги Халқаро сиёсат бюроси раҳбари Марчин Пшидач мамлакат минтақаларида Украина геттоларининг яратилишидан қўрқаётганини қўшимча қилиб.

«Биз одатда очиқ жамиятмиз, аммо вазият кўлами маданиятлаштириш имкониятларидан ошиб кетганда, муаммолар пайдо бўлади ва биз Польшада бундай муаммоларни хоҳламаймиз», — дейди сиёсатчи.

Польшанинг собиқ бош вазири Лешек Миллер ҳам украиналикларнинг ўз ватанларига мажбуран қайтарилиши ҳақида гапирди. У ёш украиналик қочқинларни Польша ҳукумати Украина Қуролли Кучларига совға қилиши мумкин бўлган «қурол» деб атади.

Шу билан бирга, мамлакат расмийлари ҳам аниқ чоралар кўрмоқда. Шу йилнинг октябрь ойидан бери украиналикларнинг бепул тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти сезиларли даражада чекланган ва фақат энг заиф қочқинлар гуруҳлари жамоавий марказларда яшашга рухсат берилган. Шу билан бирга, муҳожирларнинг ҳақиқий даромадларини яширмасликлари учун уларнинг пул ўтказмалари устидан назорат кучайтирилмоқда.

Ўз навбатида, польшаликларнинг 50 фоизи украиналиклар Польша ҳукуматидан жуда кўп ёрдам олаётганини таъкидлаган.

Польшанинг Варшава шаҳридаги Лаудер Мораша мактабидаги украиналик қочқин болалар, 2022 йил 28 июль.

Бошқа мамлакатларда муносабат қандай?

Шу йилнинг октябрь ойи бошида бўлиб ўтган Чехия парламент сайловларида украиналик қочқинларга ёрдам бериш асосий масалага айланди.

Мухолифатдаги АNО («Норози фуқаролар ҳаракати») партияси етакчиси ва собиқ бош вазир Андрей Бабиш Петр Фиаланинг ҳукумати «чехлардан кўра Украина ва украиналиклар ҳақида кўпроқ қайғурмоқда» дея таъкидлади. Дарҳақиқат, шу йилнинг август ойида Чехия ҳукумати даромади яшаш минимумидан ошмайдиган қочқинлар учун гуманитар ёрдамни оширганди.

Натижада Бабиш ҳаракати сайловларда ғалаба қозонди ва украиналик муҳожирларни қўллаб-қувватлашга шубҳа билан қарайдиган бошқа ўнг қанот партиялари билан ҳукумат тузмоқда.

Латвия украиналиклар учун тўлов ва имтиёзларни қисқартиришни таклиф қилмоқда. Мамлакат ҳукумати ишга киришдан олдин бериладиган нафақа, бепул жамоат транспорти ва тиббий хизматдан фойдаланиш каби бир марталик тўловни бекор қилмоқчи. Натижада ушбу мамлакатда украиналик қочқинларни қўллаб-қувватлаш ҳажми 25 миллион еврога камаяди.

Австрия пойтахт Венадаги украиналик қочқинлар учун сўнгги қабул қилиш марказини йил охирига қадар ёпишга ваъда берди. Шаҳар маъмурияти энди украиналикларни уй-жой билан таъминлаш имкониятига эга эмаслигини тан олган.

Швейцария Ғарбий Украинадан қочқинларни қабул қилишни тўхтатишини эълон қилди. Расмийлар ҳатто Украина минтақалари хавфсизроқ бўлиб қолганига ишора қилиб, аллақачон ҳимоя мақомини олганларни депортация қилишга ҳам тайёр.

Европа Иттифоқи эса украиналикларни қўллаб-қувватлашни қайта кўриб чиқмоқда. Украина 2027 йилдаёқ украиналик қочқинлар учун Европа Иттифоқи дастурларини тугатиш режасини эълон қилди ва энг заиф муҳожирларни қайтариш учун тайёргарлик кўришга чақирди.

«Украина, Европа ҳамкорлари билан биргаликда, украиналик қочқинларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги директивани бекор қилиш жараёни адолатли, олдиндан айтиб бўладиган ва одамларнинг танловига ҳурмат асосида бўлишини таъминлаш учун кейинги қадамларни мувофиқлаштирмоқда», — дейди Украина адлия вазирининг ўринбосари Илона Гавронская.

Германиянинг Берлин шаҳридаги украиналик қочқинларни қўллаб-қувватлаш бўйича хайрия бозори, 2024 йил 19 февраль.

Бу масалада экспертларнинг нима дейди?

«Украиналик қочқинлар аллақачон кўплаб Европа Иттифоқи мамлакатларида катта муаммо сифатида қабул қилинмоқда», — дейди «Прогрессив сиёсат жамғармаси» директори Олег Бондаренко.

Унинг қўшимча қилишича, муҳожирлар бир неча йиллардан бери Европа Иттифоқида яшаётган бўлишса-да, улар ҳали ҳам Европа мамлакатларидан яшаш учун рухсатнома ёки паспортга эга эмаслар.

«Европа мамлакатлари учун вақтинчалик мақомга эга бўлган миллионлаб украиналик қочқинлар ҳал қилиниши керак бўлган катта муаммо эканлиги аниқ», — дейди у.

Шунга қарамай, сиёсатшуноснинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи ҳозирда украиналикларнинг қочқин сифатида қолиш муддатини узайтириш бўйича қарорни кечиктирмоқда. Аммо вақти келиб улар ўз сиёсатини ўзгартиришади.

«Эртами-кечми, улар қочқин мақомини йўқотишлари мумкин, кейин эса ҳужжатларни олиш учун мурожаат қилишлари керак бўлади ва бундай одамлар миллионлаб бор», — дейди Бондаренко.

Бундан ташқари, агар украиналик қочқинлар ўз мақомларини сақлаб қолишса ҳам, турли Европа Иттифоқи мамлакатлари улар учун ижтимоий имтиёзлардан воз кечишга мажбур бўладилар. Экспертнинг қўшимча қилишича, бу ҳозирда уларнинг бюджетига жиддий юк бўлиб бормоқда.

«Бу тўловлар Европа Иттифоқи бюджети учун катта харажатдир ва аста-секин турли мамлакатлар уларни бекор қилади», — дейди Бондаренко.

Бироқ, украиналик қочқинлар учун имтиёзларнинг бекор қилиниши уларнинг уйга қайтишига олиб келадими ёки йўқми, номаълумлигича қолмоқда.

«Энди ҳамма нарса мумкин», — дея хулоса қилади «Прогрессив сиёсат жамғармаси» директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер