Бир ниҳол экдингми Ватан боғига...

10:42 15 Май 2022 Маданият
1153 0

Фото: Архив сурат

15 май — Абдусаид Кўчимов таваллуд топган кун

Таниқли шоир ва ёзувчи, журналист Абдусаид Кўчимов бугун умрининг 71 баҳорини кутиб олди. Ҳаёт довонларидан омон-эсон ошиб келаётган ижодкор бугун қадрдонлари, яқинлари ва шогирдлари ардоғида, энг асосийси сўз билан, ижод билан бирга.

Шоир шеърлари ўзига хос оҳанг, халқона руҳ ва латиф композицияга эга, фалсафий мушоҳадаларга бой. Ижодкор қайси мавзуни қаламга олмасин, бошқалардан фарқли фикр айтишга, ҳеч кимникига ўхшамаган нозик ташбеҳлар топишга — сўздан муҳташам бинолар тиклашга интилади.

Ижодкорга узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ-саломатлик ҳамда баракали ижод тилаймиз!

ЖАВОБ

Бир ниҳол экдингми Ватан боғига,

Меҳрингни тўкдингми чўл, янтоғига,

Гулларга чанг-ғубор қўнган чоғида

Арта билолдингми чангу ғуборни —

Десалар, юртдошим, жавобинг борми?

Битта ғишт қўйдингми майдонларига,

Бир васса ўйдингми айвонларига,

Бир мисра қўшдингми достонларига,

Кураб ташладингми томлардан қорни —

Десалар, юртдошим, жавобинг борми?

Кимдир узиб кетса дилбар гулларни,

Кимдир бузиб кетса сарвар йўлларни,

Кимдир эзиб кетса музтар дилларни,

Дуосин олдингми меҳрга зорни —

Десалар, юртдошим, жавобинг борми?

Уруш-жанжалларга хамиртурушлар,

Иллатфурушлару миллатфурушлар,

Афиф осмонингга қилса хуружлар,

Ҳосуд ҳақирларга тикдингми дорни —

Десалар, юртдошим, жавобинг борми?

Жавобинг бўлмаса мумтоз-мукаммал:

Қўлингда зулфиқор, белингда камар,

Дулдул тулпорингга ёр бўлса қамар —

Йўлдошинг сабъаи сайёр бўлади,

Муқаддас жавобинг тайёр бўлади.

ЭТЮД

Зангор тоғлар орасида

Нуркапалак галасидай,

Ой нурида жилоланар

Оққушларнинг боласидай.

Садафми ё шакар қаймоқ,

Ё жом тўла кумуш танга.

Ё бир этак, ё бир қучоқ

Ўрик гули — оқ аланга.

Патир-путир қилар гўё

Тўрга тушган балиқчалар.

Ипакми, оқилонми ё

Милдираган ариқчалар.

Тақсимчада чош балхитут,

Қайнаб тошган бир коса сут;

Тўдасидан ажрабми ё

Чопаётган нуқра булут.

Ойисига солмай қулоқ

Тепаликдан мисли елдай

Учаётган шўх қизалоқ

Эмасми бу — митти булоқ?

Югурганда қиқир-қиқир,

Қиқирлайди қояю қир.

Йўлларига тўшалади

Яшил дала, ўру адир.

Оҳ, булоқчам, оқ булоқчам,

Кокилларинг тарам-тарам,

Нурга тўлсин ойдин йўлинг,

Асло кўрма ташвиш, алам.

Синовларнинг ўчоғидан

Соғ-саломат ўтиб олгин.

Наҳру уммон қучоғига

Ўйнаб-кулиб етиб олгин.

Абдусаид КЎЧИМОВ

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер