«Биз бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!»

11:20 23 Июль 2024 Жамият
135 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги олдидан мазкур шиор остидаги маънавият фестивали доирасида Самарқанд вилоятида ҳам таниқли шоирлар, ёзувчи ва олимлар, санъаткорлар иштирокида ижодий учрашувлар, хайрия тадбирлари, концерт дастурлари бўлиб ўтмоқда.

Пойтахтдан келган тарғиботчиларнинг бир гуруҳи Пастдарғом туманидаги жазони ижро этиш муассасасига борди.

— Бу учрашув кутилмаган байрам туҳфаси бўлди, — дейди жазони ўтаётганлардан бири. — Муассасага Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова ҳамда бир гуруҳ машҳур инсонлар келди. Уларни фақат телевизор, интернет орқали кўрганман.

Фестиваль тумандаги 125-мактабда уч авлод вакиллари учун ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир билан давом этди.

Нуробод туманида ҳам фестиваль доирасида «Ватан мадҳи» номли концерт дастури ташкил этилди. Тадбир иштирокчилари «Халқобод» маҳалласида яшовчи Сафаровлар хонадонига ташриф буюриб, оилавий ютуқлари билан танишишди.

2024 йил Сафаровлар оиласи учун улкан муваффақиятли келди. Самарқанд давлат чет тиллар институти 1-босқич талабаси Райҳона Тошмуродова Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган «Китобхон ёшлар лигаси» онлайн танловида Республика миқёсида фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Жасмина Тошмуродова Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Амир Темур таваллудининг 688 йиллигига бағишлаб ўтказилган «Соҳибқирон Амир Темур» кўрик-танловида 200 мингдан ортиқ билимдонлар орасида фахрли 2-ўринни эгаллади. Бундан ташқари, Жасмина «Зукко китобхон» кўрик-танловининг 2 карра 2-ўрин соҳибаси ҳисобланади.

Ахрор ва Сардор Тошмуродовлар ҳам «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказилаётган «Зукко китобхон» танловида жами 5 марта ( 3 марта 1-ўрин, 2 марта 2-ўрин) ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин эгаллаган.

Сафаровлар оиласининг энг кичик аъзоси Шабнам Тошмуродова дастлаб Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси томонидан ташкил этилган «Маҳалладаги китобхон» танловида Республика миқёсида фахрли 1-ўринни эгаллаб, Республика ғолиби деган шарафли номга сазовор бўлди. «Зукко китобхон» кўрик-танловида ҳам ғолибликни қўлга киритди.

27 июлга қадар жойларда «Оила — маънавият қўрғони», «Меҳр — мурувват ва саховат учун», «Ватан мадҳи», «Инсон қадри», «Маҳаллада кино», «Заковат» интеллектуал ўйини, «Ҳунармандлар ва тасвирий-амалий санъат кўргазмаси», «Зукко Болажон!» лойиҳалари ҳамда спорт мусобақалари ташкил этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?