Бир маҳаллада 68 та корхона фаолият кўрсатмоқда

12:04 05 Июль 2023 Жамият
365 0

Фото: “Халқ сўзи”

Юртимизнинг ҳар бир ҳудудида тадбиркорлик, кичик-бизнеснинг ривожланиши, аввало, ўша ҳудуд фаровонлиги, хизмат кўрсатиш ва сервиснинг ривожланиши, қўшимча иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда. Буни Шаҳрисабз туманидаги Хонтепа маҳалласида фаолият кўрсатаётган кичик бизнес субъектлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Айни пайтда 2417 нафар аҳоли истиқомат қилаётган ихчамгина маҳаллада 68 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Бу маҳалладаги деярли ҳар етти хонадондан бири ўз корхонасига эга, деганидир. Хусусан, 39 та корхона қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошираётган бўлса, 29 та корхонада 50 турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Ана шундай субъектлардан бири “Фатҳиддин Азизов” хусусий корхонаси 2021 йилда яхна ичимликлар ишлаб чиқариш билан ўз фаолиятини бошлаган бўлса, жорий йилда яна иккита лойиҳа амалга оширилди.

— Дастлабки лойиҳамиз яхши самара бергач, бу йил тоза сув ишлаб чиқаришга ихтисослашган яна бир замонавий технологияни харид қилиб, ишга туширдик, — дейди корхона раҳбари Камолиддин Набиев. – Шунингдек, ош тузини тозалаб, қадоқлаш ҳам йўлга қўйилди.

Маҳалладаги яна бир корхона — “Кеш Фамоус” масъулияти чекланган жамиятида эса замонавий темир дарвозалар ҳамда темир панжаралар ишлаб чиқарилмоқда.

— Маҳсулотимиз қисқа вақт ичида ички бозорда ўз ўрнига эга бўлиб улгурди, мижозлар ишончини қозондик, — дейди жамият раҳбари Шавкат Каримов. – Натижада корхонамизда ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ўтган йили 100 миллион сўмдан зиёд соф даромад олдик, бу йил эса янада юқорироқ маррани кўзлаб меҳнат қиляпмиз.

Эътиборли томони, маҳалладаги 68 та субъектнинг ҳар бирида ўнлаб йигит-қизлар иш билан банд. Улар шу ерда меҳнат қилиб, даромад топмоқда.

— Бундан ташқари, маҳалламизда оилавий тадбиркорлик ҳам ривожланиб бормоқда, — дейди Хонтепа маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Илҳом Исаев. – Хусусан, 245 та хонадон биогумус тайёрлашни йўлга қўйган. Улар бу юмушдан яхши даромад топяпти. Келажакда шу тармоқни маҳалланинг ўсиш нуқтасига айлантирмоқчимиз. Қолаверса, яна юздан ортиқ хонадон асаларичилик, паррандачилик ва чорвачилик билан шуғилланяпти. 504 та хонадондан 440 тасининг ўртача 6 сотихдан томорқаси бор. Улар асосан саримсоқпиёз, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб, яхши даромад олмоқда.

Халқимизда “Интилганга толе ёр” деган нақл бор. Хонтепа маҳалласининг тадбиркор, ташаббускор фуқаролари бугун ўзларининг ишбилармонлиги, ҳалол меҳнати ортидан фаровон ҳаёт кечиришмоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?